“АДОЛАТ” СДП: ИЖРО ҲОКИМИЯТИДА РАҲБАР АЁЛЛАР СОНИНИ КЎПАЙТИРИШ КЕРАК

16.09.2024 14:09:53

Давлат бошқаруви тизимида гендер тенглигини таъминлаш, айниқса, ижро ҳокимиятида аёлларни раҳбарликка кенг жалб этиш кейинги йилларда долзарб масалага айланди.

Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоиз, олий таълимда 40 фоиз, тадбиркорликда 35 фоизга етди.

Жамиятда аёлларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш уларнинг қарор қабул қилиш жараёнида фаол иштирокини таъминлашни тақозо этади. Бундай мақсадларга эришиш учун “Адолат” социал-демократик партияси ижро ҳокимиятида раҳбарларнинг камида 30 фоизи аёллар бўлишига оид қоида киритилишини таклиф этмоқда.

Бу ташаббус, биринчи навбатда, аёлларнинг интеллектуал салоҳиятидан самарали фойдаланиш мақсадида таклиф этилмоқда. Айниқса, ижро ҳокимиятида аёлларнинг ролини кучайтириш орқали жамиятда ижтимоий тенгликни таъминлашга эришиш мумкин. Қолаверса, тадқиқотлар аёллар раҳбарлик қилган ташкилотлар юқори самарадорликка эга эканлигини кўрсатади. Уларнинг интуитив ҳисси ва масалага масъулият билан ёндашуви муҳим қарорларни қабул қилишда катта аҳамиятга эга.

Аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенгликка эришиш нафақат адолат, балки ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг ҳам зарур шартидир.

Хориж тажрибасига назар ташласак, дунё мамлакатларида аёлларнинг раҳбарлик ролини мустаҳкамлаш учун амалга оширилган ислоҳотлар талайгина эканлигини кўришимиз мумкин. Масалан, Швеция, Норвегия каби мамлакатларда ҳам 30 фоиз ёки ундан кўпроқ аёллар юқори раҳбарлик лавозимларини эгаллайди. Бу мамлакатлар аёлларнинг раҳбарликдаги иштироки орқали иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга эришган.

Партиямиз томонидан илгари сурилаётган ижро ҳокимияти тизимида раҳбарлик лавозимларида аёллар сонини камида 30 фоизга етказиш ҳақидаги қоидани киритиш таклифи жамиятда гендер тенгликни ва ижтимоий адолатни таъминлаш, аёлларнинг давлат бошқарувидаги роли ва иштирокини оширишга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+