Янгиликлар 1470
150 нафардан зиёд аҳоли диагностика кўрувидан ўтказилди
Ўзбекистон "Адолат" СДП Қува туман Кенгаши ташаббуси билан "Diamond Med Diagnostika" МЧЖ раҳбари, мазкур корхона бошланғич партия ташкилоти раиси Эркинжон Қосимов томонидан партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасида туманнинг “Намуна” МФЙдаги 81-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида тиббий кўрик ташкил этилди. Масъулияти чекланган жамиятнинг малакали шифокорлари замонавий УТТ, ЭКГ аппаратлари ёрдамида Бегат, Пахтаобод, Мингчинор қишлоқларининг 150 нафардан зиёд аҳолисини диагностика кўрувидан ўтказди. Терапевт Дилмуроджон Турғунов, кардиолог Илҳомжон Каримов, педиатр Азизбек Ашуровлар томонидан аниқланган касалликлар юзасидан керакли муолажалар тавсия этилди. Соғлом турмуш тарзининг афзалликлари, санитария гигиена қоидаларига риоя этиш, мунтазам тоза ва табиий маҳсулотларни истеъмол қилишга қаратилган тушунчалар берилди.
Тиббий кўрик туфайли саломатлигимизни яна бир бор назоратдан ўтказдик, – дейди Фазилатхон ая Ҳамрақулова. – Шифокорларимиз тавсияларини олдик. Инсон ёшидан қатъи назар саломатлигининг биринчи омили у истеъмол қилаётган маҳсулотга, ичаётган сувига боғлиқ. Мен ҳам фарзандларим, набираларимга бу ҳақда кўп насиҳатлар қиламан. Оз-оз бўлса ҳам ҳар куни пиёда юришга ҳаракат қиламан. Бу ҳам соғлигимиз учун жуда зарурдир.
Диагностика кўрувлари туманнинг бошқа қишлоқларида ҳам ўтказиляпти.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг