“Адолат” номи билан сиёсий майдондамиз

16.08.2024 09:08:35

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов билан суҳбат

-Тараққиёт ва ривожланиш йўлидан бораётган янги Ўзбекистонда бугун барча соҳаларда чуқур демократик ўзгаришлар амалга ошириляпти. Амалдаги қонунчилик асосида жамиятимизда кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Шу маънода партия етакчиси сифатида сиёсий партиялар фаолиятига қандай баҳо берасиз?

-Чиндан ҳам кейинги йилларда ҳаётимиз янгиликларга бой бўлмоқда. Ҳеч бир соҳа йўқки бугун кечагидан олдинга қадам босмаган бўлса. Бу сиёсий партиялар фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади”.

Айтиш лозимки, сиёсий партияларнинг ўз ғоя ва дастурларини амалга ошириши, мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиши учун барча қонуний асослар яратилган. Асосий вазифа-жамиятимиз ривожига қаратилган тўғри йўлни танлай билиш ва жамоатчилик билан ҳамнафас ҳолда муаммолар ечимига йўл топишдан иборат. Шу ўринда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг  сайловдан сайловга қадар бўлган даврдаги фаолиятига назар ташласак, сайловолди дастуримизда энг долзарб вазифалар белгилангани ва унинг ижроси жамиятимиз ривожига хизмат қилаётганига гувоҳ бўламиз. Биз “адолатчилар” томонидан илгари сурилаётган ғоялар, партия лойиҳалари асосида амалга оширилаётган ишлар кўпчиликда қизиқиш уйғотиш баробарида қўллаб-қувватланмоқда.

Аҳоли саломатлиги ҳамма вақт долзарб вазифа. Партиямиз томонидан айни шу масалага алоҳида эътибор қаратилганининг ўзи фикримиз тасдиғидир. Бугун андижонлик “адолатчилар”нинг асосий қисмини тиббиёт ходимлари ташкил этади. 60 дан ортиқ тиббиёт муассасаларида бошланғич партия ташкилотлари фаолият юритмоқда. Бу ўз ўзидан жамоатчилик билан ишлашда енгиллик туғдирмоқда. Фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва энг асосийси касалликларни барвақт аниқлаш доимий эътиборимизда. Андижон давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ва бўлғуси шифокорлар “Соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида маҳаллаларга кириб бормоқда.. 2020-2024 йиллар давомида вилоятда шифокор-сафдошларимиз томонидан 2761 маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди. Ундан иштирок этган 53870 нафар фуқаролар орасида 13472 касаллик аниқланиб, соғломлаштириш ишлари олиб борилди. “Ёш адолатчилар”дан иборат волонтёрлар томонидан олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборли. Издошларимиз тарғибот тадбирлари билан бир қаторда соғлом ҳаётга бошловчи ташаббуслар билан аҳоли орасига кириб бормоқда.

-Андижонда аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ечимини топишда ўзига хос мактаб яратилган. Айни шу мақсадга қаратилган  партиянинг  “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборли. Бунга қандай эришилмоқда?

-Фуқаролар билан ишлаш ва уларнинг ишончини қозонишнинг энг ишончли йўли доимий ҳамкорлик. Аниқроқ қилиб айтганда, жамоатчилик орасига кириб бориб ҳамнафас яшашлик. Шу сабаб фуқаролар қабули ва уларнинг мурожаатлари билан чекланмай жойларга чиқиб боряпмиз. Қачонки фуқаро олдимизга келишини кутиб ўтирмаймиз. Ҳафтанинг чоршанба кунлари лойиҳа  доирасида партия фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Охирги беш йил давомида  4840  маротаба  маҳаллаларга кириб бориб,  фуқаролар  билан суҳбатлашилди. 3000 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларда бўлинди.  

Жисмоний ва юридик шахсларнинг 2562 та мурожаатлари юзасидан халқ вакиллари томонидан 1098 та депутатлик сўровлари юборилди.  876 та мурожаат ижобий ечимини топди. 133 та муаммолар бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Бу асосан соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, бандлик ва коммунал хизмат соҳалари билан боғлиқ. Партиянинг бу каби лойиҳаларидан кўзланган мақсад амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиш. Қолаверса, адолатли жамият ғоясини илгари суриш.

-Сизнингча, сиёсий партиялар ўртасидаги фарқ нимада? Фуқаролар  партияга аъзо бўлишликда нималарга эътибор қаратишлари лозим? 

-Аввало сиёсий партия тушунчасига тўхталсак. Сиёсий партиялар  фуқароларнинг энг фаол, дунёқараши, мақсади, фикрлари муштарак бўлган муайян қисмини ўз сафида бирлаштирган ва умумхалқ манфаатлари йўлида сиёсий ҳокимият учун курашадиган сиёсий ташкилот демакдир.  Албатта ҳар бир партия ўз мақсад ва ғоялари билан бир биридан фарқ қилади. Бироқ мақсадларимиз муштарак, бизни бирлаштирадиган ягона куч-мустақил Ўзбекистонимиз, унинг буюк келажагидир.  Тўғри, жойи келганда ижобий маънодаги курашлар бўлади. Масалан, парламент ва маҳаллий вакиллик органларига бўладиган сайловлар даврида ҳар бир партия ўз номзодларини кўпроқ илгари суришга ҳаракат қилади. Чунки Олий Мажлис палаталари ва  маҳаллий кенгашларда кимнинг вакиллари кўп бўлса ўрни ҳам мустаҳкам бўлади.

Фуқароларнинг қайси партияга аъзо бўлишлигига келсак бу уларнинг ўз танлови. Бунинг учун мавжуд партиялар фаолияти билан яқиндан танишиш лозим. Шунга қараб ўзига маъқул бўлган партияни танлайдилар. Шу ўринда бугун ўз атрофида кўп сонли аъзоларни бирлаштирган “Адолат” СДПнинг Андижон вилояти кенгаши ҳаётига назар ташласак бундан беш йил аввал аъзоларимиз сони 19 минг 249 нафарни ташкил этган бўлса, бугун  65 минг 450 нафарга етди. Шу даврда 117 та янги бошланғич партия ташкилотлари ташкил этилди. Бундан кўриниб турибди вилоятда бизни қўллаб-қувватловчилар ва бир сафда бориш истагидагилар сони ошиб бормоқда.   

-Сайловлар сиёсий партиялар ҳаётида катта ўрин эгаллайди. Улар учун ўзига хос синов ҳам демакдир. Шу маънода бугун андижонлик “адолатчилар” жорий йилда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнига қандай кириб келмоқда?

-Тўғри айтасиз. Сайловлар сиёсий партиялар учун катта сиёсий мактаб демакдир. Депутатликка номзодлар сиёсий партиялар томонидан илгари сурилишининг ўзи катта масъулият. Бунинг учун албатта етарли тажриба ва кўпчиликнинг ишончи зарур. Бизнинг энг катта ютуғимиз сиёсий майдонга ҳамма вақт “Адолат” номи билан кириб келишимиз. Бу номни эшитганда сайловчиларда беихтиёр бир туйғу уйғониши ва қизиқиш билан қараши шубҳасиз. Аслида бизнинг бош мақсадимиз ҳам қонун устуворлиги, жамиятда адолат ўрнатишдан иборат.

Гувоҳи бўлиб турибмиз, бу йилги сайловлар янада масъулиятли. Биринчи маротаба аралаш тизимда ўтказилиши барчамиздан янада фаолликни талаб қилмоқда. Жараённинг дастлабки босқичи бўлган имзо йиғиш тадбирларида фуқаролар партиямизга эътиборсиз эмаслиги, қўллаб-қувватлашлари бизга куч берди. Айни кунларда жамоатчилик орасига янада чуқурроқ кириб бориш ҳаракатидамиз. Албатта, сайловлар олдидан ҳар бир сиёсий партия ўзининг сайловолди дастури, сиёсий платформасини ишлаб чиқади, янги-янги ғояларни ўртага ташлайди. Бу борада йил бошидан буён ишлаяпмиз. Биз танлаган номзодлар бугунги кун билан ҳамнафас, жамиятимиз ривожи ва халқ хизматига камарбаста инсонлар. Улар орасида фаол хотин-қизлар ва ёшларнинг вакиллари кўпчиликни ташкил этади. Бу бўлажак халқ вакиллари шиддаткор давр билан баробар қадам ташлашга қодир эканлигини кўрсатади. 

Такрор айтиш лозимки, сайловлар сиёсий партиялардан янада фаоллашувни талаб этмоқда. Биз жамоатчиликда ўзимиз ҳақимизда ижобий фикр уйғотишимиз, ишончини оширишимиз лозим. Токи сайлов куни иккиланишсиз партиямиз ва биз кўрсатган номзодлар учун овоз берсин!

-Сиёсий жараёнда ижобий натижага эришишнинг асосий омили нимада? Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

-Албатта республикамиз ҳаётида катта воқеликка айланадиган сайловларда кутилган натижага эришишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун биринчи навбатда партияни қўллаб-қувватловчи электорати, хайрихоҳлари бўлиши шарт. Буларсиз қисқа вақтда кўп овоз олиш қийин. Яна бир муҳим омил жамоатчилик орасига кириб боришда ОАВлар билан самарали ишлаш. Хоҳ телевидение бўлсин, хоҳ радио  ёки ижтимоий тармоқ ҳаммасида чиқишларни кўпайтириш мақсадга мувофиқдир. Барча турдаги аудиторияларга кириб боришда ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланишни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Аҳолининг асосий қисми интернетдан кенг фойдаланмоқда. Вилоятда ҳамкорликда ишловчи ОАВ гуруҳини шакллантирдик. Жараённинг ҳар бир босқичи улар орқали халқимизга етказиб борилади. Бундан кўзланган мақсад  фаолиятимиздан жамоатчиликни хабардор қилиш, тарафдорларимиз сонини ошириш ва сафимизга янги аъзоларни жалб қилиш.

-Суҳбатингиз учун раҳмат!

 

 

Акбаржон НАЗАРОВ суҳбатлашди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+