Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги бош мақсад – халқчил ва инсонпарвар давлат барпо этиш

14.01.2022 11:01:06

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Ушбу ҳужжат беш йил олдин ҳаётимизга татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегияси натижасида эришилган халқ билан мулоқот қилиш тизими орқали юрдошларимиз томонидан билдирилган ҳаётий таклиф ва ташаббусларни ўзида мужассамлаштирган бўлиб, бугунги глобаллашув жараёнида Янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида тутган роли ва ўрнини ошириш, халқ фаровонлиги, тинчлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлайдиган эркин жамият ва адолатли давлат қуришга ҳамда мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш каби еттита йўналиш ва юзга яқин аниқ мақсадларни ўзида мужассамлаштирганлиги билан янада аҳмиятлидир.

Жумладан, ушбу ҳужжат лойиҳасининг биринчи, Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш йўналишида маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, Халқ депутатлари Кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантириш каби бир қатор устувор мақсадлар белгилаб берилмоқда.

Эндиликда, ушбу мақсадларнинг ҳаётимизга тадбиқ этилиши натижасида Ҳаракатлар стратегияси доирасида вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳалқ вакиларининг юқори органи парламент олдидаги ҳисобдорлиги таъминлаган бўлса, янги беш йилликда маҳалла тизимидан тортиб энг юқори бўғингача бўлган мансабдор шахсларнинг фуқаролар олдида ҳисобдор бўлиши амалиёти йўлга қўйилиб, амалга оширилаётган ҳар бир дастур ва лойиҳалар фуқаролар билан маслаҳатлашган ҳолда ҳаётга татбиқ этилади.

Хусусан, Халқ депутатлари Кенгашларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпуси шакллантирилиб, уларнинг маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилишдаги роли оширилади. Шу билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, турмуш даражасини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва назорат қилиш бўйича масъулияти кучайтирилади.

Халқ вакили сифатида жойларда сайловчилар билан ўтказган юзма-юз мулоқотларимизда фуаролар айрим масалаларда ташкилот ва идораларга қилинган мурожатлар ортидан эшикма-эшик сарсон бўлиши, бир масаланинг ечими икки ва уч идорага тааллуқли бўлганлиги учун идоралар ўртасида саргордон бўлаётганликлари юзасидан фикр билдиришарди.

Тараққиёт стратегияси лойиҳасида назарда тутилаётган ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимининг жорий қилиниши натижасида бир-бирининг функцияларини такрорлайдиган вазирлик, ташкилот ва идоралар фаолияти тартибга солиниб, Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий масалаларни ҳал қилишдаги масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш ҳамда уларнинг стратегик йўналишларини режалаштиришга қаратилган янги тизимни яратиш белгиланмоқда. Ушбу мақсаднинг ҳаётимизга татбиқ этилиши эса юқорида таъкидлангани каби фуқароларнинг нафақат сарсонгарчилигининг олди олинишига шу билан бирга, вақт ва иқтисодиётини тежашига имконият яратиб беради.

Шу билан бирга, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этиш ҳамда айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, давлат органлари фаолиятини ўрганишда ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳамда аниқланган камчиликларни очиқ муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш белгиланмоқда.

Ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, ушбу мақсадлар ҳам сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган қурилиш, йўл инфратузилмаси, турли хилдаги Давлат буюртмаларини бажариш жараёнидаги таниш билишчилик ва коррупцион омилларнинг олди олинишига хизмат қилиб, иш самарадорлигини оширади.

Яна бир мақсадлардан бири бу, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувни чеклаш вазифасидир.

Сир эмаски, айрим жабҳаларда жойларда назоратчиларнинг қонун талабларини ноўрин талқин қилишлари натижасида хусусий мулк дахлсизлиги борасида мамлакатимиз имижига путур етказкувчи ҳолатлар ҳам учраб турмоқда. Эндиликда, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг иккинчи, Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш йўналишида белгилаб берилаётган мақсадлардан бири, хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш кафолатланмоқда. Яъни давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахсларнинг ҳуқуқини тўлақонли ҳимоя қилиш тизими жорий этилади.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси нафақат мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини шу билан бирга, унинг узоқ йиллик ривожланиш стратегиясини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади. Шунингдек, унда назарда тутилган мақсадларнинг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши, Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бугунги турмушидан мамнун бўлиб, юрт тараққиёти ва ривожидан ўзида дахлдорлик ҳиссини туйиб яшашига хизмат қилади.

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+