Янгиликлар 1410
27 йиллик шодиёнанг қутлуғ бўлсин!
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкил топганига 27 йил тўлганлиги муносабати билан “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ZOOM платформаси орқали партия ҳудудий Кенгашлари иштирокида онлайн тадбир ташкил этилди. Тадбирда партия Сиёсий Кенгаш раиси Баҳром Абдуҳалимов барча партиядошларимизни, ҳудудий Кенгаш раисларини, аёллар ва ёшларни партиянинг таваллуд топган куни муносабати билан қизғин қутлади.
Шунингдек, онлайн йиғилишдан сўнг тадбирнинг давоми сифатида партиянинг Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов раҳбарлигида партия вилоят Кенгаши ходимлари, шаҳар ва туман Кенгашлари раислари ҳамда партия фаоллари билан давра суҳбати ўтказилди. Мақсуд Ҳамидов ўз сўзида онлайн тадбирда Сиёсий Кенгаш раиси Баҳром Абдуҳалимовнинг партиямизнинг жамият ҳаётида тутган ўрни, эришган ютуқлари шу билан бирга йўл қўйилган камчиликлар, олдимизда турган муҳим вазифаларимизни бажаришда жонбозлик кўрсатишга қаратилган фикр ва мулоҳазаларидан келиб чиқиб, фаолиятни янада натижадор ва самарали олиб боришда жамоага таклиф ва тавсияларини берди.
-Мана 27 йилдирки “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий майдонда ўзининг халқчил ва адолат уфуриб турган ғоялари, қонун устуворлигини таъминлаш, аёлларнинг жамиятда фаоллигини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, кўмакка муҳтож аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби халқпарвар ғояларини илгари суриб келмоқда, - дейди партия вилоят Кенгаши раиси.
Суҳбат давомида М.Ҳамидов партиянинг мақсад ва вазифаларини ҳаётга тадбиқ этишда янада самарали фаолиятни йўлга қўйишимиз зарурлиги ҳамда зиммамиздаги масъулиятни теран англаган ҳолда фаолиятимизни ҳамжиҳатликда давом эттиришимиз кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Тадбирда партиямизнинг фаол фахрийси Бахтиёр Жабборов ҳам сўзга чиқиб, қутлуғ сана муносабати билан барча партиядошларимизни самимий табриклади. Адолатни ҳаётида бош мезонига айлантирган партиядошларимизни келгуси фаолиятларига улкан зафарлар тилади.
Суҳбат сўнгида партия вилоят Кенгаши раиси М.Ҳамидов томонидан партия фаолларига партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини ҳаётга тадбиқ этишда кўрсатган жонбозликлари учун “Адолат” СДПнинг 27 йиллиги муносабати билан партиянинг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг