«Адолат» партияси Конституцияга «Ёшлар боби»ни киритишни таклиф қилди

22.07.2022 19:07:13

Конституция – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолатидир. Шунинг учун ҳам айни даврда мамлакатимизда юз бераётган конституциявий ислоҳотларда юртдошларимиз фаол иштирок этмоқда. Ушбу жараёнларда айнан ёшларимизнинг ташаббускорлик кўрсатаётганликлари қувонарли ҳолатдир.

Бугун ҳам Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати мажлислар залида «Ўзбекистон Республикаси конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари» мавзусида онлайн конференция бўлиб ўтди.

Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда ёшларнинг фаоллигини янада ошириш, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ёшлардан таклифлар олишни мақсад қилган ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари, Олий Мажлис Сенати ҳамда қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзолари, партиянинг «Ёш адолатчилар қаноти» Республика ва ҳудудий Кенгашлари раислари ва аъзолари, Ўзбекистон Ёшлар Форуми Тошкент шаҳар элчилари, партиянинг фаол ёшлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Раҳмонов Абдукамол Шодиевич очиб, замон талаблари асосида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётган Конституция Ўзбекистонда мамлакатни узоқ муддатли ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиши, давлат бошқаруви тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларнинг юртимиз тараққиётига дахлдор қатор таклифларига бой бўлган тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси бошлиғи Саидова Гулнисо Рустамовна томонидан Конституциявий ислоҳотлар келажак авлод бахту саодати учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиши лозимлиги борасида маъруза тингланди.

Қолаверса, тадбирда иштирок этган партия тизимидаги фаол ёшларнинг ташаббусларига асосан Конституцияда “Ёшлар” деб номланган янги бобни киритиш ва унда ёшлар Ўзбекистоннинг энг катта ва бебаҳо бойлиги эканлиги, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, ёшлар учун давлат томонидан яратиб берилаётган кафолатлар тизимини белгилаш таклиф этилди. Аҳолисининг қарийб 57 фоизини ёшлар ташкил этадиган Янги Ўзбекистоннинг Асосий қонунида ёшларга аталган муҳим масалаларнинг белгиланиши долзарб аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шунингдек тадбир давомида сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партиянинг «Ёш адолатчилар» қаноти Республика Кенгаши раиси Валиев Муҳаммаджон Шералиевич «Конституцион ислоҳотларда ёшларнинг ўрни» борасида қилган маърузасида, ёшларни давлат ва жамият ривожи йўлида тутган ўрни борасида тўхталиб, ёшларимизни юртимизда кечаётган мазкур тарихий-сиёсий жараёнларда янада фаол иштирок этишга чақирди.

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар Парламенти раиси Беҳзод Тўхтамуродов «Конституциявий ислоҳотлар – давр талаби» борасида қилган маъруза орқали, бизнинг Бош Қомусимиз давлатимиз дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторидан жой олиш борасида олиб бораётган сайи ҳаракатларимизга монанд бўлиши ниҳоятда муҳим омиллардан бири саналиши борасида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Шунингдек, гибрид тарзда (бир вақтнинг ўзида онлайн ва офлайн) ташкил этилган мазкур тадбирда мамлакатимизнинг турли гўшаларидан ZOOM платформаси орқали иштирок этаётган партиянинг ташаббускор ёшлари айни даврда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, хусусан, Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегиясига ўтиш жараёнлари, Бош қомусимизни «инсон – жамият – давлат» тамойили асосида такомиллаштиришнинг ҳаётий зарурати ва аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+