«Адолат» менга ўз фикримни дадил баён этишни ўргатди

02.07.2024 15:07:07

Бугун мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар ҳар биримизни она халқимизга муносиб фарзанд, Ватанга садоқатли инсон бўлиб камол топишимизга замин яратмоқда. 30 июнь кунининг давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ёшлар куни деб эълон қилиниши, ҳар йили июнь ойида «Ёшлар ойлиги» доирасида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ютуқларини оммалаштиришга қаратилган тадбирларнинг ташкил этилишида ҳам улуғвор мақсадлар ётади. Эътибор биз, ёшларни янги мақсадлар сари етакловчи кучдир.

Ана шу имкониятлардан баҳраманд бўлган ҳолда кўплаб ютуқларга эришдим. Масалан, «Сиз конституцияни биласизми?», «Балли қизлар», «Заковат» каби кўплаб кўрик-танлов ва лойиҳаларда фаол иштирок этиб, вилоят ва республика босқичларида фахрли ўринларга сазовор бўлдим.

Келгусидаги мақсадим – етук ҳуқуқшунос бўлиш. Қонун устуворлигини таъминлаш, адолат байроғини баланд тутган ҳолда халқимизнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга бор куч ва билимимни сарф этиш. Шу боис ҳам Ўзбекистон «Адолат» социал -демократик партияси сафига киришга қарор қилдим.

Партия сафида турли кўрик-танловлар, маънавий-мафкуравий учрашувларда, халқ билан кечадиган юзма-юз мулоқотларда иштирок этиб, ижтимоий- сиёсий билимларим ошиб бораётганидан беҳад хурсандман. Энг муҳими, менда нутқ маданияти янада ривожланди. Баҳс-мунозараларда дадил ўз фикримни билдира олишга эриша олдим.

Партия сафидаги ҳаётим янги ютуқларни қўлга киритишим учун муҳим омил бўлмоқда. Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган «Ҳуқуқ тарғиботчиси» танловида фаол иштирок этиб, фахрли ўринга сазовор бўлдим. Ўтган йили «Ўзбекистон — ижтимоий давлат!» мавзусида ёзган мақолам сиёсатчилар томонидан муносиб баҳоланди. Шу йили Тошкент давлат юридик университетида ўтказилган «Ёш ҳуқуқшунослар» форумида илмий мақолам билан иштирок этиб, нутқ сўзладим. Эришаётган ютуқларим салмоғи кўп. Албатта, бу борада Фарғона вилояти юридик техникумидаги «Давлат ва ҳуқуқ назарияси» фани ўқитувчиси Одинахон Усмоновадан чексиз миннатдорман.

Изланишларим давомида шуни англаб етдимки, давлатимизда қонун устуворилигига тўла қонли эришиш учун, энг аввало, халқимизнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам устозим, «Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, Журналистлар уюшмаси аъзоси ва блогер Бунёд Аҳмадалиев билан янги лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз. Ҳуқуқий блогерлик фаолиятини ҳам ҳамоҳанг олиб бориш ҳаракатидаман.

Биз, ёшлар янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида юрт раҳбари атрофида жипслашиб, қўлни қўлга бериб, юртимизнинг ёрқин тараққиётини яратиш йўлида ҳаракат қилаверамиз. Фурсатдан фойдаланиб, барча Ўзбекистон ёшларини 30 июнь – Ёшлар куни билан табриклайман. Ҳар биримизга омад ҳамиша ёр бўлишини тилайман!

 

Қизлархон АБДУБАННОЕВА,

«Адолат» СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

«Ёш адолатчилар» қаноти фаоли,

Бунёд АҲМАДАЛИЕВ тасвири 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+