Янгиликлар 3871
5 йил мобайнида амалга оширилган ишларга назар ташланди
Шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят туман, шаҳар Кенгашларида сайловолди ҳисобот конференциялари бўлиб ўтмоқда. Партиянинг ўтган 5 йил давомида амалга оширган ишлари таҳлилига бағишланган мазкур конференциялар, жумладан, жорий йилнинг 15 октябрь куни Сирдарё туман Кенгашида ҳам ўтказилди. Партия ходимлари, депутатлар, фаоллар, Аёллар ва Ёшлар қаноти вакиллари қатнашган ушбу конференция таклиф ва мулоҳазаларга бой тарзда ўтди.
Иштирокчилар туман партия ташкилотининг партия дастури ва ғояларидан келиб чиқиб 5 йил мобайнида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботини тингладилар. Сирдарё туман Кенгашининг “Адолат ҳар бир инсон учун” ва “Адолат - ҳаётимизнинг бош мезони” ғоялари асосида амалга оширилган ишлари сарҳисоб қилинди. Шу билан бирга, туман Кенгаши ўз фаолиятида йўл қўйиб келган камчиликлар алоҳида тилга олинди. Хусусан, партия лойиҳаларининг амалиётга татбиқ этилиши борасида сусткашликларга йўл қўйилганлиги санаб ўтилди. Бу омиллар ўз навбатида сиёсий жараёнлардаги иштирокимизга салбий таъсир этаётгани айтилди. Шунингдек, айрим депутатларнинг ўз вазифасига совуққон ёндашганлиги, уларнинг фаолияти қониқарсиз эканлиги сабаб партиянинг халқ билан кўприк ўрнатишдек олий мақсади бироз ортда қолиб келаётганлиги танқидий бахоланди. Ўз навбатида айтилган бу хитоблар йиғилган иштирокчиларни фаол бўлишга ундади.
Конференция якунида партияни қўллаб-қувватлаш ҳамда ғояларини кенг амалиётга жорий этишда алоҳида намуна кўрсатган бир гуруҳ БПТ вакилларига туман партия ташкилотининг эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, билдирилган кўп сонли таклифлар асосида ҳар бир масала юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Партиянинг вилоят Кенгашида иштирок этиши учун делегатлар сайланди ва уларнинг иштироки бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Шу йўсиндаги конференциялар партиянинг Сайҳунобод, Мирзаобод, Оқолтин туман ҳамда Янгиер шаҳарларида ҳам ўтказилди. Туман партия Кенгашлари хисобот-сайлов конференцияларини ўтказиш ишлари давом этмоқда.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сирдарё вилоят Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг