11 ёшли бола воқеаси юзасидан жиноят иши очилди

09.08.2021 11:08:05

Фарғона шаҳрида 11 ёшли вояга етмаган болакайнинг амакиси томонидан доимий зўрлаб келингани ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг қаҳрини келтирди. Ҳақиқатан ҳам, эшитган қулоқ ҳам тили бўлса-ю,  “дод” деб юборса... Кимдир тилига эрк бериб манфур кимсанинг номига “мақтов” битган бўлса ажаб эмас.  Кимдир енг шимарган,  кимдир қўлини мушт қилган.   Болажоннинг кўзидан ёш оқса оғринадиган кўнгил, бу воқедан  йиғламайдими?

Фожианинг яна бир фожиаси. Воқеа тафсилотларига кўра, бу ҳолатдан  боланинг яқинлари хабардор бўлган. Уканинг “акам” деб ёки яқинларининг “жигарим” деб боланинг азият чекишларига била туриб, бефарқ бўлганлиги  ҳам “таҳсин”га муносиб аслида.  

Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасининг расмий баёнотига кўра, ижтимоий тармоқда тарқалган мазкур хабар  ўрганилганда унда кўрсатилган ҳолатлар ҳақида муқаддам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат келиб тушмаган. Воқеа юзасидан дарҳол терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу ҳолатда тегишли экспертиза хулосаларини олмасдан, юзлаштириш, шахсларни сўроқ қилиш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан туриб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериб бўлмаслиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг  119-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговга  киришилган.  Жиноят ишининг тергови Фарғона вилоят прокурори ва ИИБ бошлиғи томонидан алоҳида назоратга олинган.

Энг аввало боланинг тақдири ҳақида ўйлайсан  киши.   Шунинг учун ҳам бегуноҳ инсонларга азоб берган бу манфур кимсаларни гарчи танимасанг ҳам,  уни бирор марта кўрмасанг ҳам  жазоланишини истайсан. Ҳақиқат қарор топишини хоҳлайсан. У масъум болага етказган азоблари учун жавоб бериши керак. Қонун олдида, халқ олдида, бола олдида...

 У ким бўлишидан қатъи назар... 

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+