Янгиликлар 4740
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда жамоат ташкилотларининг ўрни ва роли
Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш барчамиз учун ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган масаладир. Ушбу долзарб масала узлуксиз жараён бўлиб, у бир-бирига боғлиқ сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ғоявий-мафкуравий, маданий-маърифий тадбирлар мажмуасидан иборат. Бугунги кунда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Қуролли Кучларнинг умумҳарбий низомлари ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб борилмоқда.
Хусусан, “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”да “Ватанпарвар” ташкилоти базасида ёшларни меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касбларга ўқитишда кўмак бериш масъулияти юклатилган. Шу билан биргаликда уларнинг ҳарбий билим, кўникма ва малакаларини оширишда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борилиши ҳам айтилган.
Барчамизга айёнки, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси умумий тарбиянинг таркибий қисми бўлиб, ёшларда Ватанни фидокорона ҳимоя қилишга тайёрлик ва бунга қодирликни шакллантиришга йўналтирлган. Унинг маънавий-маърифий ва назарий асоси Ватанни ҳимоя қилиш тўғрисидаги замонавий тегишли илм-фан соҳаларининг хулосалари, халқимизнинг Ватан ва уни ҳимоя қилиш ҳақидаги тарихий ва замонавий амалий тажрибаси, илмий мероси ҳамда мазкур масала билан боғлиқ умуминсоний қадриятлар ва замонавий талаблар ҳисобланади.
Ёшларда мафкуравий иммунитетни кучайтириш, уларни турли ёт ғоя ва таҳдидлардан асраш, ўз мустақил фикрига эга, иродали, фидойи ва ватанпаравр инсонлар этиб тарбиялаш энг асосий мақсадлардан бирига айланмоғи лозим. Ўзбекистон Республикаси Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев таъкидланганидек, “тарбия ва таълимни бир-биридан алоҳида ажратиб бўлмайди, бу икки жараён ўзаро уйғун, узлуксиз асосда ташкил этилгандагина одобли, юксак маънавиятли, шу билан бирга, билимдон, зукко, руҳан ва жисмонан соғлом, кенг дунёқараш, тафаккур ва замонавий касб-ҳунар эгаси бўлган ватанпарвар ёшларни етиштириб беради”. Жамиятда ватанпарвар ва фидойи инсонлар кўпайиши натижасида маънавий-маърифий ҳаётда ҳамда бошқа жабҳаларда туб ижобий ўзгаришлар юзага келади.
Бугунги кунда мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишдек улуғ мақсадга эришиш йўлида асосий таянчимиз бўлган азму шижоатли ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаш ҳамда унинг тадрижий ривожланишга ватанпарвар шахс сифатида ҳисса қўшиш барча ватандошларимизнинг эзгу орзу умидларидан бирига айланмоғи керак. Дарҳақиқат, “Янги Ўзбекистон – барчамизнинг эзгу орзумиз, меҳнаткаш, тинчиликсевар халқимизнинг орзуси. Унда халқимизнинг азалий умид-ниятлари, юксалиш сари интилишлари ўзига хос тарзда акс этмоқда. Узоқ ўтмишдан ҳозирги давргача миллий тафаккуримиз негизида шаклланиб келган, турли ғоя ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топган эл-юртимизнинг орзу-умидлари бугунги кунда Янги Ўзбекистон тушунчасига жамулжам бўлди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишмизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан меҳнат қилсак, албатта ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради” – дейди Президент Шавкат Мирзиёев.
Истиқболли режалар ва туб демократик ислоҳотлар ватанпарварлик тарбиясини янгича қарашлар ва ёндашувлар асосида олиб боришни тақозо этмоқда. Биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккури ва қалбида ватанпарварлик туйғуларни шакллантириш амалиётини “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессасанс сари”, “Армия ва халқ – бир тану бир жондир”, “Бир зиёли – бир маҳаллага маънавий ҳомий”, “Ҳар бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий”, “Бир болага етти маҳалла – ота-она”, “Жаҳолатга қарши маърифат, ғояга қарши – ғоя билан курашиш”, “Биз ғурури, орияти, маънавияти баланд халқмиз”, “Янги Ўзбекистон – маърифатпарвар давлат”, “Буюк саркардаларимизнинг жасорати ва ҳарбий мероси”, “Маърифат ва диний бағрикенглик”, “Миллатнинг дардига дармон бўлмоқ – чин вазифангиздир” , “Инсон қадри учун” тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини тушинтиришдан бошлаб, миллий ғоя ва унинг мафкуравий негизларини такомиллаштиришга кўпроқ эътибор қартомғимиз лозим. Бугунги кунда ёшларни онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим ва асосий вазифалардан бирига айланмоқда. Дарҳақиқат, “Ёшларнинг тарбиясини замонавий асосда, илмий-технологик талабларини ҳисобга олиб ислоҳ қилиш, такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар учун бугунги кун эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда илмий ва маънавий асосда шакллантиришни тақозо этмоқда. Тарбияга янгича, тизимли ёндашув, болаларда таянч фазилатларни шакллантиришда оила, мактабгача таълим, умумий таълим, ўрта махсус касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари, маҳаллаларнинг ижтимой-педагогик имкониятларини тўлиқ юзага чиқариш ва улар орасида илмий-методик узвийликни янги даражада кўтариш даркор”.
Жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлаш ва давлатнинг пухта хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон учун ҳаётий зарурдир. Шуларни назарда тутиб, Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат ва халқаро муносабатларнинг субъекти сифатида ўзининг мудофаа сиёсатини барча мамлакатларнинг тинч-тотув яшаши, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, уларнинг мустақиллигини, шунингдек, давлатлараро таркиб топган чегараларнинг бузилмаслиги ва ўзгармаслигини ҳурмат қилиш принципларига асослайди. Ушбу принциплардан келиб чиқиб, Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс даврида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти кўмагида ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда ҳамда уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдиришда, миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончини кучайтиришда, турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришда салмоқли ишларни бажаришга эришади, деган умиддамиз.
Ўзбекистон Республикаси Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг таъкидланганидек, “Бугунги кунда бизнинг ҳарбийларимиз ўзларининг поофессионал тайёргарлик даражаси бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатлар армияларининг ҳарбий хизматчиларидан асло қолишмаслигини сўзда эмас, амалда исботламоқда. Халқаро ҳарбий ўқув мусобақаларида, армиялар ўртасидаги ва спорт беллашувларида Ўзбекистон вакиллари ўзларининг маҳорати, руҳан баққувватлиги, ғалабага бўлган иродасини намоён этмоқда, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканликларини яққол кўрсатмоқда. Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси бутун Ўзбекистон халқида, айниқса, ёшларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда”.
Ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси умумий таълим-тарбиянинг таркибий қисми ҳисобланади. Ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясининг асоси ватанпарварлик тарбиясидир. Шунга кўра, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси ҳар бир фуқаронинг ва ўсиб келаётган ёки авлоднинг энг кичик ёшлик даврларидан бошлаб ўзлаштириб борадиган барча таълим-тарбияси, билими, эътиқоди, дунёқарашининг ажралмас қисми бўлган ватанпарварлик тарбиясига асосланади. Ватанпарварлик тарбияси тушунчаси ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси ва таълими тушунчаларига нисбатдан кенгроқ маънони билдиради. Юқорида айтганмиздек, ватанпарварлик тарбияси ва таълими ҳар бир инсоннинг туғилган кунидан бошлаб, умрининг охиригача давом этади. “Ватан” арабча сўз бўлиб, ўзбек тилида туғилиб ўсган жой, юрт, маскан маъноларини англатади. Ушбу сўзга “лик”, “чилик”, “дош”, “гоҳ”, “нинг” қўшимчалари ҳамда “парвар”, “севар”, “дўст”, “фуруш”, “гадо” сўзлар қўшилгандан “ватангадо”, “ватандошлик”, “ватангоҳ”, “ватандош”, “ватандошчилик”, “ватандўст”, “ватандўстлик”, “ватанжудолик”, “ватанпарвар”, “ватанпарварлик”, “ватанпарварчасига”, “ватансевар”, “ватансеварлик”, “ватансиз”, “ватансизлик”, “ватанфуруш”, “ватанфурушлик” кўринишда турли хил луғавий-лексик маъноларни ифодалайди. Ўзакдош сўзлар стилистик ва эмоционал-эксперссивлигига кўра икки гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳ ижобий ва иккинчи гуруҳ сўзлар эса салбий маънони ифодалайди. Доно халқимиз бежиз айтмаган “Ватанинг тинч – сен тинч”, “Она юртинг – олтинг бешигинг”, “Она юртинг омон бўлса, ранги-рўйинг сомон бўлмас”, “Эл ғамини билган элда достон”, “Ватан гадоси – кафан гадоси”, “Ватансиз инсон – куйсиз булбул”, “Киши юртида шоҳ бўлгунча ўз элингда чўпон бўл”.
Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш — бу миллати, тили ва касбидан қатъи назар, ёшларда Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш, уларни ўз фуқаролик бурчи ва конституцион мажбуриятларини бажаришга, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қодир шахслар этиб тарбиялашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотларининг кўп босқичли, тизимли, мақсадли ва мувофиқлаштирилган фаолиятидир.“Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясида” ҳарбий-ватанпарварликнинг босқичлари ва йўналишлари аниқ ва равшан баён этилган. Шунга кўра, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси ва таълими ўзаро уйғун тарзда қуйидаги тўрт босқичда амалга оширилади:
Биринчи босқич (3—7 ёшдагилар) атрофдаги олам, Ватан ҳақида дастлабки тасаввурлар пайдо бўладиган босқич ҳисобланиб, унда оила ва мактабгача таълим ташкилотларида болаларга турли шеърлар, куй ва қўшиқлар ўргатиш, мультфильм ва турли ўйинлар намойиш этиш, расмлар чизиш орқали дунёни англаш, давлат рамзлари (байроқ, герб, мадҳия) билан танишиш асосида уларда она-юртга муҳаббатни шакллантиришни ўз ичига олади.
Иккинчи босқичда (7—16 ёшдагилар) ўқувчиларнинг Ватанга муҳаббати ва садоқатини мустаҳкамлаш, она-юрт олдидаги фарзандлик бурчини юксак масъулият билан бажариш, уларда Қуролли Кучларимизга бўлган ижобий фикрларни янада кенгайтириш, ҳарбий хизмат нуфузини кўтариш, ёшларнинг жисмонан соғлом, маънавий етук, кенг дунёқарашли, мустақил фикр юритадиган баркамол инсон сифатида шакллантириш каби эзгу ишларга даъват этилади.
Учинчи босқичда (16 — 18 ёшдагилар) ёшларда Ватанга ва унинг ҳимояси учун муносиб хизмат қилишга руҳан ва жисмонан тайёрликни таъминлашга йўналтирилади. Миллий армиямиз учун жисмонан бақувват ва маънан етук ёшлар зарурлиги, ҳарбий хизматнинг аҳамияти, Қуролли Кучларда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилади.
Тўртинчи босқич (18—30 ёшдагилар) ёшларнинг жисмоний ва маънавий қобилияти, етакчилик кўникмалари ва интеллектуал салоҳияти, умумий ва профессионал малакасини ошириш, уларни ўз устида мунтазам ишлаш, соғлом ҳаёт кечиришга ундаш ва шунга эришишни назарда тутади.
Таъкидлаш жоиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ташаббуси ҳамда қуйи палата буюртмаси асосида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар билан чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани бўйича машғулотлар самарадорлигини ҳамда чақирув ёшидаги фуқароларнинг тайёргарлик даражасини баҳолаш юзасидан 2192 нафар ёшлар орасида социологик тадқиқотлар ўтказилди.
Шунингдек, мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳи Тошкент шаҳри, Бухоро, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидаги умумий ўрта таълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитилиши ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш соҳасида олиб борилган ишларни жойига чиққан ҳолда назорат-таҳлил тартибда ўрганишди. Ўрганиш натижалари бўйича Мудофаа ва Халқ таълими вазирликлари масъул раҳбарлари, соҳа мутахассислари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти аъзолари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида кенгайтирилган мажлис ўтказилиб, унда соҳада учраётган муаммолар ва ўз ечимини кутаётган масалалар атрофлича муҳокама этилиб, қўмита томонидан тегишли қарор қабул қилинди.
Халқ таълими вазирлигининг маълумотларига кўра, ҳозирги кунда юртимиздаги 9 896 та умумий ўрта таълим мактабларда юқори синфлардаги ўқувчи-ёшларга чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани 9670 нафар ўқитувчилар томонидан ўқитилмоқда. Бугунги кунда, хусусан, Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс даврида республика миқёсидаги 10–11-синфлари бор бўлган 9812 та мактабларда “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик” фани ўқитилмоқда. Мазкур фан ўзининг мазмун-моҳияти билан ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини ҳамда ҳарбий хизмат ўташга бўлган орзу-ҳавасларини уйғотади.
“Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик” ўқув дастуридаги мажбурий фан бўлиб, умумий ўрта таълим мактабларида ва ўрта махсус таълим муассасаларида чақирувга қадар тайёргарлик ўқитувчилари томонидан битириш йили арафасидаги курслардан ёки синфлардан бошлаб ўтилади. Ушбу фаннинг ҳар бир мавзуси замирида ватанпарварлик, ўзига ишонч, бурч, содиқлик ва бошқа эзгу туйғулар мужассамлашган. Ушбу эзгу туйғуларни шакллантиришда, хусусан, умумий ўрта таълим мактабларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан 2021 йил 1 апрелдан амалиётга жорий этилган таълим муассасаларининг ватанпарварлик руҳида ёшларни тайёрлаш бўйича директор ўринбосари-ҳарбий чақириққача тайёргарлик раҳбар кадр орқали шакллантирилиб келинмоқда.
“Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш Концепцияси” нафақат ватанпарварлик туйғулари, балки миллий меросимизнинг тарихий илдизларини ўрганишга ҳамда таҳлил этиш, Ватан озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз ва жасур замондашларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Ёшларнинг қалбида, онгу тафаккурида ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш учун, бизнинг назаримизда умумий ўрта таълим мактабларида 10-11-синф ўқувчилари иштирокида олий ҳарбий билим юртларига киришдаги танлов шартларини (тиббий кўрик, жисмоний тайёргарлик, психологик тайёргарлик, тест синовлари) мужаасамлаштирган 3 босқичли кўп курашли ҳарбий спорт мусобақасини ўтказиш бўйича қўшма Низомини ишлаб чиқиш лозим. Шунга кўра, мусобақанинг 10 нафар энг юқори натижага эришган республика босқичи ғолиблари ўзи истаган олий ҳарбий билим юртларига квота асосида кириш учун йўлланма соҳибига айланди (Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти бундан мустасно). Худди шундай, кўп курашли ҳарбий спорт мусобақасини 9-синф ўқувчилари иштирокида ҳам ўтказилиб, энг юқори натижага эришган, яъни республика босқичи ғолиблари ўзи истаган “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейларига квота асосида кириш учун тегишли йўлланмага эга бўлади.
Умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида ҳар ўқув йилида “Бургутлар”, “Ёш чегарачи”, “Ёш қутқарувчи” каби ҳарбий спорт мусобақалар, 8-9-синф ўқувчилари билан “Темурбеклар” ҳарбий-спорт мусобақалари ташкиллаштирилади. Юқоридаги мусобақаларга 10-12 нафар жамоа аъзоси иштирок этиб, битта жамоа барча ҳарбий спорт мусобақага (айрим жамоаларда ўзгариш кузатилади) қатнашади, бироқ мазкур ҳарбий спорт мусобақалари вилоят босқичи билан тугайди. Ушбу турдаги ҳарбий спорт-мусобақаларининг Республика босқичи даражасига олиб чиқиш ҳамда республика ва вилоят телевиденияси орқали юқоридаги ёш ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик тушунчаларини синовдан ўтказадиган янги кўрсатув тайёрлашни, кўрсатув ҳар хил шартлардан (савол-жавоблар, жамоа бўлиб ҳаракатланиш юзасидан спорт топшириқлари) иборат бўлиб, ушбу кўрсатувга чекка-чекка туманлардаги ёшларни қатнашишларига имкон яратиб берилиши ва натижалари бўйича эълон қилиниб, ғолиб жамоалар оммавий-ахборот воситалари орқали рағбатлантириш амалиётини жорий этиш таклифини илгари сурамиз.
Халқ таълими вазирлиги ҳамда Мудофаа вазирлиги томонидан марказлашган ҳолда барча умумий ўрта таълим мактабларини чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқув-моддий базаси (плакатлар, китоблар, тиббиёт анжомлари ва бошқалар) тизимидаги умумтаълим мактабларида ракета-артиллерия таъминланиш бор имкониятларини ишга солиши керак. Халқ таълим хизматида ҳисобга юритилувчи ҳамда тиббий таъминот буюмларини сақлаш Тошкент шаҳридан бошқа бирон бир вилоятларда талаб даражасида ташкил этилмаган. Қурол-яроғ сақланадиган хоналарга ўрнатилган хавфсизлик сигналлари ягона ишлаш тартибига эга эмас. Хавфсизлик тизимини улаш учун эҳтиёж заруратига айланган маҳаллий ва давлат бюджети ҳисобидан маблағ ажратиш масаласи муаммолигича қолмоқда.
Шунингдек, қурол-яроғ ва бошқа турдаги буюмларни сақлаш хонасининг жиҳозланиши белгиланган талабларга жавоб бермайди. Гипсокартон, витринали ёки бошқа тузилиши капитал бўлмаган хоналарда қурол-яроғ ва бошқа турдаги буюмларни сақлаш ҳолатлари мавжуд. Айрим эшиклар яхлит темирдан ясалмаганлиги ва ундан 2 та ички қулф йўқлиги, хона деразалари декоратив темир панжалар билан мустаҳкам ҳимояланмаганлиги, биринчи ва иккинчи рубежларда қўриқлаш ташвишгоҳ ускуналари билан жиҳозламаганлиги, сейф ва темирли жавонлар мустаҳкам, полга ёки деворга қотирилмаганлиги ҳамда 2 та мустаҳкам қулфга эга эмаслиги ҳолатлари кузатилади.
Ҳатто айрим умумтаълим мактабларида таълим муасссаси раҳбариниг буйруғи билан ажратилган қурол-яроғлар ва бошқа хавфли буюмлар макетларининг ишончли сақланишига, ҳисобини юритишга ҳамда ушбу буюмларни сақлаш хонасининг белгиланган минимал талабларга жавоб бериши юзасидан таълим муассасасининг масъули тайинланмаган. Фуқоро муҳофазаси бўлими бўйича кимёвий ҳимоя воситалари, ўқув жиҳозлари ва ашёлари билан таъминланмаган. Таълим бериш жарёнини сифатли ва техник воситалар ёрдамида ўтказиш учун жиҳозлар етишмовчилиги мавжуд. Ахборот-коммуникация техникалари, видео проектор, экран ва бошқа техник воситалар билан тўлиқ таъмнланмаган. “Синфлар сони буйича категориялаш ва ставкаларини белгилаш”да ҳақиқий ҳолат тўлалигича ўз ифодасини топмаган.
Ҳозирги ахборот маконидаги қарама-қаршилик, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш кучайган шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик” фанини 2 соатдан 1 соатга камайтирилганлиги ўқувчиларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенг ва атрофлича тушунтиришга, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳафталик соатлари миқдор жиҳатдан камлик қилмоқда. Ушбу ва юқорида баён этилган муаммоларни батараф этиш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тайёрлаш йўналишларини такомиллаштириш лозим. Бунда:
1. Халқ таълими муассасаларининг Мудофаа бўлимлари билан ҳамкорлик режаларини қайта кўриб чиқиш ва режани бажариш юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатларининг назоратини ўрнатиш;
2. Даврий фаолият нуқтаи назаридан ватанпарварлик руҳида ёшларни тайёрлаш бўйича директор ўринбосари – ҳарбий чақириққача тайёргарлик раҳбари лавозими категорияси ставкаларини қайтадан кўриб чиқиш;
3. Тегишли ваколатли идоралар томонидан мактаблардаги чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанининг ўқув-моддий базаси ва кўргазмали қуроллар билан таъминлаш юзасидан мақсадли молиялаштиришни жорий этиш;
4. Умумий ўрта таълим мактабларида сафланиш майдонларини ташкил этиш, тирлар очиш ҳамда кўргазмали қуролларни сотиб олиш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиш;
5. Ҳарбий округини жанговар таёргарлик бўлимининг йиллик режасига ўқувчилар учун дала ўқув машғулотларини ташкил этишни киритиш ҳамда ўқувчиларни олиб бориш ва олиб келиш учун техникалар, ҳарбий кийим бошлар, озиқ-овқат билан таъминлаш вазифаларини юклаш;
6. Ҳамкорлик келишув асосида мактабга бириктирилган ҳарбий қисмда ойда бир марта электрон ўқ отиш жойида ўқувчиларнинг электрон ўқ отишларига рухсат бериш амалиёти доирасини кенгайтириш керак.
Таваккал ЧОРИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси,
филология фанлари номзоди, профессор
Фикрингизни қолдиринг