Тиббиёт соҳасида бошланган ислоҳотлар самара бермоқда

02.11.2021 09:11:05

Дунёда айрим касб эгалари борки, уларнинг меҳнат фаолияти бевосита бутун бир инсоният ҳаёти, турмуш тарзи ва жамият ривожи билан бевосита даҳлдор. Ана шундай касблардан бири бу — шифокорлик касбидир. Улар ўз ҳаётини инсоният саломатлигини асрашдек ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаб келмоқда.

Айниқса, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида шифокорларимиз чин маънода чинакам саломатлик посбонлари бўлиб майдонга чиқишди. Айнан уларнинг мардоновар меҳнатлари сабаб бугун инсоният аста секинлик билан бўлсада Covid -19 устидан ғалаба қозонишга муваффақ бўлмоқда.

Юртимизда ҳам шифокорлар меҳнатини қадрлаш ва улар учун муносиб бўлган шароитларни яратиб бериш, аҳоли саломатлигини асрашда соҳага энг замонавий технологияларни кенг тадбиқ этишга доимий равишда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратиб келинади.

Хусусан, сўнгги беш йилда соҳа ривожида амалга оширилган ислоҳотларнинг кўлами ҳар қачонгиданда кенгайди. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг барча босқичлари, хоҳ у олис бир қишлоқнинг тоғли ҳудуди, хоҳ шаҳар маркази бўлсин барча фуқаролар учун бирдек шарт-шароит яратиб берилди.

Ўтган беш йил ичида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган 226 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат жумладан, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ҳаётимизга тадбиқ этилиши натижасида, нафақат аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошди, шу билан бирга, тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари ҳам 3,3 баробарга оширилди ҳамда тиббиёт ходимларининг мажбурий меҳнатига барҳам берилди.

Жумладан, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш мақсадида Президентимизнинг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ умумий амалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокор этиб қайта номланди.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб қайта номланиб, фаолияти янги босқичга кўтарилади. Уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилиши белгиланди.

Тез тиббий ёрдам хизматининг сифат самарадорлиги ортиши кўплаб инсонлар ҳаёти сақланиб қолишига замин яратди. Тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантириш, унинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, бу йўналишда тезкор, технологик ва самарали фаолият кўрсатишга эришиш мақсадида “2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар дастури” бўйича зарурий тадбирларни бажариш белгиланди ва тез тиббий ёрдам хизматини ривожлантиришга амалий кўмаклашиш ва унинг моддий-техника базасини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида алоҳида тузилма Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди .

Тизимдаги ислоҳотлар ҳамда замонавий тиббий технологиялар ёрдамида хизматнинг тезкорлиги ва натижадорлиги янада ошди. “Тез тиббий ёрдам” тизимида битта чақириққа дори-дармон учун ажратилаётган маблағ 2016 йилда 500 сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йилга 7700 сўмгача оширилди, тез ёрдам шохобчалари сони 818 тадан 1 666 тага, тез тиббий ёрдам бригадалари сони эса, 1 648 тадан 2 685 тага етказилиб, хизмат кўрсатиш радиуси 15-20 км.дан 9-12 км.гача қисқартирилди.

Тез тиббий ёрдамда “Дамас” русумли автомобиллардан фойдаланиш бутунлай воз кечиш мақсадида йил якунига қадар Республика бўйича 1000 дан ортиқ тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган Б ва С классига мансуб реанимобилларни еказиб бериш режалаштирилган. Амалда эса ушбу автомобилларни етказиб бериш ишлари бошлаб юборилди.

Тиббиёт соҳасида амалга оширилган энг катта ислоҳотларнинг яна бири бу — соҳага хусусий секторнинг жалб қилинишидир. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар натижасида нодавлат тиббиёт муассасалари сони янада кўпайди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан хусусий тиббиёт ташкилотларига 129 та тиббий ихтисосликлар бўйича лицензия олишларига имкон яратилди. Шунингдек, 2021 йилдан хусусий тиббиёт муассасаларига ҳам транспланталогия каби мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказишга рухсат берилди.

Бу каби ўзгаришлар натижасида, 2020 йилда 5805 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 6 107 тага етказилди, шундан 4 939 таси амбулатор ва 1 168 таси стационар типдаги муассасалардир.

Қувонарлиси, соҳа тараққиёти ютуғи сабаб, эндиликда кўплаб мураккаб жарроҳлик амалиётлари мамлакатимизнинг ўзида амалга оширилмоқда. Хусусан, юртимизда йилига ўртача 750 мингта жарроҳлик амалиёти бажарилмоқда. Жаҳон тиббиёти ютуқлари ўрганилиб, зарур шароитлар яратилаётгани натижасида республика марказларида қилинадиган операциялар тури 350 тага, вилоят марказларида 130 тага, туман шифохоналарида 60 тага етди. 32 та шифохонада замонавий эндоваскуляр хирургия бўлимлари ташкил этилди.

Шунингдек, 2021 йил — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” муносабати билан қабул қилинган давлат дастурида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари негизида 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиши белгиланган эди. Шу мақсадда жорий йил 26 июлда давлатимиз раҳбарининг “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бугунги кунда ҳар бири 50 ўринга мўлжалланган ушбу турдаги марказлар босқичма-босқич ташкил этилмоқда. Эътиборлиси, замонавий жиҳозланган бу марказлар юқори технологик жарроҳлик амалиётларини туманларнинг ўзида бажариш имконини беради. Бу эса, бугунги кунда бундай мураккаб жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган 500 нафар жигар, 1500 нафар буйрак трансплантациясига муҳтож беморлар учун катта имконият демакдир.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда тиббиёт соҳасининг барча тармоқларида юз бераётган ўзгаришлар, минглаб юртдошларимизга ўз вақтида камхарж ҳаражат эвазига соғлиқларини тиклаб юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишига замин яратмоқда.

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+