Янгиликлар 1947
15 апрель – “Маданият ва санъат ходимлари куни”
15 апрелда мамлакатимизда илк бор маданият ва санъат ходимлари куни нишонланади. Бу касб байрами Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада оширишга бағишланган Фармонига биноан таъсис этилган.
Халқимиз ўзининг кўп асрлик тарихга эга бўлган ажойиб қадриятларига эга. Масалан, қўшиқчиликни олайлик. Юртимизнинг исталган шаҳар ёки қишлоғидаги маҳалласига боринг, оддий инсонлар орасида “катта ашула” ёки лапарни қойилмақом хиргойи қиладиган истеъдод эгаларини учратасиз. Айниқса, тўй ёки бошқа бадиий тадбирларни кузатсангиз, бундай истеъдод соҳибларининг бисёр эканлигига гувоҳ бўласиз. Уларнинг аксарияти профессионал таълим олмаганлигига қарамай, юқори даражадаги ижрочилик маҳорати билан мутахассис санъатшуносларни ҳам лол қолдиради.
Ўзбекистон давлат филармониясининг Наманган вилояти бўлинмаси ташкил ташкил топганига яқинда уч йил тўлади. Аммо шу қисқа муддатдаёқ жамоа негизи ҳисобланмиш “Наманган наволари” ашула ва рақс дастаси ўзининг мазмунли ва мароқли чиқишлари билан муҳлислар эътиборига сазовор бўлиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида қатор хорижий давлатларга, шунингдек, мамлакатимизнинг турли вилоятларига уюштирилган ижодий сафарлари муваффақиятли ўтди.
Хусусан, 2019 йил март ойида “Наманган наволари” Россия Федерациясининг Свердлов вилоятида бўлди. Екатеренбург ва бошқа шаҳарларда намойиш этилган концерт дастурларини ўша ердаги юртдошларимиз қатори маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам мириқиб томоша қилдилар. Ҳар бир қўшиқ ёки рақсдан сўнг тўхтовсиз янграб турган олқишлар фикримиз далилидир.
Ўша йили апрелда эса дастанинг бир гуруҳ аъзолари Термиз шаҳрида ўтказилган халқаро бахшичилик санъати фестивалида қатнашдилар. Мазкур анжуманда наманганлик санъаткорлар куйлаган қўшиқлар ўзининг жозибадорлиги билан ажралиб турди. Бундан ташқари, фестивал доирасида Сурхондарёнинг қатор туманлари бўйлаб ташкил этган сафари ҳам қизиқарли ўтди. Мамлакатимизнинг энг жанубий вилояти санъат мухлислари Ойпошша Улуғхўжаева, Муҳаббат Юлдашева, Ойдина Султонова каби қўшиқчиларнинг ижро маҳоратини юқори баҳоладилар. Дарвоқе, фестивал якунларига кўра “Наманган наволари” Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Ташаккурномаси билан тақдирланди.
- Пандемия ва у туфайли эълон қилинган карантин ижодий жамоамиз учун катта синов бўлди, - дейди Филармония вилоят бўлинмаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи Шуҳратжон Акралов. - Чунки маълум муддат мухлислар билан учрашувлар, жамоавий репитициялар ўтказилмади. Фақат якка тартибда шуғулланишга тўғри келди. Шунга қарамай бадиий жамоа аъзолари ўз санъатларини чархлаб бордилар. Ҳатто репертуарни қатор янги чиқишлар билан бойитишга улгурилди.
Ана шундай янгиланган ва сайқалланган дастурни бу йилдан бошлаб намойиш этишга киришилди. Узоққа бормайлик ўтган ҳафтанинг ўзида “Наманган наволари” вилоятда жойлашган қатор ҳарбий қисмларда бўлди. Ўз оиласидан узоқда йигитлик бурчини ўтаётган ўғлонлар эътиборига мумтоз ва замонавий қўшиқ ҳамда рақслардан тузилган концерт дастурлари тақдим этилди. Айниқса, Умиджон Мамадалиев, Дилдора Ҳошимова, Бекмирза Дадабоев каби санъаткорларнинг чиқишлари Ватан ҳимоячиларида яхши таассурот қолдирди.
Албатта, бундай муваффақиятларнинг калити бадиий жамоада яхши ижодий муҳит шаклланганлиги, изланишлар қувончли самара бераётганлиги натижасидир. Ҳозир ҳам “Наманган наволари” корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳаллаларда мунтазам концертлар намойиш этмоқда. Турли маънавий-маърифий тадбирлар ҳам бадиий даста аъзоларининг иштирокисиз ўтмайди. Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган дастур устида иш бошлаб юборилган. Ҳар бир созанда, қўшиқчи, раққоса ва техник ходим жамоа олдига қўйилган ижодий режаларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиш ниятида. Изланишларнинг натижаси тез орада юзага чиқади.
– “Наманган наволари” дастаси аъзоларини мен ҳам яхши танийман, - дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилояти Кенгашининг ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. –Бадиий жамоа билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Тез-тез турли тадбирларга таклиф этиб турамиз, улар бажонидил иштирок этадилар. Хушнаво куй-қўшиқлар сафдошларимиз ва партиямиз хайрихоҳларига доим маъқул тушади.
Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли
Фикрингизни қолдиринг