Янгиликлар 2080
Замонавий ўзбек аёли портрети тенглик, ишонч ва қатъият тимсоли
Ҳар қандай жамиятнинг асосий “кўзгуси” — шубҳасиз, бу хотин-қизлардир. Маълумотларга кўра, ер юзи аҳолисининг эллик уч фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Шунинг учун ҳам жаҳонда гендер муаммолари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизда эса аҳолининг қарийб 50 фоизи хотин-қизлардан иборат. Уларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари доим қонун ҳимоясида. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида ҳам “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар”, деб белгилаб қўйилган.
Давлатнинг ижтимоий тузуми қандай бўлишидан қатъи назар, ундаги аҳоли турмушининг фаровонлик даражаси, оилалар барқарорлиги, келажак авлод — фарзандлар тарбияси, иқтидори, қўйингки, барча жабҳаларда эришилган ютуқлар юрт тараққиётига хотин-қизларнинг қўшадиган ҳиссаси ва ўша жамиятнинг аёлларга бўлган муносабати билан белгиланади.
Бир замонлар аёлларга нисбатан заифа, ожиза деб қарашган. Бу сўзлар ҳозир ҳам онда-сонда учраб туради. Фикримизча, ҳеч бир даврда аёл ожиза бўлмаган ва ҳозир ҳам бундай эмас. Аёлга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уни асраш ва улуғлаш халқимизнинг кўп минг йиллик тарихи давомида шаклланган менталитетининг муҳим сифатларидан бири бўлиб, турмуш тарзимизнинг ўзига хос хусусияти сифатида сақланиб қолмоқда.
Шу билан бирга, улар ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида самарали ва фаол меҳнат қилиб келяпти. Инсоннинг ривожланиши ва демократлашишига доир устувор муаммолар муқаррар равишда эркаклар ва хотин-қизлар ўртасидаги тенгликка эришиш билан боғлиқ масалаларга бориб тақалади. Натижада хотин-қизлар мақомини ошириш ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кенгайтириш зарурати вужудга келади.
Ўзбекистонда хотин-қизларнинг эркаклар билан бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеини кучайтириш, сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, оналик ва болалик билан боғлиқ давлат сиёсати юритилаётгани борасида олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш мумкин. Бу, айниқса, бир қатор амалий натижаларда кўзга ташланади.
Биринчидан, ҳозирги кунда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоийиқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда. Шу сабабли Бош қомусимизда белгиланган аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг қадр-қимматини юксалтириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётир.
Хусусан, ўтган беш йилда юртимизда аёллар ҳуқуқлари ҳимоясини тубдан кучайтиришга доир бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Айниқса, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунда давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни, жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни кафолатлаши мустаҳкамлаб қўйилди. Бу саъй-ҳаракатлар аёлларнинг жамият ҳаётида фаоллиги орқали ўз ифодасини топаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Иккинчидан, гендер тенглик бўйича институционал асослар кенгайтирилди. Бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенглигига эришиш стратегияси ишлаб чиқилди.
Унда юртимизда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилишнинг аниқ мақсад ва манзиллари тизимли чоралар билан белгилаб берилди. Жумладан, давлат органларида, нодавлат ва хусусий ташкилотларда, айниқса, қарорлар қабул қилиш билан боғлиқ юқори лавозимларда аёлларнинг тенг вакиллигини таъминлаш сиёсатини такомиллаштириш, жамоатчилик онгида эркаклар ва аёлларнинг ўрни ҳақидаги тушунчаларни ўзгартиришга қаратилган саъйҳаракатларни амалга ошириш каби масалалар миллат кун тартибидан ўрин олди.
Айнан шу масалаларни тартибга солиш мақсадида Парламентнинг юқори палатасида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича Маслаҳат-кенгашлари, шунингдек, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.
Гендер тенглиги — аёллар ва эркаклар, қизлар ва ўғил болалар учун тенг ҳуқуқ, масъулият, имконият, қадрият ва натижа деганидир. Гендер тенглиги фақат аёлларга тааллуқли масала бўлмасдан у, эркаклар ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам англатади. Чунки жамият ҳар икки жинсдан гендер нормалари ва стандартларига мувофиқ ҳаракат қилишни кутади. Тенглик аёллар ва эркаклар бир хил бўлиб қолишини билдирмайди. Балки гендер тенглиги аёлларнинг ҳам, эркакларнинг ҳам манфаатлари, эҳтиёжлари ва устуворликлари ҳисобга олинганини кўрсатади.
Агар рақамларга тўхталадиган бўлсак, айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзоларининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг қарийб 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Бу билан, Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда хотин-қизлар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламентлар ўртасида 37-ўринга кўтарилди.
Учинчидан, қизларнинг билим олиши давлат назоратига олинди. Мамлакатимизда қизларимиз тарбияси, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, замонавий билим ва ҳунарларни эгаллаши, иш жойига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрин топишига алоҳида аҳамият берилиши янги Ўзбекистон талабидир.
Бугун юртимиздаги талабаларнинг 48 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтган йили йўлга қўйилган тизимга мувофиқ, 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қиз таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Эътиборлиси, бу кўрсаткичнинг йилдан-йилга мунтазам ошиб борилиши қатъий белгиланган.
Хусусан, 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасига қабул қилинган, ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларни ҳудудий ҳокимликлар ҳамда давлат олий таълим муассасалари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилди.
Хорижнинг нуфузли таълим муассасаларига “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари асосида ўқишга юбориладиган стипендиатлар орасида хотин-қизлар улуши камида 20 фоизга кўпайтирилди. Қолаверса, боқувчисини йўқотган аёлларга фарзандини мактабгача таълим ташкилотлари, шу жумладан, оилавий боғчаларга бериш харажатларини бюджетдан қоплаш тизими жорий этилмоқда.
Агар таълим соҳасининг 70 фоизи хотин-қизлар эканлигини ҳисобга олсак, замонавий таълимни ташкил қилиш учун хотин-қизларнинг асосий ижтимоий моҳияти уларнинг ушбу жараёнга самарали ҳисса қўша олиши билан баҳоланади. Бунинг учун уларни, аввало, оилада, мактабгача таълим муассасаларида, мактаб ва олий таълим даргоҳларида, мактабдан ташқари таълимда доимо замонавий талаблар доирасида билим олишларини таъминлаш лозим.
Тўртинчидан, юртимизда дунёда ўхшаши йўқ “Аёллар дафтари” жорий қилинди. Бу орқали юзлаб, минглаб ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган аёллар қўллаб-қувватланиб, бандлиги таъминланяпти.
Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш, уларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун зарур шароитлар яратиш ҳамда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотинқизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга мақсадли ёрдам бериш мақсадида Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси қайта ташкил этилди.
Эндиликда, мазкур жамғарма томонидан аёлларга уй-жой шароитини яхшилаши учун уй-жойларнинг бошланғич бадали тўлаб берилади, меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тадбирлар молиялаштирилади. Хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тижорат банкларига ресурс маблағлари белгиланган тартибда жойлаштирилади.
Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун жамғармага ҳар йили бюджетдан 300 миллиард сўмгача пул ва турли имтиёзларнинг берилиши ҳам Ўзбекистонда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг жамиятдаги ролини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланганига яққол мисолдир.
Бешинчидан, фаол хотин-қизларни рағбатлантириш тизими яратилди. Ҳар жабҳада фаол, серқирра фаолият эгаси бўлган, шунингдек, мамлакатимизда оналик ва болалик муҳофазаси ва оилалар мустаҳкамлигига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизлар учун Юртбошимиз томонидан “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тавсия этилган икки нафардан иқтидорли қизларга берилиши белгиланди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Замонавий билим ва истеъдодга, етакчилик қобилиятига эга, эл-юртимиз учун фидойи хотин-қизларимиз — халқимиз, миллатимизнинг олтин фонди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди”.
Шу ўринда савол туғилади, бугунги ўзбек аёли ким: бошқарувчими ё бўйсунувчи, эргашувчими ё эргаштирувчи? Замонавий ўзбек аёли портретини қандай чизгилар билан бойитиш мумкин? Албатта, ёрқин ва ишончли ранглар, қатъиятли фазилатлар билан.
Бугуннинг аёли — янги Ўзбекистонни кенг имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айлантиришга шай турган, ўз сўзи ва овозига эга ватандошимиздир. У энди ортга қайтмайди, балки ривожланишни ортга сурганни ўз измидан эргаштира оладиган, ҳақ йўлдан бораётганлигимизга инонтира оладиган кучдир.
Ҳар томонлама фаол ва оқила, доно, изланувчан, замонавий аёл меҳнатидан, салоҳиятидан нафақат унинг оиласи, балки бутун жамият манфаатдор бўлиши айни ҳақиқатдир. Зеро, биз қураётган Янги Ўзбекистоннинг юкини дадил кўтариб, унинг пойдеворини мустаҳкамлаб турадиган асосий куч — жамиятимиздаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаро, шу жумладан, хотин-қизлар эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Гулруҳ АГЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати
Фикрингизни қолдиринг