Виждон эркинлигини таъминлаш йўлида

14.07.2021 18:07:46

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Асосий Қонунимизда эълон қилинган барча ҳуқуқлар ва эркинликлар инсоннинг ажралмас ҳуқуқлари деб тан олинган.

Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Лекин давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар тенгликни таъминлайди. Ушбу соҳадаги демократик ислоҳотларнинг яна бир натижаси 2021 йил 5 июль куни “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг Президентимиз томонидан имзоланишидир. Ушбу қонун биринчи марта 1991 йилда ишлаб чиқилган, 1998 йилда унга қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган эди. Вақт ўтиб қабул қилинган қонуннинг айрим нормалари эскирган ва давр талабига жавоб бермай қўйганлиги сабабли янги таҳрирдаги қонун қабул қилинди. Қонун лойиҳаси кенг жамоатчиликка эълон қилинганда 700 дан ортиқ таклифлар келиб тушганлиги ҳам ушбу соҳада ўзгаришларни ва янгиликларни киритиш давр тақозоси эканлигини кўрсатди..

Қонунда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби енгиллаштирилди, диний ташкилотлар тузиш учун ташаббускорларнинг сони 100 нафардан 50 нафаргача қисқартирилди. Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтиш учун топшириладиган ҳужжатлар сони оптималлаштирилиши, рўйхатдан ўтиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш учун берилган муддат 3 ойдан 1 ойга қисқариши, рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланиши диний ташкилотларнинг бир хил ҳуқуқий майдонда фаолият олиб боришига замин яратади.

Халқ маънавиятининг узвий қисми ҳисобланган диний таълимот фарзандларимизни тўғри тарбиялашга, уларга одоб-аҳлоқ қоидаларини сингдиришга ёрдам беради. Эътиборли жиҳати шуки, қонун билан ота-оналар ёки уларни босувчи шахслар ўзларининг фарзандларига диний амалиёт ва одоб-аҳлоқ асосларини ўқитишига ҳеч қандай тўсқинлик қўйилмаган. Демак, ҳар биримиз диний таълимни пухта ўзлаштириб, фарзандларимизга дунёвий таълим билан бирга уйда диний амалиётни ўргатишимиз мумкин.

Қонунда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалар инобатга олиниб, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилган ва уларнинг диний эътиқод билан боғлиқ қадриятлари ва анъаналари таъминланишига асос бўлади.

 

Нодира ЖАНИБЕКОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+