Янгиликлар 3157
137- Муборак сайлов округидан сайланган депутат Махфират Хушвактованинг ўз сайловчиларига Мурожаати
Ассалому алайкум, ҳурматли, самимий, мен учун қадри баланд сайловчилар!
Инсон тараққиёти ҳозирги кунга қадар бир қатор оламшумул ютуқларга эришди. Шунга қарамасдан коронавирус инфекцияси Ер юзини бир зумда қамраб олди. Бутун дунё тиббиёт олимлари турли тажрибалар олиб боришига, инфекциянинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида қилинган саъй-ҳаракатларга қарамасдан вазият кундан кунга таранглашиб бораётгани сир эмас.
Ҳозирги эпидемиологик ҳолат ҳақида барчангиз оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб бормоқдасиз. Шу билан бир қаторда муҳтарам Президентмиз ва ҳукуматимиз томонидан бу вирусни кириш йўлини тўсиш, халкимизни ундан самарали ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли саъй- ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Афсуслар бўлсинки, касалликни аҳоли орасида тарқалишининг олдини олиш бўйича шунча ишлар қилинишига қарамасдан, юртимизда ушбу вирус билан хасталанганлар сони кундан кунга ортиб бормоқда.
Аҳолимиз хабардорлигини ошириш ва мамлакатда санитар-эпидемиологик осойишталикни кучайтириш, унинг тарқалишини камайтириш мақсадида расмий маьлумотлар ҳар соатда бериб борилмоқда.
Азиз сайловчилар!
Бугунги кунда кўзга кўринмас бало бўлган коронавирус билан тўғридан тўғри курашаётган шифокорларимиз, тиббиёт ходимларимиз ҳақида гапирмасдан ўта олмаймиз. Вируснинг касрига дунё қанчадан қанча ёш ва билимли шифокорларидан айрилди. Шундай бўлса ҳам касаллик ўчоғига касалликни юқтириб олишини билиб, унинг оқибатларини тушунган ҳолда тиббиёт ходимлари ўз розилиги билан кун-у тун хизмат қилишмоқда.
Муҳтарам Президентимиз тиббиёт ходимларининг оғир меҳнатини муносиб баҳолаб, уларга қўшимча ҳақ тўланиши тўғрисидаги фармон чиқарилгани бу юртда инсон меҳнати қадрланишининг яна бир намунаси бўлди, дея оламан.
Бундан ташқари, аҳолини озиқ-овқат ва дори-дармонга бўлган эҳтиёжини таьминлаш мақсадида бир қанча тезкор чораларга кўрсатмалар берилди.
Шу билан бирга, иқтисодиётимизни,тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам муҳим ҳужжатлар қабул қилинмоқда. 8 апрель куни Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселекторда эса ҳар бир хонадондаги ерлардан унумли фойдаланишнинг аҳамияти батафсил тушунтирилди.
Ҳурматли сайловчилар!
Барчангиздан карантин вақтида уйда ўтириб, томорқангиздан самарали фойдаланиб, келажакда ўзингиз ва мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ўз хиссангизни қўшасиз, деган умиддаман.
Шу билан бирга биздан талаб қилинаётган карантин қонун-қоидаларига амал қилайлик.
Биз сиз билан биргамиз!
Уйда қолинг, ўзингиз учун, халқимиз учун, келажак учун!
Фикрингизни қолдиринг