Янгиликлар 3163
“Адолат” СДП: қонун барча учун баробар
“Адолат” социал-демократик партияси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабовнинг мажлис жараёнида иштирокчиларни ҳақорат қилгани инсон шаъни, қадр-қиммати, дахлсизлиги каби конституциявий ҳуқуқларнинг қўпол равишда бузилиши, мансабдор шахс томонидан қонунларни очиқ ойдин менсимаслик деб ҳисоблайди.
Охирги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат бошқарувидаги очиқлик сиёсати фуқароларимизда ҳамда халқаро ҳамжамият олдида ислоҳотларга бўлган ишончни ошишига хизмат қилмоқда. Аммо айрим мансабдор шахсларнинг айнан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш билан боғлиқ хато ва камчиликларга йўл қўйиши давлатимизнинг халқаро имиджига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилган, маҳалла институтининг аниқ ўрни ва вазифалари белгилаб берилган бир вақтда унинг ходимларига нисбатан бундай муносабатда бўлиш ислоҳотларга бўлган тўсиқдир. Бундан ташқари ушбу ҳолат ҳокимнинг мамлакатимиздаги сиёсий ўзгаришларга бўлган бепарволигини ҳам намоён қили, лавозимга лойиқлик даражасини ҳам кўрсатиб берди.
Шунингдек, ҳокимнинг оғзидан янграган сўзлар жамиятимизда маҳалла раисларининг обрўси тушишига ҳамда инсонларнинг давлат бошқарувига бўлган ишончини йўқолишига сабаб бўлади. Инсон ҳуқуқлари устувор бўлган жамиятда бундай ҳолатни ҳеч қандай важлар билан оқлаб бўлмайди.
Кейинги вақтда амалдорлар томонидан такрор-такрор содир этилаётган бу каби ҳолатларда айримлар ўзини қонундан ҳам устун деб билмоқда, ўз ходимларини, халқни оёқ ости қилмоқда. Бунга эса мансабдор шахсларнинг қонун олдида етарли тарзда жавоб бермаслиги сабаб бўлмоқда. Яъни улар якунда узр сўраш ёки ярашиш билан қутилиб қолишмоқда.
Шу боисдан “Адолат” СДП ушбу ҳолатни одоб-ахлоқ комиссияси йиғилишини ўтказиш билан чекланадиган ҳолат эмас деб ҳисоблайди. Биз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан бу ҳолатга оддий ҳақоратлаш эмас, мансабдор шахснинг хизмат ваколати доирасидан четга чиқиш, мансабни суистемол қилиш ва фуқаролар ҳақ-ҳуқуқини бузиш деб баҳоланишини ҳамда қонунчилигимизда белгиланган чора кўрилишини сўраймиз.
Миришкор туман сайловчилари ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари маҳаллий кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида”ги қонунига биноан туман ҳокимининг халқ депутатлари туман кенгаши депутати эканлигини ҳисобга олиб депутатликдан чақириб олиш ташаббуси билан чиқишини, халқ вакили сифатида бугунги ислоҳотлардан хабардор бўлган ҳақиқий халқ вакилини сайлашини сўраб қоламиз.
Бундан ташқари бу каби ҳолатларнинг ижтимоий таъсир доираси ва хавфлилик даражасини инобатга олган ҳолда ушбу масалада амалдорларга нисбатан қонунчиликдаги чораларни кучайтириш лозим деб ҳисоблаймиз.
“Адолат” СДП
Фикрингизни қолдиринг