Янгиликлар 3938
2 кишилик хонада 6 нафар бемор... ёҳуд Сурхондарёдаги болалар шифохонасининг муаммолари
Фарзандингизнинг тоби қочиб қолди. Қалбингиз бирданига қоронғулашади. Нима қилиб бўлса ҳам уни даволашингиз лозим. Тузалиши учун зудлик билан шифохонага ётиши керак. Тиббиёт муассасасига олиб келасиз. Кўрасизки, боласи касал битта сиз эмас экансиз. Қабул бўлимида узун навбат, болалар шифокори олдига яқинлашиб бўлмайди. Кунни кеч қилиб, бир амаллаб ҳаммасидан ўтганингиздан кейин палатага ётқизишга кирсангиз 2 кишилик хонада 6 киши!
Афсуски, бу боши ғам кулфатдан чиқмайдиганлар тўғрисидаги одамни йиғлатишга мўлжалланган тўқима асар эмас, ҳаёт ҳақиқати. Ҳа, ҳа, ҳақиқат. Бунга биз Сурхондарё вилоятининг болалар кўп тармоқли шифохонасида гувоҳ бўлдик.
Маълумки, Соғлиқни сақлаш соҳаси Қонунчилик палатаси назоратига берилган. Бундан ташқари “Адолат” СДП ҳам аҳоли соғлиғини сақлашни энг асосий йўналиш сифатида қарайди. Шу боисдан Спикер ўринбосари, фракциямиз раҳбари Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари вилоятда тиббий хизмат ҳолатини ўрганиш, “ақлли” тиббиёт тизимини жорий қилиш масалаларини ўрганиш бўйича бир қатор тиббиёт муассасаларида бўлишди.
Ўрганишлар давомида ижобий жиҳатлар билан биргаликда юқоридаги каби камчиликлар ҳам кузатилди. Жумладан, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 380 ўринга мўлжалланган бўлишига қарамасдан, ҳозирги кунда 600 нафарга яқин беморлар даволанмоқда. Бу эса аҳоли ўртасида тиббиёт соҳаси вакилларига нисбатан норозилик, соҳадаги ислоҳотларга ишончсизлик уйғотмоқда.
Шифохона бош шифокори ушбу ҳолатни Термиз шаҳри ва унга ёндош туманларда бемор болалар учун тиббий хизмат сифатининг пастлиги, ўринлар сони етишмаслиги натижасида ушбу муассасада беморлар шикояти ошишига олиб келётганини таъкидлади. Натижада, яқиндагина таъмирлаб топширилган қўшимча 60 ўринли бино ҳам масалага ечим бўла олмаяпти.
Мазкур муаммони ўрганган депутатлар, масала ечими юзасидан мутасаддилар олдига қуйидаги ечимларни таклиф этди.
Биринчидан, мазкур муассасага қўшимча бино қуриш ва ҳудудлардаги шифохоналарда ўринлар сонини кўпайтириш орқали юкламани камайтириш мумкин.
Иккинчидан, шифохона бош шифокорининг таъкидлашича, гарчи кроватлар мавжуд бўлса-да, санитария нормаларига тўғри келмагани беморларга топширишнинг иложи йўқ. Шунинг учун депутатлар санитария меъёрларига оид қонунчиликни такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиш ташаббусини билдирдилар.
Учинчидан, бугунги кунда Сурхондарё вилоятидаги хусусий тиббиёт муассасаларида 2 мингга яқин ўринлар мавжуд бўлса-да, болаларни даволашга ихтисослашган муассасалар мавжуд эмас. Ушбу ҳолатнинг республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатиш мумкин. Шу боисдан, эҳтиёж юқори бўлган болаларни даволашга мўлжалланган хусусий шифохоналарни ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга махсус имтиёзлар, ташкил этишдаги бюрократик тўсиқларни камайтириш лозимлиги билдирилди.
Жойлардаги юқоридаги каби муаммолар ҳамон ўз ечимимни кутмоқда. Мамлакат эртасини, фарзандлар соғлиғини ўйлаган ҳеч бир раҳбарнинг уларга кузатувчи сифатида қараб туришга ҳаққи йўқ.
Сўзимиз сўнгида яна бир фикр туғилди. Агар бизда тиббий маданият юксак бўлса, тиббиётчилар томонидан касалликлар профилактикаси самарали олиб борилса, шифохона беморлар билан бу қадар тўлиб-тошмайди, фарзандларимиз ўз уйида болаликнинг беғубор онларини кечиради. Демак, саломатликка эътибор, соғлиқ қадрига аввалдан етиш муаммоларга ўрин қолдирмайди. Ушбу масала ҳам биз – халқ вакилларининг тарғибот-ташвиқот ишларида устувор бўлишини чуқур англадик.
Муҳаммад ВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси
Фикрингизни қолдиринг