Тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга тайёрмизми?

20.05.2021 18:05:56

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган рақамлаштириш сиёсати мамлакат аҳолисига қулайликлар яратиш ҳамда жаҳоннинг етук тажрибаларидан фойдаланган ҳолда тиббиётни ривожлантиришни мақсад қилади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган кўплаб қарорлар ва таклифлар асосида ўтган йилги “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” Давлат дастурига ҳам тегишли бандлар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам тиббиёт соҳасига АКТни кенг жорий қилиш бўйича масалалар кўтарилди. Бу йилги Давлат дастурида ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида амалга ошириладиган ишлар асосий ўрин эгаллади.

Бугунги мураккаб пандемия шароитида соҳаларни, айниқса, тиббиётни рақамлаштириш аҳоли саломатлигини асраш, жаҳоннинг етук тажрибаларини жорий қилишда жуда ҳам долзарб саналади. Давлат дастурининг бажарилиши, соҳа мутасадди ва мутахассислари олдига қўйилган вазифалар кечиктириб бўлмасдир.

Тиббиёт соҳасига АКТни кенг жорий қилиш жараёнларини назорат қилиб бориш, бунда ахборот соҳасига оид қонунчилик амалиётини мутахассис ва масъуллар иштирокида таҳлил этиб бориш, ҳуқуқий-назарий жиҳатдан коллегиал муҳокама тадбирларини ўтказиш эҳтиёжи ҳам юзага чиқмоқда. Шунингдек, келгусида амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифларда қўл келиши мумкин бўлган зарур маълумот ва материалларни шакллантириш лозимлиги аёнлашмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси комиссияси томонидан Сирдарё вилоятида тажриба тариқасида амалга оширилаётган “Электрон поликлиника” ва давлат тиббий суғуртаси лойиҳалари ўрганилди. “Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялдари масалалари” қўмитаси томонидан тиббиёт соҳасини рақамлаштириш масалалари мунтазам равишда назорат-таҳлил тадбирлари орқали ўрганиб келинмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан тиббиёт соҳасига оид, хусусан рақамлаштириш, ахборот технологияларини кенг жорий қилишга доир  жуда кўп ҳужжатлар имзоланди. Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида эса тиббиёт тизимида 5 йўналишда жиддий ўзгаришлар амалга оширилиши таъкидланди. Бунда учинчи йўналиш рақамлаштириш соҳасидир. Соҳада рақамлаштириш бизга касаллик ташхисларини ўз вақтида ва тўғри қўйишга, беморлар сарсон бўлишининг олдини олишга, ортиқча бюрократия ва коррупциянинг олдини олишга ёрдам беради. Ва ниҳоят рақобатбардош тизимнинг шаклланиши, хорижий тажрибаларнинг кенг ёйилиши ҳам ахборот технологиялари билан боғлиқдир.

Афсуски, кўп мутасаддилар, жойлардаги раҳбарлар ҳозирча бу соҳани компьютер, планшетлар билан таъминлаш ва Интернет тармоғини тортишдангина иборат деб тушунмоқдалар. Тўғри, моддий-техника базаси яратилмай туриб, ишлашнинг иложиси йўқ, бироқ ахборот тизимини ишга тушириш, керакли платформаларни яратиш, интеграция тизимини жорий этиш,  унга мутахассислар тайёрлаш масаласи бугун асосий муаммолардан бўлиб турибди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам мамлакатда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш масаласида соҳа мутахассисларига ёрдам беришга, биргаликда муаммоларни ҳал этишга тайёр эканликларини билдирадилар.

 

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+