Тиббиётдаги ижобий ўзгаришларга ишонч ортди

19.05.2021 14:05:21

Бугунги кунда аҳоли соғлиғига мамлакат қудрати ва салоҳиятининг асосий кўрсаткичи деб қаралмоқда. Зеро, фақат соғлом аҳолига эга бўлган давлатгина кучли ва қудратли бўлиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, соғлом инсон ва халқ мислсиз ишларга қодир. Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш борасида муайян натижаларга эришилди.

Аҳолининг соғлиғини сақлаш, касалликларни профилактика қилиш, барвақт аниқлаш ва ташхислаш ишларини кучайтириш, умуман, тиббиёт тизимида аниқ самарадорликка эришиш мамлакат раҳбари томонидан соҳа олдига қўйилаётган бирламчи вазифалардан саналади. Бугунги кунда жойларда аҳоли муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида соғлиқни сақлаш тизими ҳам сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилаётганлигини ҳамда соҳада эришилаётган ижобий ўзгаришларни мамнуният билан эътироф этмоқда.

Худди шу маънода жорий йилнинг 14 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказларига борди. Республика ихтисослаштирилган Гематология илмий-амалий тиббиёт маркази аҳолига гематология ва трансфузиологик ёрдам кўрсатиш, шундай касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш, гематология соҳасида илмий изланишлар олиб боришга ихтисослашган.

Ўткир лимфобласт лейкозларни даволашдаги янги ишланмалар натижасида беморларнинг ремиссияга чиқиши ва тўлиқ тузалиши 70-85 фоизгача етмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 февралдаги қарори гематология ва трансфузиологик хизматларни ривожлантириш, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда. Ушбу қарорга мувофиқ, 2020-2024 йилларда гематология соҳасини ривожлантириш учун 546 миллиард сўмдан зиёд ва қарийб 71 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Хусусан, жорий йилда 91 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Давлатимиз раҳбари ушбу шифохона учун янги бино барпо этиш, унда Россиянинг Д. Рогачёв номидаги тиббий тадқиқот маркази тажрибаси асосида болалар онкогемотологияси маркази ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берди. У ерда ўзак ҳужайраларини донордан кўчириб ўтказиш-аллоген трансплантация йўлга қўйилади.

Президент шифохонада бўлганида бемор болажонлар ҳолидан хабар олиб, улар билан дилдан суҳбатлашди. Президент билан учрашувда "катта бўлсам "ГАИ" ходими бўламан" деган қизалоққа йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими махсус либоси, ИИВЙҲХББ фахрий аъзолик гувоҳномаси ҳамда эсдалик совғалар, шунингдек, икки йилдан буён ўнг сон орқа юзаси нейроген саркомаси ташхиси билан даволаниб келаётган қизалоққа чет элдан олиб келинадиган протез, бошқа бемор болаларга ҳам турли совғалар: китоблар, планшет ва ширинликлар тортиқ қилинди.

Болалар учун энг қувонарлиси Президентимизнинг оталарча ғамхўрлиги, ширин сўзлари, меҳри ва эътибори бўлди. Муҳтарам Президентимизнинг айни Ҳайит байрами кунларида шифохонага ташриф буюриб, оғир дард билан курашаётган болалардан ҳол-аҳвол сўраши, уларнинг кўнглини олиши туфайли болаларнинг қувончдан дардлари аригандек бўлиб, оналарнинг эса ушбу илтифотдан кўзларига ёш келди. Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бу эьтибор юртимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлиги, аҳоли саломатлигини асраш давлат сиёсати даражасида эканлигидан далолат беради.

 Музаффара АБДИЕВА,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+