Янгиликлар 1848
11 киши “Патронаж” асосида партия сафига қабул қилинди
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши ўтган йилги фаолияти якунлари бўйича вилоятда энг яхши деб топилган эди. Бу ерда айниқса, партия нуфузини ошириш орқали аъзолар сафини кенгайтиришга катта эътибор қаратилаётганлиги диққатга сазовордир. Бунда турлича иш услубларидан фойдаланилмоқда. “Партия патронажи” ҳам ўз самарасини бермоқда.
Куни кеча туман “адолат”чилари етакчисига Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг Тўрақўрғондаги филиали талабаларидан қўнғироқ бўлди. Энергетика факультетининг учинчи босқич талабаси Нафиса Ҳакимова экан. У ўзи ва ўн дугонаси партия сафига киришга қарор қилганликларини билдирди. Кенгаш раиси Заҳрохон Аҳмедова келгуси куниёқ улар билан учрашишга ваъдалашди.
Белгиланган соатда факультет аудиторияларидан бирида мулоқот бошланди. Савол-жавоб асосида, яъни интерфаол шаклда ташкил этилган суҳбатда бугунги сиёсий жараёнлар ва уларда ёшларнинг иштироки бош мавзу бўлди. “Адолат” СДП туман кенгаши раиси З. Аҳмедова партиямизнинг Сайловолди дастури, парламентдаги фракция ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини атрофлича ёритиб берди. Суҳбат талабаларда катта таассурот қолдирди ва уларнинг партияга кириш ҳақидаги истакларини янада мустаҳкамлади.
– Биз мамлакатдаги сиёсий жараёнларни мунтазам кузатиб борамиз, - деди Хуршида Ҳошимжонова. – Айниқса, парламендаги қонун ижодкорлиги, депутатларнинг фаолияти катта қизиқиш уйғотади. Мен шахсан аёл депутатларимизнинг ишлари билан янада яқинроқ танишишни истайман. Партия аъзоси бўлиш бу соҳада янги имкониятлар очиб беради, деб ўйлайман. Дугоналаримнинг барчаси шундай фикрда.
Хуллас, шу куни ўн бир талаба партиямиз аъзолигига қабул қилинди. Бу эса 2021 йил бошидан бери туманда “Адолат” СДП сафи 300 дан зиёд кишига кенгайиб, уч минг кишидан ошиб кетганлигини билдиради.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг