Янгиликлар 354
"Адолат" СДП номзодлари учун семинар-тренинг: сиёсий жараёнга тайёргарликнинг муҳим босқичи
Яқинлашиб келаётган 2024 йил 27 октябрь куни ўтказиладиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайловлари олдидан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши Нурафшон шаҳрида жойлашган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нурафшон филиалида номзодлар учун махсус семинар-тренинг ташкил этди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлигига номзодлар иштирок этишди.
Семинарнинг асосий мақсади сайлов жараёнига пухта тайёргарлик кўриш, номзодларнинг сайловолди кампанияларини самарали ташкил этишлари учун зарур кўникмаларни ошириш ва уларни сиёсий жараённинг турли босқичлари билан таништиришдан иборат эди.
Семинарнинг очилиш маросимида Тошкент вилояти Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова партиянинг сайловолди дастурида белгиланган мақсадлар, номзодлар олдига қўйилган семинарнинг вазифалари ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. У партиянинг сайловолди дастури мазмуни, унинг аҳамияти ва номзодлардан кутилаётган натижалар ҳақида тўлиқ тушунтириш берди. Ҳар бир номзод ҳудуддаги мавжуд муаммоларни чуқур ўрганган ҳолда, уларга ечим таклифлари асосида ўз сайловолди дастурини шакллантириши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, партиянинг Нурафшон шаҳар Кенгаши депутати Жўра Аҳмедқулов “Адолат” партиясининг сайловолди дастури ва ундаги асосий ғоялар ҳақида маъруза қилди. У партия дастурида илгари сурилган устувор йўналишлар асосида номзодларнинг ўз сайловолди режаларини тузишлари ва ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишлари зарурлигини таъкидлади. Сайлов жараёнида ошкоралик, қонунийлик ва адолат тамойилларига амал қилиш партиянинг устувор мақсадларидан бири эканини қайд этди.
Семинар доирасида журналист Ўзбекистон телерадиокомпанияси “Ёшлар” телеканали “Давр” муҳарририяти сиёсий шарҳловчиси Дониёр Юсупов номзодлар учун ОАВ билан ишлаш усуллари ҳақида батафсил маълумот берди. У ташвиқот кампаниясида оммавий ахборот воситалари билан самарали алоқада бўлиш, жамоатчилик олдида чиқиш қилишдаги муҳим жиҳатлар, интервьюлар ва баҳс-мунозараларда иштирок этишдаги тажрибаларини ўртоқлашди. Шунингдек, сайловолди ташвиқоти давомида йўл қўйилиши мумкин бўлган камчиликлар ва уларнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳам тушунтиришлар берилди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Иброҳимжон Холматов ўз маърузасида “Сайловолди ташвиқоти даврида йўл қўйиладиган асосий камчиликлар. Сайлов тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик” мавзусида сўз юритди. У сайловолди ташвиқоти шакллари ва усуллари бўйича кенг тушунча берди ва номзодларнинг ўз кампанияларини қонунчилик талабларига мос равишда олиб бориш зарурлигини қайд этди.
Семинар давомида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олиб, баҳс-мунозаралар ўтказишди. Бу тадбир номзодларнинг ташвиқот жараёнига тайёргарлигини янада оширишга, уларни сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга тайёрлашга қаратилган муҳим босқич бўлди.
Семинар-тренингнинг бош мақсади – ҳар бир номзоднинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларни тарғибот кампанияларини самарали ўтказишга тайёрлаш, ҳудуддаги муаммоларни аниқлаш ва уларга аниқ ечимлар топиш йўлидаги ишларни самарали ташкил этишдан иборат бўлди. Партия раҳбарлари ва мутахассисларининг маслаҳатлари номзодларга ўз кампанияларини тўғри бошқариш ва сиёсий жараёнларда аниқ мақсад билан ҳаракат қилиш бўйича мустаҳкам асос яратди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг