Янгиликлар 3599
Адолат истасангиз, сафимизга қўшилинг!
Бугун сиёсий майдонда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ўрни қандай? Жамиятимиз ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштироки қониқарлими? Партия ташкил топганининг 25 йиллиги муносабати билан “Биз доим бир сафдамиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирда айни шу саволларга жавоб топилди.
Бундан 25 йил аввал сиёсий майдонга янги куч сифатида кириб келган “адолатчилар” ўзларининг халқчил ғоялари билан қисқа вақтда жамоатчилик эътиборини тортди. Вилоят партия кенгашига дастлаб Ҳамиджон Нўъмонов етакчи сифатида танланди. Ана шу йилларда партиянинг танилувчанлиги, аъзолар сонини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Фуқаролар орасига чуқур кириб борилгани ва ОАВлар орқали мунтазам чиқишлар ўз самарасини берди.
Эътиборлиси, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва қонун устуворлиги йўлида қатор ташаббуслар билан чиқилди. Натижада адолат ва ҳақиқатни қўллаб-қувватловчилар сафга қўшилди. Бугунги кунга келиб уларнинг сони вилоятимизда 18 минг нафардан ортди.
Кейинги йилларда бошқа соҳалар қатори сиёсий партиялар тизимида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жамиятимиздаги ривожланиш, қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартишлар барчамиздан янада фаоллик, ташаббускорликни талаб қиляпти. “Адолатчилар” ҳам бунга “лаббай!”, дея жавоб беряпти.
Партия имиджини шакллантиришнинг асосий омилларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш. Айни шу мақсадда адолат учун курашиш, қонунбузилиш ва жиноятчиликларни олдини олиш билан электорат ишончини мустаҳкамлаш асосий вазифага айланган.
-Бизнинг кучимиз, сиёсий майдондаги ўрнимиз, албатта, амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштирокимиз ва сафимизни кенгайиб бораётгани билан баҳоланади,-дейди вилоят кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов. - Истиқболли лойиҳаларимиз кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Биргина “Адолат–қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида 2019 йилда 663 маротаба аҳоли билан мулоқотлар ўтказилди. Фуқаролардан келиб тушган 911 та мурожаатларнинг аксарияти ечимини топди. Уларни ҳал этиш мақсадида 182 та депутатлик сўрови чиқарилди.
Ушбу лойиҳа доирасида турли сабаблар билан хорижий давлатларга чиқиб кетган, тайинли машғулотга эга бўлмаган ёшлар ва уларнинг яқинлари билан мулоқотлар ўрнатилди. Натижада 244 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. Бу ёшлар сиёсати билан борасида бугунги кун талабига бизнинг жавобимиз.
Жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётган “Медиа олам: тенденциялар ва истиқболлар” лойиҳасидан кўзланган мақсад ОАВлар фаолиятини тартибга солишга йўналтирилган қонунчиликни таҳлилий-танқидий ўрганган ҳолда уларнинг мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, фаолиятини кенгайтириш бўйича қонунларни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш. Айни вақтда ОАВнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш олдимизда турган долзарб вазифалардан. Қолаверса, ислоҳотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, масс-медианинг жамият ва давлат ўртасидаги боғловчи бўғин сифатида фаолият кўрсатишидаги ролини янада ошириш.
Андижон шаҳрида “Адолат йўлида курашамиз!” мавзусида ташкил этилган давра суҳбати Жалақудуқ туманидаги спорт мусобақалари, Қўрғонтепа туманидаги ихтирочи ёшлар кўргазмасига уланди. Асосий тадбир Хонобод шаҳрида бўлиб ўтди. Унда партиянинг тарихи, чорак асрлик йўли ва истиқболдаги режалари театрлаштирилган ҳолда ифодаланди. Маҳаллий кенгаш депутатларининг иш фаолияти билан танишилди.
-Мақсадимиз — мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ислоҳотларнинг жадаллашувига, ҳуқуқий демократик, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш ва Ўзбекистонни жаҳонда ривожланган мамлакатлар сафидан мустаҳкам ўрин олишига муносиб ҳисса қўшиш,-дейди халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Иброҳимжон Митиллаев,-Бу йўлда биз олдинги сафда боришимиз зарур. Чунки сайловчилар бизни мана шу партия орқали таниди, ишонч билдирди.
Тадбир иштирокчилари “Куч — адолатда!”, “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони”, “Адолат — ҳар бир инсон учун!” шиорлари остида қонун олдида барча фуқароларнинг тенглиги учун курашиш йўлида янада фаоллик кўрсатишга келишиб олдилар.
Акбаржон НАЗАРОВ,
“Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг