Янгиликлар 3189
“Адолат”чилар “Мингтерак”да тадбир ўтказди
Дилором Зоҳидова – тажрибали педагог, узоқ йиллар халқ таълими соҳасида меҳнат қилган. Жамоатчилик ишларида мунтазам қатнашиб келади. У “Адолат” СДПнинг фаол аъзоларидан. Шу йил май ойида ўтказилган сайловда Наманган шаҳридаги “Мингтерак” маҳалласи аҳолиси унга катта ишонч билдирди. Д. Зоҳидова МФЙ раислигига сайланди. Айни пайтда у мана шу масъулиятли лавозимда ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бу ерда маънавий-маърифий тадбирларни кенг миқёсда ўтказишга ҳам алоҳтда эътибор берилмоқда.
Яқинда маҳаллага партиямизнинг вилоят ва Наманган шаҳар кенгашлари фаоллари ташриф буюрдилар. Ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олға сурилган ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббус ҳақида батафсил фикр юритилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши бош мутахассиси Ёрқиной Ҳожиматова, партиянинг шахар Кенгаши раиси Ойлархон Охунова, “Мингтерак” МФЙ раиси Дилором Зоҳидова ва бошқалар давлатимиз раҳбари берган тавсиялар асосида ёшларни жисмонан чиниқтириш, спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилишлари учун шарт-шароит яратиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, хусусан китобхонликни кенг тарғиб қилишнинг алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар. Бу борада мамлакатнинг турли минтақаларида, шу жумладан, вилоятда амалга оширилаётган ишлардан мисоллар келтирилди. Партиядошларимиз мазкур маҳалла ҳудудида жойлашган 68-умумтаълим мактаби кутубхонасига 50 дан ортиқ турли мавзудаги адабиётларни ҳам совға қилдилар.
Маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг бир неча тури бўйича ташкил этилган мусобақа ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Биринчидан, ёш авлод вакиллари ўртасида жисмоний тарбия машғулотлари, соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилишга эътибор кучлилиги маълум бўлди. Иккинчидан, маҳалла ёшлари орасидан умидли спортчилар етишиб чиқаётгани кўзга ташланди.
Масалан, Маҳлиё Собировани олайлик. У бир неча дугоналари билан биргаликда болалар-ўсмирлар спорт мактабидаги бадиий гимнастика секциясида шуғулланади. Улар намойиш этган кўргазмали чиқишлар ҳаммага манзур бўлди. Ўн бир ёшли Юнусбой Юсупов эса шахматчилар мусобақасининг ғолиби деб тан олинди. Сакккиз ёшди Акбар Абдукаримовга эса шашкачилар ўртасида ҳеч ким тенг кела олмади.
Дилором Зоҳидова, “Мингтерак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
– Бугунги тадбир фуқароларимиз хотирасида узоқ сақланиб қолса ажаб эмас. Чунки у кўпчиликка маъқул тушди. Бу, иштирокчиларнинг юз-кўзидан ҳам билиниб турди. Яна бир эътиборли жиҳати – аҳоли ўртасида “Адолат” СДП ғоялари ҳам кенг тарғиб қилинди. Қизиқувчиларга партиянинг сайловолди дастури, Устави, бошқа қатор сиёсий адабиётлар тарқатилди. Тез орада сафларимизга янги аъзоларни қабул қилиб, маҳалла қошида бошланғич ташкилот тузишни режалаштирдик.
Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли
Фикрингизни қолдиринг