“Адолат”чи аёллар ғамҳўрликдан миннатдор

10.03.2022 16:03:04

Бу йилги 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни ҳар қачонгидан кўтаринки руҳда ва юқори савияда нишонланди. Байрамдан бир ҳафта илгари Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 7 мартда Халқаро конгресс марказида ташкил этилган тадбир ҳам кенг жамоатчиликда катта таассурот қолдирди. Тантанада иштирок этган давлатимиз раҳбари аёлларни самимий табриклаб, уларга юксак эҳтиромини билдирди. Бир гуруҳ опа-сингилларимизга фахрий унвон, орден ва медаллар тақдим этилди,  Зулфия номидаги Давлат мукофотига муносиб топилганлар ҳам тақдирландилар.

Ҳамма жойда бўлгани каби мен ишлайдиган “Адолат” СДП вилоят Кенгашида ҳам Халқаро хотин-қизлар куни муносиб нишонланди. Бир пиёла чой устида шинам тадбир ташкил этилди. Унда сўзга чиққанлар юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш бўйича жуда кўп ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидладилар. Бу, халқимизнинг азалий қадриятларига ва анъаналарига тўла мос келади. Қадимдан буюк аждодларимиз -  саркарда ва сиёсатчилар, олиму фузалолар, шоир ва санъаткорлар  ёнида ҳамиша оқила, жасур ва фидойи момоларимиз бўлишган. Уларнинг   юксак ақл-заковати, теран фикр ва мулоҳазалари, Ватан равнақи ҳақида қандай қайғурганликлари тилларда достон бўлган.

Ҳозирги даврда ҳам хотин-қизларимиз мамлакат тараққиёти йўлида, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқдалар. Улар айниқса, таълим, тиббиёт каби бир қатор соҳаларда етакчи куч ҳисобланади. Шу билан бирга юқорида тилга олинган видеоселектор йиғилишида ҳозиргача аёллар салмоғи кам жабҳалар борлиги қайд этилди. Ана шулардан бири давлат бошқаруви тизимидир.  Президентимиз бу ҳақда сўзлаганда, айтган гаплари ёдимда қолди.

“Аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилган жойларда тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият юқори бўлиши ҳеч кимга сир эмас, - деди у. - Шу боис, ҳар бир вазирлик, давлат компанияси, банк ва бошқа идоралар бир-икки йил ичида ўз тизимидаги аёлларни раҳбарликка ўқитиб, камида 1 нафар ўринбосарини ҳам аёллардан қўяди”.

Бундан буён олий ўқув юртлари, тиббиёт марказларида ҳам худди шундай ёндашув бўлади. Солиқ, молия, банк, суғурта, иқтисодиёт идораларида аёллар улушини камида 30 фоизга етказиш лозим. Давлат бошқаруви академиясида раҳбар аёлларни тайёрлаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади ва ҳар йили камида 100 нафар аёллар ўқитилади.

Шундай экан, биз аёллар ҳам кўрсатилаётган ғамхўрликларга амалий жавоб беришимиз даркор. Давлат ёки жамоатчилик ишидами, оиладами, фарзанд тарбиясидами, ҳамма соҳада намуна бўлишимиз талаб этилади. Бунинг учун эса ўз билимим ва малакамизни ошириб боришимиз, ўқиб-ўрганишимиз зарур. Биз мана шу фикрларни партиядошларимиз ва кенг халқ оммаси орасида изчил тарғиб қилишни режалаштирдик.

                                                                           Дилшода ТУРҒУНОВА,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши бош мутахассиси.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+