Янгиликлар 682
26 июнь Бутун Жаҳон Гиёҳвандликка қарши кураш куни
Гиёҳвандлик – ХХI аср вабоси бўлиб, бугун жаҳон миқёсидаги муаммодир. У жамиятни энг хавфли ва энг оғир оқибат, кулфатларга олиб келувчи оғудир. Бугунги кунда дунё аҳолисига атом бомбасидан ҳам кучли хавф солаётган офатдир. Чунки у инсон саломатлигига ҳалокатли таъсир қилиб, азиз умрини кемириб, ўлимга маҳкум этаётган иллатдир. Дунё бўйича кишилар, айниқса 15-40 ёшгача бўлганлар яъни куч-қувватга тўлган ёшлар бу оғу исканжасига илиниб, ҳаётдан адашиб, яратувчанлик, бунёдкорлик ишларига қатнашмасдан оғир хасталикка чалиниб ўзига, оиласи ва давлатга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар келтирмоқда.
Гиёҳ ўзи нима? Бу шундай моддаки, бир марта қабул қилганда руҳий ҳолатни, яъни кайфиятни кўтариб юборади, бош мияни ишдан чиқаради. Агар киши тез-тез истеъмол қилса унга ўрганиб қолади ва уни истеъмол қилмаса яшай олмайди, яъни шу гиёҳсиз (наша – марихуана, гашиш, кўкнори-героин, қора дори, кокаин каби) туролмайди.
Гиёҳвандлик – деб гиёҳванд моддаларни узлуксиз истеъмол қилиб касалликка чалинган беморларга айтилади. Улар ўзларининг маънавий қиёфасини йўқотади, ақл-идрок, фикрлаш, эслаш қобилияти, руҳият бутунлай издан чиқади. Уларда ҳаё, ҳурмат – иззат, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатлар йўқолади.
Касаллик ривожланиши билан улар оила, ишхона, маҳалла, кўча-куйда, ўқув жойлари кабиларда тартиб-интизом, қонун қоидаларни бузишни бошлаб, катта зиён келтирадилар. Уларнинг фикр- зикри фақат гиёҳ моддалар топиш ва истеъмол қилишдан иборат бўлиб қолади. Ота – она, бола – чақа, оила маҳалла, жамоа кабилар уларни умуман қизиқтирмайди. Гиёҳванд ўз соғлиғини бутунлай йўқотиб, жамиятдан ажралиб қолиб, жарга қулаётганини пайқамайди.
Гиёҳвандлик – дунё миқёсида ХХ асрдан ХХI асрга ўтган сарқит, иллат – фожиа бўлиб, на фақат киши шахсини балки бутун мамлакатни, оилани емиради, ҳалокат жари ёқасига олиб бориб, қашшоқликка, етим есирликка, бахтсизликка, турли касалликларга сабаб бўлади..
70 фоизга яқин қотилликлар, 80-90 фоиз безориликлар гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар томонидан содир қилиниши ҳозирги кунда маълум.
Хўш, ана шундай нохушликлар — иллатларга ким айбдор? Албатта, оғу сотувчилар дерсиз. Йўқ, янглишасиз, бунга биз ўзимиз айбдормиз. Бизнинг эътиборсизлигимиз, бефарқлигимиз оқибатда келажагимиз бўлмиш болалармиз гиёҳвандликка чалиниб, тубсиз жарга қуламоқда. Бунга сабаб, ота –оналарнинг оила, турмуш, жамият ишлари билан бандлиги, болаларнинг назоратсиз қолдирилиши, оилавий низолар ортиқча бойлик орттиришга ружу қўйиш, болаларнинг керагидан ортиқ таъминланганлиги ва бошқа омиллар сабаб бўлмоқда.
Унутмаслик керакки, оиланинг соғлом турмуш тарзи, соғлом муҳит, маърифий ва маънавий дунёқараши, ҳалоллиги, поклиги, меҳнатсеварлиги, эътиқоди фарзандларнинг гиёҳвандликдек иллатлардан асровчи омиллардир.
Ўзимиз учун, бўлғуси порлоқ келажагимиз учун ҳар бир шахсда, оилада, жамоада соғлом турмуш тарзи пойдеворини яратиш орқали ушбу иллатни олдини олиш мумкин.
Моҳигул Раҳимқулова
«Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг