Янгиликлар 3092
Абдукамол Рахмонов: “Халқ манфаатлари йўлида халқ номидан иш тутамиз”
Сайлов жараёнининг бошланишидан шуни айтиш мумкинки, бу йилги бешта партия ўртасида кескин курашлар орқали ўтадиган сайловлар партиямизга жуда катта масъулият юклайди.
Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида партия экспертлари, партия фаоллари ва фахрийлари, кенг жамоатчилик вакилларининг таклиф мулоҳазалари асосида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг узоқни кўзлаган Сиёсий дастури ва яқин беш йилга мўлжалланган Сайловолди дастури ишлаб чиқилди ва улар юқоридан пастга ва пастдан юқорига қараб ўрганилди, муҳокама қилинди.
Ҳар иккала муҳим ҳужжат муҳокамаларида 12 мингга яқин партиядошларимиз иштирок этиб, ўзларининг мингдан ортиқ фикр-мулоҳазалари билан қатнашди.
Кучли давлат бошқарувидан адолатли фуқаролик жамиятига босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи дастурий мақсадларимиз кучли, эркин ва адолатли Ўзбекистон ва унинг келажаги учун хизмат қилишга, халқ учун, халқ манфаатлари йўлида, халқ номидан иш тутишга йўналтирилган.
Унда “Умумфаравон давлат”нинг яратилишида партиянинг ўрни беқиёс бўлишига, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга асосий эътибор қаратилган.
Биз ноёб маҳалла институтининг такомиллашишга ёрдам берамиз, уни аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг кучли ва ҳақиқий марказига айлантирамиз.
Меҳнатга ҳақ тўлаш билан фуқароларнинг яшаш минимуми харажатлари ўртасидаги тавофутларни кескин қисқартириш, энг кам иш ҳақи, пенсия ва энг зарур “истеъмол савати”нинг ўзаро мутаносиблигига эришиш учун курашамиз. Бу мақсадда “Яшаш минимуми”, “истеъмол савати” тушунчаларини белгилаш ва ҳозирги кун талабига мос келувчи миқдорда қабул қиламиз.
Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тизими ҳам талаб даражасида йўлга қўямиз. Электр энергия билан таъминлаш, табиий газ етказиб бериш, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, чиқиндиларни олиб кетиш каби масалаларнинг ечимини топамиз.
Бугунги кунда расмий ва норасмий ёлланма меҳнат авжига чиққан. Биз бу борадаги қонунчиликни такомиллаштирамиз ва норасмий ишлатиш учун жавобгарликни оширамиз.
Тинчликсевар ва халқпарвар ташқи сиёсат юритиш тарафдоримиз ва ўзаро манфаатли келишувларни қўллаб қувватлаймиз.
Сиёсий партиянинг асосий вазифаларидан бири давлат ва жамият ривожи учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ғоялар, йўналишлар, тамойилларни кўтариб чиқиш ва уни амалга ошириш йўлларини белгилашдан иборатдир.
Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг қурултой муҳокамасига киритиладиган дастурларии ҳар томонлама пишиқ ва пухта бўлиши, унда партия аъзолари, бошланғич партия ташкилотлари, депутатлик корпуси, фаоллар, экспертлар, энг асосийси, халқимиз фикри асосида такомилига етказилиши лозим.
Бизнинг экспертларимиз албатта, уни маромига етказиб, делегатлар ҳукмига ҳавола қилади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, биз бор кучимиз, билим ва тажрибамиз, салоҳиятимиз билан сайловларда муносиб иштирок этишимиз ва энг муҳими биринчи ўринни эгаллашимиз зарур. Ўшанда биз олдимизга қўйган барча мақсадларга эришамиз.

Фикрингизни қолдиринг