Янгиликлар 1860
2020 йилда қандай ишларга улгурдик?
Қарши шаҳридаги “Ёшлар маркази” тадбиргоҳида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши томонидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, ёшлар ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Матбуот анжуманида партия вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов вилоят партия ташкилотлари томонидан ўтган йили амалга оширилган кенг қамровли ишлар ҳақида маъруза қилди.
-2020 йил бутун дунё ҳамжамияти учун ниҳоятда оғир кечди,- деди Руиддин Раупов. – Шундай бўлсада, партия ташкилотларимиз ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда партиявий-ташкилий ишларда юқори самарадорликка эришдилар. Биргина фаолларимиз томонидан 451 маротаба сиёсий ўқувлар ташкил этилиб, 3625 нафар иштирокчилар қамраб олинди. Йил бошидан буён партия аъзоларимиз сонини олти минг нафарга ўстиришга эришилди. Партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида фаолларимиз ва депутатларимиз фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар уюштиришди.
Шунингдек, нотиқ ўтган йил партия фаоллари воҳадаги 695 та маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, 3665 та хонадонлардаги аҳволни ўрганганликлари, аҳоли томонидан 344 та мурожаатлар бўлганлиги ва ушбу шикоятларнинг асосий қисми жойида ҳал этилганлиги, 106 тасига эса ҳуқуқий маслаҳатлар берилганлигини таъкидлади. Бундан ташқари партия вилоят Кенгаши томонидан юзга яқин турли мавзудаги тадбирлар ўтказилиб, уларда уч минг нафар фуқаролар қатнашди. Ўтказилган барча тадбирлар ОАВларда ёритилди.
ОАВ вакиллари билан учрашувда партия масъуллари “Адолат қабулхонаси” га фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар хусусида ҳам ахборот бердилар. Ўтган йили “Адолат қабулхонаси” га фуқаролардан 200 дан ортиқ ариза ва шикоятлар келиб тушди. Партия фаолларининг ўз вақтида кўрган чора-тадбирлари туфайли фуқароларни қийнаб келаётган жумбоқлар ҳал этилди. Дарвоқе, 2020 йил давомида вилоят партия фаоллари аралашуви билан 200 нафарга яқин ишсиз ёшлар ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситаларини қизиқтирган партия фаолиятига оид барча саволларга масъуллар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Дилрабо ЧОРИЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси
Фикрингизни қолдиринг