Янгиликлар 1662
Янги Ўзбекистон қиёфасига мос массивлар бунёд этилади
Сўнгги йилларда барча соҳа ва тармоқлар каби республикамизда ипотека тизими ҳам изчиллик билан ривожланмоқда. Натижада, аҳолини турар жойга бўлган эҳтиёжларини ўз вақтида қондириш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар ҳам тизимли равишда ҳал этиб келинмоқда.
Жумладан, ўтган давр мобайнида нафақат шаҳар марказларида, шунингдек, олис қишлоқ ва овулларда ҳам барча замонавий қулайликларга эга бўлган ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ хонадонли уй-жойлар барпо этилди. Бу 2016 йилдан олдинги даврга нисбатан қарийб 10 мартага кўп демакдир.
Хусусан, ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш, уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда муҳтож оилаларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлаш, хусусий пудрат ташкилотларини уй-жой қурилиши соҳасига кенг жалб этиш бўйича шарт-шароитлар яратиш мақсадида жорий йилнинг 11 март куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонда белгилаб берилган чора-тадбирларнинг ҳаётимизга татбиқ этилиши натижасида, аҳолига ипотека кредитларини 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йил муддатда тақдим этиш, шаҳарларда ва қишлоқ жойларда ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг сотиб олинадиган квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорида субсидиялар бериш тартиби жорий этилди.
Аммо, ушбу натижалар аҳолимизни тўлақонли уй-жой билан таъминлаш учун етарли даражада деб айта олмаймиз. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун йилига камида 100-150 мингта уй-жой барпо этилиши зарур. Хусусан, ҳар йили мамлакатимизда 300 мингга яқин никоҳлар қайд этилиши ҳисобга олинса, келгуси беш йилда бу кўрсаткич янада ортиши шубҳасиз.
Шунингдек, айрим ҳудудларда масъул шахсларнинг ўз вазифаларига бўлган эътиборсизликлари сабаб, янгидан бунёд этилган уй-жойлар атрофида муносиб инфратузилма тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иш ўринлари яратилмасдан қолиб кетмоқда. Шу боисдан, бу борада бошланган ишлар самарадорлигини ўз вақтида амалга оширилмаслиги келажакда кўплаб қўшимча ижтимоий муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Юқоридаги ҳолатларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида, куни кеча давлатимиз раҳбари бошчилигида аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда, аҳоли талаби ортиши ҳисобга олиниб, уйлар қурилиши кўлами шунга мувофиқ кенгайтириб борилиши, хусусан, ҳар бир ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилиши, ушбу массивларда 250 мингдан зиёд оила уй билан таъминланиши маълум қилинди.
Эътиборли томони, эндиликда ҳар бир массивда янги иш ўринлари яратишга қаратилган саноат лойиҳалари, хизмат кўрсатиш объектлари ва ижтимоий инфратузилма бир вақтда қуриб фойдаланишга топширилади. У ерда одамлар ҳам уйли, ҳам ишли бўлади. “Янги Ўзбекистон” массивлари қуриш учун келгуси йилда 15 триллион сўм маблағ ажратилиб, ҳудудларда 40 та ана шундай массивлар барпо этилади.
Қувонарлиси, ушбу массивларда бунёд этилган шинам ва кўркам хонадонларнинг бир қисми эҳтиёжманд оилалар учун давлат ҳисобидан харид қилинади. Яъни, биргина келгуси йилнинг ўзида янги массивларда қуриладиган уйларнинг мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун ажратиб берилади. Бунинг учун қурилиш ташкилотларига 220 миллиард сўм олдиндан тўлов амалга ошириб берилади.
Галдаги вазифа сифатида биз халқ вакиллари ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар ҳамда масъул давлат идораларнинг уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ажратиши, қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши ҳамда субсидия тўланадиган фуқароларни танлаб олиш, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар рўйхатини адолатли тарзда шакллантирилиши устидан жамоатчилик назоратини тизимли равишда олиб боришимиз зарур.
Мавлуда АТХАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
ЎзА
Фикрингизни қолдиринг