Янгиликлар 1964
Янги Ўзбекистон халқчил ва инсонпарвар давлат бўлиши ҳар биримизга боғлиқ
XX аср дунё адабиётининг забардаст вакилларидан бири Франц Кафка айтганидек, “Одамлар билан мулоқотда бўлиш ўзингни англашингга олиб келади”. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида ҳар ойнинг охирги ҳафтасида сайловчилар билан учрашиш бахти насиб қилаётганидан беҳад мамнунман. Сабаби, бундай учрашувлар биз, депутатларга ўз устимизда ишлашга, халқимизнинг ташвиш ва муаммоларини бартараф қилишга хизмат қиладиган мукаммал, пишиқ, пухта қонунларни ишлаб чиқишга, бир сўз билан айтганда, ўзимизга, ўз фаолиятимизга четдан туриб баҳо беришга ундайди.
Куни кеча Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимда ҳам ўз устимда ишлашга бўлган иштиёқ одатдагиданда бир неча карра ошиб кетди.
Боиси, тантанали маросимда янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлар экан, сайловчилар билан мулоқотлар пайтида билдирилган фикр-мулоҳазалар, амалий таклиф ва ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг халқчил ислоҳотларини ўзида жамлайдиган Тараққиёт стратегиясини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этишини эшитиш халқимизнинг парламентдаги вакилларидан бири сифатида мени жудаям қувонтирди. Янги Ўзбекистон эркин фуқаролик жамияти ривожланган, инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатлари таъминланган, раҳбарлари халқ билан ҳисоблашадиган давлат бўлишига ишонч ҳосил қилдим.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ватанимизнинг тақдири ва келажаги билан боғлиқ асосий масалаларни ўз ичига олган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган энг устувор вазифаларга тўхталиб ўтди. Эътиборли жиҳати шундаки, “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғояси асосида амалга ошириладиган ислоҳотлар юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши Тараққиёт стратегиясининг биринчи устувор вазифаси сифатида белгиланди.
Яқин истиқболда маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулияти янада кучайтирилади, яъни давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади. Бундан ташқари, маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилади. Ҳоким ёрдамчиси янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлади. Маҳалла раиси эса маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, оила ва маҳаллада соғлом муҳитни шакллантиришга жавоб беради.
Шу билан бирга, маҳаллаларда ёшлар масалалари билан мунтазам шуғулланадиган Ёшлар ишлари агентлигининг вакили ҳам бўлади.
Бундай ислоҳотларнинг амалга оширилиши, биринчидан, маҳалла тизими ходимларини ўз хизмат лавозимига кирмайдиган топшириқлар, ортиқча юкламалардан халос қилади. Иккинчидан, маҳалла раислари турли хил қоғозбозликлар, расмиятчиликлардан қутулади. Тан олиш керак, аксарият маҳаллаларда раислар ва уларнинг ёрдамчилари турли хил масалаларга оид ҳисоботларни тайёрлаш, фақатгина “юқоридан” бериладиган топшириқларни бажариш билан чекланиб қолиши оқибатида улар ўзларининг асосий вазифаларидан чалғишига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Учинчидан, бу ўзгариш натижасида маҳаллалардаги муаммоларга юқоридан туриб, юзаки баҳо бериш ҳолатларига барҳам берилади. Президентимиз томонидан “Ҳар бир мутасадди маҳалла ва туман ҳаётини ипидан игнасигача билиши шарт” деган аниқ ташаббус ва талаб илгари сурилар экан, Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган даъватга қўшимча равишда “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак”лигига алоҳида урғу берилди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда халқ вакиллари бўлган сенатор ва депутатлар алоҳида муҳим ўрин тутиши эътироф этилди.
Маърузада Олий Мажлисга Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтириш билан боғлиқ муҳим вазифалар қайд этилгани, биз, депутатларнинг масъулиятини янада оширади. Бундан буён, биз, халқ вакиллари сайловчилар учрашувларда аҳоли томонидан келиб тушадиган мурожаатларни назоратга олиш билан чекланиб қолмаслигимиз кераклигини ич-ичимдан ҳис қилдим. Балки, маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда мурожаатларни тизимли равишда ҳал қилиш мақсадида тегишли вазирлик, идоралар раҳбарларига аниқ ва кескин саволларни ўртага ташлашимиз, тез-тез учраётган муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича ижро ҳокимияти вакилларидан таъсирчан чоралар кўрилишини талаб қилишимиз керак.
Шу билан бирга, депутатлик корпуси халқимиз турмушини яхшилашга қаратилган таклиф ва тавсияларни бераётган фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни янада кучайтириши, биргаликда давра суҳбатлари, илмий-амалий анжуманларни ташкиллаштириши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларини ўзида қамраб олган маърузада билдирилган фикр ва таклифлар, вазифалар ҳар биримизни эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасликка, ҳали халқимиз, ҳар бир маҳалла, оила, инсон турмушини яхшилаш борасида қиладиган ишларимиз кўплигини яна бир бор ёдга солди. Демак, ҳар биримиз ўзимиз учун тўғри қарорларни қабул қилиб, енгни шимариб, халқимизга хизмат қилиш вақти келди.
Иномжон ҚУДРАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг