Янгиликлар 1924
2023 йилгача Пайариқда нималар ўзгаради?
Бугун туманда қандай ўзгаришлар содир бўлмоқда? Яқин келажакда Пайариқнинг қатор инфратузилмаларида қандай ўзгаришлар бўлиши кутилаяпти? Тумандаги янгиликлардан бохабармизми ёки йўқ?
Самарқанд вилоят ҳокими бундан 10-15 кун аввал Челак шаҳридаги маҳаллалардан бирига келиб, йиғилиш ўтказганида бу шаҳарчанинг кўчалари асфальт бўлиб, симёғочлар, газ асбобларининг эскирганлари янгиланиши, биноси йўқ маҳаллаларга янги бино қурилиши, шаҳарнинг бутунлай ўзгача қиёфа касб этиши маълум бўлган эди.
Жумладан, кўп йиллардан буён эътиборсиз қолиб келаётган собиқ Челак тумани ҳокимлиги биноси янгидан таъмирланиб, бу ерда Давлат хизматлари маркази филиали, одамларнинг газ, электр, кадастр ва бошқа зарур кундалик хизматлар юзасидан мурожаат қиладиган хоналари ташкил этилиб, Челак шаҳри ва унинг атрофидаги маҳаллалар аҳлига қулайликлар яратилади.
Шунингдек, яқинда ҳурматли Бош вазиримиз А.Арипов Самарқанд вилоятига ташриф қилган вақтларида туманимиздаги Ингичка даштларида маҳаллаларимиздаги ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш учун барпо қилинаётган катта майдондаги узумзорларни бориб кўрди ва бу ташриф давомида туманимиз учун бир қатор истиқболли лойиҳалар таклифи берилди.
Пайариқ туман ҳокими, Халқ депутатлари туман кенгаши раиси Дилшод Мусиновнинг Кенгашнинг йигирма олтинчи сессиясида депутатларга хабар беришича, йўл инфратузилмаси, ичимлик суви, электро энергия ва бошқа соҳаларда қатор янгиликлар бўлади.
-Бу бўйича 2021-23 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бу қарорни ижро этилиши учун катта миқдорда маблағ сарф қилиниши кўзда тутилади. Жумладан, Самарқанд-Челак-Пайариқ шаҳри ўртасидаги марказий кўчамизнинг 23 километри чизиқли, икки томонлама, кенг ва равон кўчага айлантирилиб, кўча чироқлари ўрнатилади. Шу каби ички хўжалик йўлларининг 145 километри замонавий тарзда таъмирланади, -дейди туман ҳокими, -ҳозирда Челак ва Пайариқ шаҳарларида 1970-йилларда қурилган икки қаватли уйлар бор, аммо уларда канализация тармоқлари тўлиқ ишламайди. Тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланмаган. Шунинг учун бу икки ҳудудга 60 миллиард сўмлик лойиҳа ишлаб чиқилмоқда, натижада бу уйларда яшаётган аҳоли канализация, тоза ичимлик суви ва бошқа соҳаларда қатор қулайликларга эришишади. 20дан зиёд мактаб, 16 та боғча, шифохона ва поликлиника қайтадан таъмирланади. Бир неча маданият бўлимлари янгидан қурилади. Туман марказида янги маънавият ва маърифат маркази қуриб фойдаланишга топширилади. Бир неча минг газ баллонлари олиб келиниб, одамларнинг газ баллонга эҳтиёжи қондирилади.
Шунингдек, иккита шаҳарчамизнинг ҳам бош режаси ишлаб чиқилмоқда, Пайариқ шаҳрини кенгайтириш режалаштирилган. Жумладан, интернет билан таъминланиб, сув тармоғи йўллари янгиланади.
Гап шундаки, йўлни янгидан қилиш осон эмас, бунда бир неча йиллик ишлар ҳисобга олиниши керак, масалан бугун асфальт ётқизилиб, эртага канализация ёки сув қувури, кабел ётқизилиши учун ковланса, бу ҳамма янгидан қилинган ишларни йўққа чиқаради. Аҳолига ҳам, давлат томонидан сарфланган пулларга ҳам зарар. Шунинг учун қилинадиган ишлар аввалдан белгиланган ҳолда режа билан қилинади. Бир йўл аввалроқ, бири кейинроқ, аммо режа билан. Ҳозирда бу борада режалар ишлаб чиқилган бўлиб, яшил билан белгиланган йўллар аввал, қизил ранг билан белгилаб қўйилган йўллар сал кейинроқ, сув қувурлари ва канализация тармоқлари ётқизиб бўлгач, таъмирланади.
Электр тармоқларимизнинг асосий қисми ўтган асрда қурилган бўлиб, бу борада ҳам янги ишлар йўлга қўйилади.
Туман бош архитектори Зойир Ҳайитовнинг айтишига қараганда, Пайариқ шаҳри бош режасига асосан, Қорасув каналидан Пайариқ шаҳригача бўлган икки тарафдаги майдонларга бир қанча объектлар, жумладан уйлар қурилади ва шаҳар кенгайтирилади. Шунингдек, Челак шаҳри бош режасида ҳам катта ва одамларга янгилик саналадиган ўзгаришлар бор.
Биз эса бу борада тумандаги раҳбарлар ишларига омадлар тилаймиз.
Азамат ТАВБОЕВ,
Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг