Янгиликлар 1814
33,2 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинади
Юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар олдинги халқаро тажриба ва миллий қадриятларимиз негизида амалга оширилмоқда.
Хусусан «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида киритилган таклифлар сиёсий партия ходими, депутат ва сиёсий жараёнларнинг бир иштирокчиси сифатида мени қувонтирди.
Биринчидан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда, бу эса ўз навбатида 54 мингдан ортиқ аъзодан иборат 5 739 та округ сайлов комиссиялари тугатилиши ва натижада 33,2 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинишига асос бўлмоқда.
Давлат бюджети мақсадли ва самарали ишлатилиши, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига хизмат қилиши зарур.
Сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда, яъни бу иш сиёсий партияларнинг ихтиёрий иши бўлганлиги сабабли, сайлов комиссияларининг бу ишга аралашиши уларга хос бўлмаган вазифа эканлигини ўткан сайловларда тўпланган тажриба кўрсатди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Президентлик сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловлар тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.
Мана шу вақт ҳам сайловчилар ҳам номзодлар ва уларнинг вакиллари ва бошқа сайлов кампаниясида иштирок этадиган масъуллар учун қатор қийинчиликлар туғдиргани бор гап.
Совуқ кунларда тарғибот-ташвиқот ишларини эмин-эркин ўтказиш, тадбирларда фуқароларнинг иштироки, транспортда ҳаракатланишдаги муаммолар шулар жумласидандир.
Айтмоқчи бўлганим, қонун лойиҳасидаги ўзгартиш ва қўшимчалар ўта муҳим ва уларнинг ҳар бирини тўла тўкис қўллаб-қувватлайман.
Рауаж ОТАРБАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари,
Халқ депутатлари Чимбой туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг