“Адолат” СДП фракциясида қонун лойиҳалари кўриб чиқилди

02.03.2021 15:03:02

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция тарзидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Депутатлар йиғилиш давомида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, тиббиёт, транспорт, суд-ҳуқуқ соҳаларига оид қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди.

photo_2021-03-02_17-18-47

Йиғилишда дастлаб, депутатлар томонидан мамлакатимиз нуфузи ва инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган “Расмий статистика тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

photo_2021-03-02_17-39-18

Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа билан миллий статистика тизими халқаро стандартларга мос равишда тартибга солинади, расмий статистикани ишлаб чиқарувчиларнинг маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатиш фаолиятларида халқаро тамойилларга таяниш бўйича вазифалари белгиланади. Шунингдек, лойиҳада расмий статист маълумотларнинг маъмурий маълумотлардан фарқи, расмий статистикани ишлаб чиқарувчилар тоифалари ва уларнинг профессионал мустақиллиги ҳамда Давлат статистика қўмитасини асосий ишлаб чиқарувчи ва тизимни мувофиқлаштирувчи органи сифатида белгилаб қўйилмоқда.

Айниқса, статистик маълумотларни йиғиш ва маъмурий маълумотларни олиш тартиблари аниқ белгилаш орқали фойдаланувчиларнинг барча тоифаларига халқаро тамойилларга асосланган ҳолда, сифатли расмий статистикани етказиб берилиши учун қонуний асос яратилмоқда.

photo_2021-03-02_17-19-18

Депутатлар томонидан айтиб ўтилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда фракция томонидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан қатор таклифлар билдирилган. Уларнинг аксарияти лойиҳадан ўз аксини топганлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, қонун лойиҳаси 41 та моддадан иборат бўлгани ва унда 17 та асосий тушунча келтирилганлигини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик техникаси қоидалари асосида асосий тушунчаларни моддаларда акс эттириш таклифи илгари сурилган эди. Таклифдан келиб чиқиб расмий статистика, респондент, фойдаланувчи тушунчалари ўзлари қатнашаётган моддаларга аниқ қилиб сингдирилди.

_MG_4656

Шунингдек, лойиҳада статистика органлари ва бошқа расмий статистикани ишлаб чиқувчиларнинг фақатгина ҳуқуқлари ёритиб берилганлиги уларнинг вазифаларига оид нормалар киритилмаганлиги эътирозларга сабаб бўлган эди. Фракция депутатлари таклифига кўра лойиҳада статистика органлари ва бошқа расмий статистикани ишлаб чиқувчиларнинг вазифаларини ҳам батафсил тарзда акс этирилди.

Шу билан бирга йиғилишда лойиҳани янада такомиллаштиришда депутатлар томонидан тегишли тартибда таҳририй, қонунчилик техникаси талабларига оид бир қатор ўзгаришлар ҳам киритиш лозимлиги таклифи илгари сурилди.

 

_MG_4629

Фракция йиғилишида шунингдек, “Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар лойиҳанинг соҳадаги фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишнинг умумий тавсифи ва ҳолатини баҳолашга алоҳида эътибор қаратишди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалигида кооперация соҳасидаги масалаларни тартибга солиш бўйича муайян даражада ҳуқуқий-меъёрий хужжатлар шакллантирилди. Хусасан, бугунги кунда қишлоқ хўжалигида кооперация масалалари 10га яқин қонун хужжатлари билан тартибга солиниб келинмоқда. Қишлоқ хўжалигида кооперацияни ривожлантириш масалаларини тартибга солувчи нормалар турли қонунчилик ҳужжатларида белгиланганлиги, уларни амалиётга қўллашда маълум қийинчиликларни келтириб чиқараётгани мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга асос бўлмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини тартибга солувчи нормаларни ягона ҳужжатда унификация қилишга ва тизимлаштиришга, ушбу соҳадаги муносабатларни комплекс ҳуқуқий тартибга солишга ҳамда қонун ҳужжатларидаги зиддиятлар ва бўшлиқлар бартараф этилишига эришилади. Шунингдек, лойиҳа қишлоқ хўжалиги кооперативи аграр секторда тадбиркорлик фаолияти, шу жумладан, ишлаб чиқарувчидан якуний истеъмолчигача бўлган тизимни такомиллаштириш учун асос ҳисобланади.

Айниқса, бугунги кунда етакчи агрокооперативлар маҳсулотни тўғридан-тўғри экспортга етказиб беришни амалга оширмоқдалар. Агар савдо компаниялари “ўйинида” ўзларининг тартиб-қоидаларини илгари сураётганини ҳисобга олсак, бу борада адолат тамойилларини амалда тадбиқ этиш, барчага тенг шароит яратишда муҳим омил ҳисобланади.

Йиғилишда депутатлар айтиб ўтганидек, ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашда илғор хорижий давлатлар тажрибасига таяниш мақсадга мувофиқ. Таъкидлаш ўринлики, мазкур соҳада хорижий давлатларнинг кўпчилигида ушбу муносабатлар алоҳида қонун билан тартибга солинган. Хусусан, Россия Федерациясида
1995 йил, Украинада 1997 йилда алоҳида қонун қабул қилинган.

Аксарият хорижий давлатларда бугунги кунда қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш шартлари, ривожланиш шакллари ва турлари батафсил регламентга солинганлиги қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисидаги махсус қонунларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобланади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, депутатлар томонидан лойиҳани такомиллаштиришда хорижий ва миллий қонунчиликни янада чуқурроқ таҳлил қилиш, лойиҳадан мавжуд ҳаволаки нормаларни бартараф этиш, қонун лойиҳасини амалиёт билан уйғунлаштиришда миллий ҳуқуқий нормаларимизга таяниш ва ушбу соҳадаги барча нормаларни ягона қонун ҳужжатида қатъий белгилаш чораларини кўриш таклифи илгари сурилди.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ҳамда улар концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+