“Адолат”нинг ғоя ва мақсадлари – барчамиз учун!

13.11.2019 11:11:05

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Олмалиқ шаҳар Кимёгарлар маданият саройи майдонида “Биз адолат тарафдоримиз!” шиори остида  митинг ўтказилди.  

Тадбирда кенг жамоатчилик, туман ва  партия фаоллари, хайрихоҳлари, депутатлари, номзодлар, ҳудудга таниқли санъаткорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Самимий руҳда ўтказилган тадбир аввалида партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши раиси Умид Шоумаров  сўзга чиқиб, “Адолат” партияси, унинг асосий ғоя ва мақсадлари, олиб бораётган ишлари ҳақида гапириб берди.

У.Шоумаров жамиятда ижтимоий тенглик ва адолатни қарор топтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, таълим ва тиббиётни янада чуқур ислоҳ этишда, оилалар учун муносиб турмуш шароитларини яратишда партия томонидан илгари сурилаётган мақсад, вазифаларнинг ҳаётий ва долзарб аҳамияти ҳақида маъруза қилди.

 Шунингдек, ҳозирда мамлакатимиз катта сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турганини, бу жараёнга “Адолат” партияси ҳам жиддий тайёргарлик кўраётганини таъкидлаб, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланган устувор мақсадларини таъсирчан услубда, ҳаётий мисоллар воситасида тушунтириб берди. Коррупцияга барҳам бериш, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бепул бўлишига эришишда партия олдида турган вазифаларга урғу берилди.

Тадбирда сўзга чиққан партия фаоллари барчани мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг нафақат иштирокчиси, балки фаол ташаббускори, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш давр талаби экани ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Таъкидланганидек, кучли давлат бошқарувидан адолатли фуқаролик жамиятига босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи дастурий мақсадларимиз  кучли, эркин ва адолатли Ўзбекистон ва унинг келажаги учун хизмат қилишга,  халқ учун, халқ манфаатлари йўлида, халқ номидан иш тутишга йўналтирилган.

- Олмалиқ шаҳар Саноат темир йўл транспорт бошқармасида ишчи бўлиб ишлайман - дейди митинг иштирокчиси Рустам Қаххаров. – Партиянинг сайловолди дастури билан яқиндан танишиб чиқдим. Унда илгари сурилган  ҳаётбахш ғоялар, хусусан олий таълимда чинакам истеъдодлиларни жамлаш, фақат билим ва қобилиятни рағбатлантириш мақсадида мавжуд квоталарни бекор қилиш, соғлиқни сақлаш муассасаларида “ақлли тиббиёт” ғоясини изчил амалга ошириш, дори-дармонлар сифатини назорат қилиш каби устувор масалалар  менда катта таассурот қолдирди.

Тадбир давомида “Адолат” партияси  томонидан илгари сурилган долзарб лойиҳалар, ғоялар йиғилганлар томонидан қўллаб қувватланди.

Жонли мулоқот тарзидаги интерактив ўйинлар, совринли викториналар билан ўтказилган мазкур тадбир барчага манзур бўлди.

Учрашув сўнгида партия фаоллари ва хайрихоҳларига эсдалик совғалари топширилди.

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+