Ёшлар ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда Конституциянинг ўрни ва аҳамияти

07.12.2021 17:12:30

Ҳар қандай давлатнинг юзи унинг обрў-эътибори, унинг Конституцияси билан белгиланади. Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган асосий қонундир. Бош қомусимизда кўп асрлик урф – одатларимиз, анъаналаримиз, миллий мафкурамиз ва буюк аждодларимизнинг тарихий тажрибалари чуқур сингдирилганини унинг ҳар бир моддасидан англаш мумкин.

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга бўлиши, улар орасидан истеъдодли ёшларни саралаб олиш, ёшларни илмий лойиҳаларга жалб этиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қўвватлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу билан келажак авлоднинг ҳуқуқий онги ва маданияти, сиёсий билимларини оширишга кўмаклашилади.

Ёшларни қонунчилик техникаси, қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти билан таништириш, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда ватанпарварлик руҳини кучайтиришда норма ижодкорлиги жараёни такомиллашиб бораётгани муҳим аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Ёшлар парламенти” ўз фаолиятини самарали тарзда ташкил этган ҳолда, парламент томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қонун лойиҳаларида ўз фикр-мулоҳазалари ва хулосалари билдириб келмоқда. Қонун ҳужжатлари такомиллашиб боришида “Ёшлар парламенти” аъзоларининг иштироки кенгаймоқда.

Бош қомусимизда ифодаланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шу жумладан “ҳар кимнинг билим олиш ҳуқуқи ҳамда “ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги кафолатланиши оид нормалари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг барча асосий ғоя ва қоидаларини ўзига сингдирган. Хусусан, мазкур нормалар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 27-моддасида назарда тутилган “Ҳар бир инсон илмий тараққиётда иштирок этиш ва унинг самараларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга” эканлигига доир ва бошқа халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳужжатлардаги нормаларни ўзида ифода этганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.

Конституция қабул қилинган кун арафасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент конференциясини ўтказиш парламент фаолиятида ўзига хос анъанага айланиб бормоқда.

Куни кеча куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллигига бағишлаб «Миллий парламентаризмнинг шаклланиши ва ривожланишида Конституциянинг ўрни» мавзусида бўлиб ўтган парламент конференциясида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти вакиллари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзолари ҳамда бир қатор олий ўқув юртларининг талабалари иштирок этди.

Ёшлар вакилларига Конституциямизнинг яратилиши тарихи, унинг халқимиз ҳаёти ҳамда жамиятимиз ривожида тутган ўрни ва аҳамияти хусусида кўплаб маълумотлар берилди.

Мамлакатимиз Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида мужассам этилган. Бугунги кунда жамиятимиз сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг қиёфаси бутунлай ўзгариб, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани Бош қомусимизнинг ҳаётбахш қудрати ва улкан салоҳиятидан далолат беради.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан Конституциямиз туб моҳиятига чуқур сингдирилган демократия ва ижтимоий адолат, инсонпарварлик тамойилларини амалда таъминлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида Конституцияда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги принципига алоҳида эътибор қаратилиб, халқни эшитиш, муаммоларини ҳал этиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг қатъий ва ўзгармас принципига айланди.

Конституциямиз миллий мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, инсон хуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқимизнинг манфаатларини ҳимоя қилишда дастуриламал бўлиб хизмат қилиб, халқимизнинг ҳоҳиш- иродасини ўзида ифода этган асосий қонунимиз тинч ва осойишта, фаровон турмушимизнинг кафолати бўлиб келмоқда.

 

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ

масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+