Янгиликлар 1940
210 НАФАР БЕМОР ҚАЛБИДА ИШОНЧ БАРҲАЁТ
Ҳаёт инсонни турфа синовларга дучор қилади. Ҳаммасини енгиш мумкин, агар тану жонинг соғ бўлса. Хасталиклар одамзодни умрни бир маромда кечиришдан айириши, айрим орзу-ниятлар амалга ошишига тўсқинлик қилиши, бироз аламзада қилиб қўйиши мумкин. Инчунун, бу хасталик оғир ва давомли бўлса-чи?! Хасталик бир тараф, у билан бирга эгизакдек юрадиган тушкунлик бир тараф бўлиб қолади.
“Дардини берган – шифосини ҳам беради” деган ўктам ишонч бор халқимизда. Шу билан бирга “Инсон тафтини инсон олади” – бу пурмаъно гапни ҳам ота-боболаримиз айтишган. Дарҳақиқат, хасталиклар дучор қилган мураккабликлардан беморларни меҳр-оқибат, ширин сўз ва эзгуликлар қутқариши мумкин.
Айни кундаги тинчлик ва осойишталикда ўтказаётганимиз Ийд-Хайит айёми асрлар давомида бутун мусулмон аҳли, шу жумладан халқимиз учун анъанага айланган эзгу-саҳоват, яхшиликларга бой бўлмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Чилонзордаги гематология илмий-амалий тиббиёт марказида бўлиб, бу ерда даволанаётган болалар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашиши ва уларни муқаддас айём билан муборакбод этишида ҳам алоҳида маъно бор. Беморларнинг, айниқса азиз болажонларнинг митти юрагида умид-ишонч уйғотиш, уларга далда бўлиш, хасталикларни енгиб ўтишларида куч бўлишдир.
-Бугун келишимдан мақсад - сизларга янаям кўпроқ шароит яратиш, касалларни тезроқ оёққа қўйиш, даволаш кафолатини ошириш бўйича чораларни белгилаш. Сизлар ҳаммангиз - менинг фарзандларимсизлар. Ҳар куни кулиб туриб, ота-оналарингга мадад бўлишларингиз керак. Албатта тузалиб кетаман, деган интилишингиз бўлиши керак. Биз бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиламиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Буларни сўздагина ифодалаш амримаҳол, агар рақамларга мурожаат қилсак бу борада кейинги пайтда республикамизда улкан ижобий ўзгаришлар рўй берганини кўрамиз. Атиги бир йил олдин давлатимиз раҳбарининг қарори гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш, онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган шахсларни қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлган эди. Бугунги кунга келиб ўткир лимфобласт лейкозларни даволашдаги янги ишланмалар натижасида беморларнинг ремиссияга чиқиши ва тўлиқ тузалиши 70-85 фоизгача етди.
Ушбу қарорга мувофиқ, 2020-2024 йилларда гематология соҳасини ривожлантириш учун 546 миллиард сўмдан зиёд ва қарийб 71 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Хусусан, жорий йилда 91 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган.
Айниқса, Президентнинг даволанишдаги энг сўнгги амалиётлар, замонавий тиббиёт жиҳозлари ва янги бино қуриш ҳақидаги сўзлари бу ерда даволанаётган 210 бемор қалбига умид ва таскин олиб келганига ишончимиз комил. Уларнинг 42 нафар митти юраги билан ҳаётни энди англаётган болажонлар эканлиги, уларнинг кўзлари порлаб тургани бу ишончни янада мустаҳкамлайди.
Гулнора Аҳмедова,
Тошкент вилоят Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг