Ватан ичра ватан

20.01.2022 18:01:12

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мамлакат халқи ва соҳа ходимларига байрам табригини йўллади.

Президентимиз ўз табригида Ўзбекистон армиясининг мустақиллик даврида жуда мураккаб ва шарафли йўлни босиб ўтгани, ёш давлатимизнинг ўта оғир дамларда айнан Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ҳаёти ва фаровонлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу тамойил асосида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Юртдошларимиз армиянинг ҳар томонлама ёрдами ва кўмагини ҳаётнинг барча соҳаларида, айниқса, шу кунгача давом этиб келаётган пандемия пайтида, фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этишда ҳам, асосийси бебаҳо бойлик – тинчлик ва осойишталикни асраш ва ҳимоя қилишда ҳис этмоқдалар.

Бугунги таҳликали замонда, глобаллашув ва кескин рақобат даврида, дунёнинг турли бурчакларида, жумладан, минтақамизда юз бераётган қуролли можаро ва қарама-қаршиликлар, янги таҳдид ва хатарлар олдимизга кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифаларни қўймоқда.

Бундай масъулиятни ўз зиммасига олаётган Қуролли Кучларимизнинг қудрати мустаҳкам, ҳарбийларнинг жанговор руҳи сўнмаслиги учун ўзлари ва оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояланганлиги катта аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминланиши, уй-жой муаммоларини ҳал қилиш, таълим олиш, пенсия ва сифатли тиббий таъминот соҳаларида қонун билан кафолатланган имтиёзларга эга бўлишлари масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу маънода давлатимиз раҳбарининг байрам арафасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 500 дан ортиқ ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги ташаббуслари Ўзбекистон “Адолат”СДПнинг устувор вазифалари ва сиёсий ғоялари билан ҳамоҳангдир.

Бинобарин, “Инсон қадри учун” тамойили билан йўғрилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг қатор мақсадларида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимиз қудратини ошириш асосий йўналишлардан бири эканлиги ҳам ҳарбийларга ва ҳарбийликка бўлган муносабатни, тизим ва кадрлар салоҳиятига бўлган талабни ҳам тубдан ўзгаришига шубҳа йўқ.

Зеро, ҳаётимиздаги кўпгина ўзгаришлар, янгилик ва ташаббуслар бошқалар тажрибаси билан солиштирилганда, уларнинг босиб ўтган йўли, йўл қўйган хато ва камчиликларини тўғри ва асосли таҳлил ва талқин қилган ҳолдагина олға ривожланиш, юксалиш, тараққиёт бўлади.

Ўзбекистон халқининг орияти баланд. Биз ёрдамга мухтож бўлганларга ҳеч ўйлаб ўтирмасдан ёрдамга шошамиз, елкамизни тутамиз, беминнат қўлимизни чўзамиз. Лекин бировдан ёрдам сўрашда “етти ўлчаб бир кесамиз”.

Ҳар қандай ёрдам эвазига бўладиган миннатли ош ҳалол еб ўрганган халқимиз қадриятига зиддир. Айнан шунинг учун қуролланган кучларимиз ночор ва ҳимояланмаган бўлмаслиги зарур. Чунки муқаддас Ватанни қудратли армия қўриқлайди.

Ватан ичра ўз Ватанига эга бўлиш, уни кўз қорачиғидек асраш, авайлаш – қадрини ва қаддини билган Янги Ўзбекистон ҳарбийларига хосдир.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+