Адолат опа Тошкентга боради

30.08.2021 16:08:12

 

Яқинда Наманган шаҳридаги  82-умумтаълим мактабининг томошалар зали гавжум масканга айланди, мусиқа ва қўшиқ садолари янграб турди. Бу ерда “Адолат” СДП ташаббуси билан ташкил этилган  “Адолатли қайнона” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Мазкур кўрик-танловда партиянинг вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари ходимлари, депутатлар, “Аёллар қаноти”  аъзолари,  фаоллар ҳамда жамоатчилик вакиллари  иштирок этишди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, оилани мустаҳкамлаш, фаол аёлларни қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор берилаётганлигини қайд этдилар. “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида ҳам мазкур йўналишга доир қатор вазифалар белгиланган. Кейинги йилларда партиямиз ташаббуси билан ўтказилаётган қатор кўрик-танловлар, жумладан, “Адолатли қайнона” тобора оммалашиб бораётгани диққатга сазовордир.

 – Айниқса, бу йилги тадбир Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг жойлардаги бўлинмалари билан ҳамкорликда ташкил этилгани  унинг нуфузини янада оширди, - дейди “Аёллар қаноти” вилоят кенгашининг етакчиси Гулчеҳра Нишонова. – Биринчи навбатда иштирокчиларнинг сафи кенгайди. Иккинчидан, маҳалла фуқаролар йиғинларининг тавсиясига асосан қатнашчиларни танлаш амалиёти қўлланди. Қолаверса, намунали оилалар ва ибратли қайноналарнинг тажрибасини кўпроқ оммалаштириш имконияти юзага келди.

Кўрик-танловнинг вилоят босқичида шаҳар ва туманларда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар ўзаро баҳс олиб бордилар. Уларнинг чиқишларини нуфузли ҳайъат аъзолари баҳолаб бордилар. Албатта, ғолибни аниқлаш осон кечмади. Чунки ҳамма пухта тайёргарлик билан келгани биринчи шартни бажариш чоғидаёқ аниқ бўлди. Айнан мана шу пайтдан бошлаб Наманган шаҳри вакили Адолат Абдуллаева пешқадамликни қўлга олди. У бошқа шартларни ҳам юқори даражада бажарди ва барчанинг олқишларига сазовор бўлди. Пировардида Адолат опа кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолиби деб топилди. Иккинчи ва учинчи ўринларни эса косонсойлик Хайринисо Холбоева ва тўрақўрғонлик Лобар Рустамова эгалладилар. Ғолиб ва совриндорларга фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

 – Адолат опа шаҳар миқёсидаги баҳсларда ҳам юқори натижага эришганди, - дейди Наманган шаҳар партия кенгашининг раиси Мирзараҳмат Олимов. – У бугунги кунда ўзи яшайдиган “Обод” маҳалласида энг фаол аёллардан саналади. Жамоатчилик ишларида бажонидил қатнашади. Айниқса, ўзи бошқараётган яраштириш комиссиясининг фаолияти ибратли. Оилада олти нафар фарзандни турмуш ўртоғи билан биргаликда вояга етказган. Келин-куёвларнинг ҳаммаси тинч ва фаровон турмуш кечирмоқда. Бу жиҳатдан унинг оиласи кўпчиликка ўрнак. Энди опамиз кўрик-танловнинг республика босқичида қатнашиш учун тайёргарликни бошлаб юбордилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+