"Адолат" СДП халқнинг судлар орасида "копток" бўлишига чек қўяди

04.10.2019 16:10:08

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Суд-ҳуқуқ тизимидаги бўшлиқлар ва уларни бартараф этиш чоралари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ҳамда Олий судидан вакиллар иштирок этди.

Давра суҳбатида соҳада учраётган муаммолар таҳлил қилинди, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш хусусида сўз борди.

Суд-тергов амалиёти ва қонун ҳужжатларининг таҳлили ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқот натижалари суд амалиётида қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи қатор ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатди. Ушбу соҳадаги тизимли камчиликларни бартараф этиш мақсадида 2017 йил 30 ноябрда Президентимизнинг “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган.

Тадбир иштирокчилари томонидан “Адолат” СДПнинг янги сайловолди лойиҳасининг суд-ҳуқуқ соҳасига оид йўналиши кенг муҳокама этилиб, ушбу тизимдаги ислоҳотлар натижаси таҳлил этилди. Хусусан, соҳада аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган омиллар танқидий ўрганилди.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар хусусида сўз юритганда, Ўзбекистонда ўтган қисқа давр мобайнида яхлит суд ҳокимияти тизимини шакллантириш вазифаси муваффақиятли ҳал этилганига тўхталмасликнинг иложи йўқ. Судлар ихтисослаштирилиб, аниқроқ айтганда, фуқаролик, жиноий ва хўжалик ишлари бўйича алоҳида судлар ташкил этилиб, судлар суд қарорларини ижро этиш каби ўзларига хос бўлмаган вазифалардан озод қилинди. Судьяларнинг мустақиллиги ва ҳуқуқий кафолатлари тизимининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилди. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда “судьяларнинг мустақиллиги” тушунчаси мустаҳкамланди ва янги ҳуқуқий категория — “суд ҳокимиятининг мустақиллиги” жорий этилди. Жумладан, Конституциямизнинг 106-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Ушбу ислоҳотларга қўшимча сифатида “Адолат” социал-демократик партияси экспертлари томонидан туман, шаҳар ва вилоят миқёсида фаолият юритаётган тўртта суд тизимини бирлаштириш таклиф этилмоқда. Бу туманлараро фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судларни тугатиб, ҳар бир туман ва шаҳарда ушбу тоифа ишларни кўрадиган судьяларни ихтисослаштиришни тақозо этади.

Чунки бугунги кунда судларнинг алоҳида ихтисослашуви фуқарорларнинг судларга мурожаат этиш чараёнида турли хилдаги тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Жумладан, Иқтисодий судда кўрилган бирор иш бир ойлаб ўрганилапти, якунда эса, ушбу суд иши фуқаролик судларига тегишли эканлиги билдирилиб фуқаролик судига муржаат қилиши лозимлиги таъкидланмоқда. Бу жараён эса, нафақат фуқаролар сарсонгарчилигига балки судларнинг ҳам вақтини йўқотиши ва иқтисодий харажатларга олиб келмоқда. Шунингдек, бугунги кунда энг кўп суд ишлари фуқаролик судларида кўрилмоқда. Аммо айнан Фуқаролик судлари бугунги кунда 2-3 та туманга биттадан ташкил этилган.

 “Адолат” СДП ҳудудларда фаолият кўрсатаётган судларни бирлаштириш орқали фуқароларнинг сарсонгарчилигини бартараф этиш, судларнинг ўзига талуқли суд ишини кўришини таъминлаш орқали иш унумдорлигини ошириш каби мақсадлар илгари сурилмоқда.

Тадбир давомида соҳа ходимлари томонидан мазкур ташаббусларни амалиётга жорий қилиш борасида бир қатор таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+