«Адолат» қабулхонаси»га қилинган мурожаат ҳал этилди

26.06.2024 08:06:22

Бугун «Адолат қабулхонаси» халқнинг ишончли масканига айланаётгани сир эмас. «Адолат» СДП Қибрай тумани кенгаши томонидан ташкил этилган «Адолат қабулхонаси»га Салор шаҳарчаси, Мирзо Улуғбек маҳалласи ҳудудида фаолият олиб борувчи «Яланғоч» оилавий поликлиникасининг уч нафар кичик тиббий ходимларидан мурожаат келиб тушди.

Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати, «Адолат» СДП Қибрай тумани кенгаши аъзоси Дониёр Юсупов аризачиларнинг иш жойига чиқиб, мурожаатларни атрофлича ўрганди. Маълум бўлишича, Тошкент вилояти мазкур тиббиёт муассасаси ходимлари З.Ибрагимова, Н.Хайдарова ва Ш.Касимоваларнинг 2024 йилнинг май ойи учун ойлик маошлари кесиб ташланган. Уларнинг иш юкламалари камайтирилмаган, энг қизиғи штатларнинг қисқариши бўйича ҳеч қандай ҳужжат йўқ.

Депутат масалани атрофлича ўрганиб, Қибрай туман адлия бўлимига мурожаат қилди. Туман адлия бўлими бошлиғи муаммони ўрганиб, мазкур ҳолат бўйича туман тиббиёт бирлашмаси иқтисодиёт ва режалаштириш бошқармаси бош иқтисодчиси Н.Сидиқова, кадрлар бўлими инспектори А.Сидиқова, ҳисоб-китоб бўлими ҳисобчиси Г.Ҳолиқова, туман иқтисод ва молия бўлими бош мутахассиси А.Болиқуловларнинг тушунтириш хатларида ҳақиқатан ҳам штатлар жадвалида ҳеч қандай ўзгаришлар вужудга келмаганлиги, ходимларнинг иш ҳақлари қайта ҳисобланиб, ходимларга тўлаб берилишини маълум қилди.

Депутат Дониёр Юсупов мазкур масаланинг ечимини партиянинг маҳаллий Кенгашдаги депутатлик гуруҳи томонидан ўз назоратига олди.

Хулоса қилиб айтганда, «Адолат» қабулхоналари фуқаролар, сайловчилар ва партия электорати билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишда, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ижобий ечим топишда янги имконият эшикларини очмоқда.

 

«Адолат» СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+