Янгиликлар 1361
“Адолат” СДП меҳнат ярмаркасида бўш иш ўринларини тақдим этди
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 2020/2021 ўқув йили битирувчилари учун “Ёшлар – Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси" номли бўш иш ўринлари ярмаркасига Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳам таклиф этилди.
Академияга кириб келишимиз билан бизнинг партияда малакавий амалиёт ўтаган битирувчилар қучоқ очиб кутиб олиши, ўзаро ҳурмат кўрсатиши, мазкур таълим даргоҳида партиямиз нуфузи қанчалар юқорилиги яққол кўриниб турар эди.
Ярмаркадаги битирувчиларнинг аксарияти “Адолат” социал-демократик партияси Марказий аппаратидаги бўш иш ўринлари, айниқса, партиянинг фаолияти билан қизиққани мени қувонтирди.
Битирувчиларга партия Марказий аппаратидаги мавжуд бўш иш ўринлари (бир нафардан бош мутахассис, етакчи мутахассис) ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Натижада, партияда ишлаш иштиёқи бор 16 нафар битирувчи ўзлари ҳақидаги маълумотлар, анкета (резюме) топширишди.
Шу ўринда Академия битирувчилари учун партиянинг тарғибот-ташвиқот воситалари ҳам тарқатилди.
Мулоқот давомида битирувчи-ёшларга партия Марказий аппарат масъул ходими томонидан меҳнат қонунчилиги, партиядаги бўш иш ўринлари, партияга аъзо бўлиш тартиби ва бошқа шу каби масалаларда тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон халқаро ислом академияси масъуллари томонидан таълим даргоҳидаги 2-3 босқич талабалари учун ҳам тез кунларда меҳнат ярмаркаси ташкил қилиниши, унда, партия ҳам мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этиши мумкинлиги бўйича фикр алмашилди.
Илхом ДЖУРАЕВ,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати сектор мудири
Фикрингизни қолдиринг