Янгиликлар 1056
“Адолат” - 26 ёшда
1995 йил 18 февралда пойтахтимизда илк бор бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг таъсис Қурултойида Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, республикада демократияни ривожлантириш, ҳуқуқий давлат қуриш жараёнларини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда сиёсий партия тузиш юзасидан қарор қабул қилинди.
Аҳамиятлиси, “Адолат” номини олган ушбу янги партия ўша вақтда нафақат мамлакатимизда, балки бутун Марказий Осиёда ягона социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия бўлди. Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий майдонга чиққан илк кунларданоқ ижтимоий адолат ғояси тамойилини илгари суриб, мамлакатда амалга оширилаётган барча ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларда фаол иштирок этиб келаётганини, аҳолининг турли ижтимоий қатламлари манфаатларини ифодаловчи жипслашган куч сифатида ўзини кўрсата олганини таъкидлаб ўтмоқ керак. Сиёсий майдонга ижтимоий адолат ғояси билан кириб келиб, мамлакатимиздаги барча ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларда фаол иштирок этиб келаётган “Адолат” СДП ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилувчи жипслашган куч сифатида олдинга интилиб бормоқда.
Партия ҳар доим ҳуқуқий демократик давлат, кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ижтимоий-иқтисодий барқарор турмуш тарзини шакллантириш каби долзарб жараёнларда ўз ролини кучайтиришни мақсад қилиб қўйган.
Таъсис этилган йили 3400 кишини ташкил этган бўлса, хозирда партиямиз аъзолари сони 500 минг нафарга яқин.
"Адолат" СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг