Юрт келажаги – ватанпарвар ёшлар қўлида

04.05.2021 17:05:05

Ўзбекистон “Адолат” СДП 2019 йилги сайловолди дастурида инсон капитали мамлакатнинг муҳим миллий бойлиги эканлиги, унинг ҳар томонлама кўпайиши ва тараққий этиши, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, юртимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган эди.

Жумладан, партия давлатнинг ёшлар сиёсатини амалга оширишдаги фаолияти давом эттирилиб, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан қайта шакллантириш, ёшларнинг энг долзарб муаммоларини фаол ва самарали ечиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш тарафдори бўлиб, бунда ёшлар ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари томонидан ёшлар билан очиқ ва доимий мулоқотни йўлга қўйиш лозим деб ҳисоблайди.

Шу боисдан биз ўз олдимизга саноати юқори ривожланган, иқтисодиёти фан-техника ютуқлари ва инновацияга асосланган адолатли демократик ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, иқтидорли кадрларни боғча ёшидан тайёрлашга, таълим билан тарбияни чамбарчас олиб боришга, одоб-ахлоқ қоидаларини улар онгига сингдириб боришга, мактаб таълимини сифат ва самара жиҳатидан юқори даражага кўтариш орқали ҳар бир ўқувчининг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва олий таълим муассасасида ўқиш имкониятларини кенгайтиришга, замонавий билимга, кенг дунёқарашга эга малакали кадрларни кўпроқ тайёрлашга эътибор қаратишимиз зарур.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш, қолаверса, таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлаш мақсадида ўтган қисқа вақт давомида партия сайловолди дастурида илгари сурилган ёшлар масаласидаги кўплаб таклиф ва ташаббуслар эртамиз эгалари бўлган ёшларимиз турмуш-тарзига татбиқ этилди.

Жумладан, таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим қамрови ўтган икки йил давомида 45 фоиздан қарийб 61 фоизга етказилди. Бугунги кунда 4 та Президент мактаби ва 9 та Ижод мактаби ҳамда информатика ва математика, физика ва астрономия, кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 3 та мактаб фаолияти йўлга қўйилди.

Мамлакатимиз эртасини белгилаб берувчи замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга кадрларни тайёрлаш борасида муҳим бўғин ҳисобланган олий таълим тизимида ҳам 2019-2021 йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2019 йилда юртимиздаги олий таълим муассасалар сони 122 тани ташкил этган бўлса бугунги кунга келиб уларнинг сони 135 тадан ошди. Эътиборли жиҳати янгидан ташкил этилган олий таълим муассасаларининг аксарияти партия сайловолди дастурида белгиланган каби марказда эмас, Республикамизнинг олис туман ва шаҳарларида ташкил этилди.

Шунингдек, олий таълимга ёшларни қамраб олиш кўрсаткичи ўтган икки йилда 468 мингдан 590 мингга, яъни 12 фоиздан 25 фоизга етказилди. Партия томонидан 2016 йилги президентли сайловолди дастури ҳамда 2019 йилги парламент сайловолари жараёнида илгари сурилган сиртқи ва кечки таълим шаклларини амалиётга жорий қилиш борасидаги таклифлар ҳам ҳаётимизга татбиқ этилди. Хусусан, 71 та олий таълим муассасида сиртқи, 18 та олий таълим муассасасида эса кечки таълим шакллари йўлга қўйилди. Соҳадаги ислоҳотлар натижасида профессор-ўқитувчиларнинг сони 24 386 тадан 29 998 тага етказилди.

Шунингдек, партия томонидан сайловолди дастурида олий таълим билан қамраб олинмаган ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни касбга ўқитиш борасида ҳам қатор таклифлар илгари сурилган. Партия мамлакатимизда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз, олий таълим билан қамраб олинмаган фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш ғояларини илгари сурган.

Бугунги кунга келиб Республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида касбга ўқитиш мактаблари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Ишга марҳамат” мономарказлари фаолияти йўлга қўйилди. Куни кеча қабул қилинган “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси президенти қарори эса аҳоли бандлигини таъминлаш борасида партия сайловолди дастурида белгилаб берилган вазифалар ижросини янги босқичга олиб чиққанлиги билан янада аҳамиятли бўлди.

Қарор билан аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар, меҳнат бозорига илк бор кириб келаётган битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича янги таъсирчан механизмларни жорий этиш, эҳтиёжманд аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, янги иш ўринларини ташкил этган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада рағбатлантириш назарда тутилмоқда.

Бу эса партиянинг 2019 йилги сайловолди дастурида белгилаб берилган “Аҳолининг турмуш даражасини янада юксалтириш, тадбиркорликни ҳар бир фуқаронинг қобилияти ва имкониятини инобатга олган ҳолда ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш ва унинг ривожланишига ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этиш орқали мамлакатнинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш” каби мақсад ва ғояларига ҳам ҳамоҳангдир.

Жумладан, қарорда 2021 йилда 457 127 та доимий янги иш ўринларини ташкил этиш, меҳнат органлари томонидан 513 575 нафар фуқаро бандлигига кўмаклашиш ва иш берувчиларни рағбатлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Бу мақсадларни амалга ошириш учун эса, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2021 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш учун 92,3 миллиард сўм субсидиялар ажратиш, 65,1 миллиард сўм ишсизлик нафақалари тўлаб бериш, 40,6 миллиард сўм касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш харажатларини қоплаш ҳамда янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банкларига 125 миллиард сўм ресурс ажратиш кўзда тутилган.

Эндиликда, вақтинча ишларда банд бўлган фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайтирилиб, уларга вақтинча иш жойлари ва иш берувчиларни қидиришда кўмаклашилади. Ўзини ўзи банд қилиб ишлаши учун зарур шароитлар яратиб берилади. Вақтинча ишларда банд бўлган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилиш, уларга меҳнат қуроллари, шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимлар билан таъминлаш хизматлари йўлга қўйилади.

Галдаги вазифа эса, сайловолди дастуримизда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида белгилаб олинган мақсад ва вазифаларни якунига етказишдир. Яъни, давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони ва самарадорлигини ошириш ҳисобига олий таълим билан қамров даражасини 2030 йилга қадар 50 фоиздан ошириш, олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш тартибига ўтишини таъминлашга қаратилган норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиб, камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 1000 та олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш борасидаги чора-тадбирлар устидан самарали ва таъсирчан парламент, депутатлик ва жамоат назоратини ўрнатишдир.

 

Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+