Янгиликлар 923
Абу Ҳафс Кабир Бухорий ким бўлган?
Тошкент шаҳрида Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишида кенгашга аъзо 57 мамлакатдан вазирлар ва расмий шахслар, шунингдек, мамлакатимиз вазирликлари ва идоралари мутасаддилари, ишбилармон доира вакиллари қатнашди. Таъкидлаш жоизки, ушбу саммит пандемия бошланганидан буён халқаро миқёсда тўғридан-тўғри ўтказилган биринчи йирик тадбир ҳисобланади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев меҳмонларни қутлаб, мамлакатимизнинг мазкур банк билан ҳамкорлиги, истиқболдаги муҳим масалалар ҳақида нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон замини асрлар давомида ислом оламининг буюк ва ноёб маданияти, илм-фани ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти марказларидан бири бўлганини таъкидлади.
— Асрлар давомида Ўзбекистон замини мусулмон оламининг буюк ва ноёб маданияти, илм-фани ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг марказларидан бири бўлганидан сизлар албатта хабардорсиз. Қадимий Ўзбекистон, яъни Мовароуннаҳр диёри ислом дунёсининг юксак маданияти ва цивилизацияси ривожига унутилмас ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар юртидир. Бухоролик буюк уламо — Имом Аҳмад ибн Ҳафс Кабир Бухорий ва унинг бутун дунёга танилган шогирдлари, Имом ал-Бухорий ва Имом Термизий асарларининг ислом фалсафаси илмий-назарий асосларини яратишдаги аҳамияти беқиёсдир, — деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз тилга олган Абу Ҳафс Кабир Бухорий ким бўлган?
Унинг тўлиқ исми шарифи — Аҳмад ибн Ҳафс ибн Забурқон ибн Абдуллоҳ ал-Кабир ал-Бухорий. 768 йили Бухорода туғилиб, 832 йили вафот этган. У ўз юртида эгаллаши мумкин бўлган барча илмларни пухта ўзлаштиргач, Бағдод сари йўл олади. У ерда Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Муҳаммаддан ҳанафийлик мазҳаби фиқҳини ўзлаштиргач, яна ўз юртига қайтиб келади. Шу боис, у ҳанафийлик таълимотини биринчи бўлиб Мовароуннаҳрга олиб келган шахс сифатида маълум ва машҳурдир.
Абу Ҳафс Кабир Бухорий нафақат Бухоро, балки Мовароуннаҳр фиқҳ мактабига асос солди. Абу Ҳафс Кабир Бухорий Бухорода илмий ва диний билимлар ривожига катта ҳисса қўшган мадрасага асос солади. Бу мадраса ўз замонасида машҳур ўқув даргоҳларидан саналган. Тарихчи Ҳерман Вамбери “Тарихи Бухоро”, ас-Садатий “Тарих ад-дувал” асарларида Имом Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг мадрасаси ислом оламининг турли ўлкаларидаги олимлар ва талабалар орзу қилган энг яхши билим маскани бўлганини таъкидлаган.
Буюк муҳаддис, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий бу алломанинг шогирди бўлган. Бухоронинг аксар олимлари Абу Ҳафсдан таҳсил олган. Имом Бухорий ёшлигида Абу Ҳафс Кабир ҳузурида таълим олган.
Имом Бухорийни ҳадисларнинг саҳиҳини тўплашга ундаган аллома ҳам Абу Ҳафс Кабирдир. Абу Ҳафс Кабирнинг устозларидан бири — Абу Ҳасан Нурий саҳиҳ ҳадисларни тўплашга киришган, лекин охирига етказа олмаган. Шундан сўнг устозининг васияти билан Абу Ҳафс Кабир ҳам саҳиҳ ҳадисларни жамлайди, лекин аллома Бухорога келган даврда фиқҳга кўпроқ эътибор беради. Ниятига етмагани сабабли қобилиятли шогирди Имом Бухорийга шу ишни охирига етказишни буюради.
Манбаларда қайд этилишича, Абу Ҳафс Кабир Бухорий Имом Бухорийга дарс бериб, унинг ҳадис ўрганишга муҳаббатини билгач, шогирдини дуо қилиб, “Келажакда бу кишидан улуғ муҳаддис чиқади!” деб каромат этган.
Абу Ҳафс Кабирнинг шуҳрати Бухорога, қолаверса, бутун ислом оламига тарқалди. Олимлар унинг илми фазлини баҳолаб, Абу Ҳафс Кабирни “Муаллими ислом”, яъни “Ислом динининг муаллими”, унинг шарофати билан Бухорони “Қуббат ул-ислом” (Ислом динининг гумбази) ва олим яшайдиган маҳалла дарвозасини “Ҳақроҳ” (Ҳақйўл) деб атаган.
(Абу Ҳафс Кабир мақбараси)
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси ислом таълимотига асосланган бир неча маданиятлар синтези ва Ўзбекистон халқининг ислом давридаги янги ишланмаларидан таркиб топган ҳодиса сифатида ислом тамаддунининг ўзига хос шаклини — инсонпарварлик, тинчликпарварлик, тараққийпарварлик, маърифатпарварлик, диний ва этник бағрикенглик хусусиятларини ўзида мужассам этган цивилизацияни жаҳонга тақдим этди. Ислом динининг бугунги Ўзбекистон заминида қарор топган шакли ўзининг тараққийпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари билан ажралиб тургани сабабли ушбу заминда юксак иқтисодий, маданий ва илмий тараққиёт юз берди.
Ушбу цивилизациянинг вужудга келишида Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг хизматлари беқиёс.
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти,
тарих фанлари доктори, профессор
Фикрингизни қолдиринг