Янгиликлар 2745
“Адолат” СДП сайловнинг дастлабки натижалари бўйича брифинг ўтказди
Ассалому алайкум,
Ҳурматли Брифинг иштирокчилари, азиз меҳмонлар!
Бугун сизлар билан яна бир тарихий воқеликнинг бевосита иштирокчиси ва гувоҳи бўлиб турибмиз. Юртдошларимиз вакиллик органларига депутатларни сайлашдек муҳим сиёсий тадбирда фаол иштирок этиб, ўз конституцион ҳуқуқларини амалга оширдилар.
Бу йилги сайловлар очиқлик, ошкоралик руҳида ўтганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бундан ташқари ушбу сайловлар барчанинг диққат марказида бўлди. Барча фуқароларимиз сайловлар, партиялар ҳақида ўз фикрларини билдиришди. Бу халқимизда мазкур жараёнларга даҳлдорлик ҳисси ортганини билдиради.
Сайловларда аҳолимизнинг 67,8% фоиз иштирокини ҳам шу очиқлик натижаси деб биламан. Яъни, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари, блогерларнинг фаол иштироки туфайли кўп жойларда оилавий овоз беришларнинг ҳамда нореал рақамлар ҳақида маълумот берилишининг олди олинди.

“Адолат” социал-демократик партияси томонидан ўтган 90 кунлик катта ҳажмдаги тадбирлар амалга оширилди.
Бу йилги сайловларинг энг аҳамиятли жиҳатларидан бири бу партия сайловолди дастурини халқ билан очиқ мулоқотлар шаклида ўтказилган акциялар орқали Республикамизнинг барча олис ҳудудларидаги аҳолимизга етказилганлигида бўлди. Партия бу йил сайловолди дастурини марказда маълум бир экспертлар гуруҳи билан шакллантиришдан қочиб, аҳолимиз билан ўтказилган юзма-юз мулоқотларда улар томонидан билдириган таклифлардан келиб чиқиб шакллантирди. Биз бу муаммоларнинг тўлақонли ечимларига сайловолди дастуримизда қамраб олдик. Шу боисдан ўтган 90 кун мобайнида партияга аҳолимиз томонидан йўлланаётган мурожаатлар сони қарийб 10 бараварга ортди. Бу ҳам партиянинг сайловолди дастурининг халқчиллиги ва халқимиз биз илгари сураётган ғоялар ва уларнинг ечимига ишонаётганлигидан далолатдир.
Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 150 сайлов округининг 128 тасида депутатлар сайланди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 21 нафар номзод Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланишга эришилди.
Ҳудудлар миқёсида оладиган бўлсак, Тошкент шаҳридан 3 та, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Фарғона вилоятларида 2 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм вилоятларида 1 тадан, номзодларимиз депутатликка сайланди.
Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 22 округларда номзодларнинг биронтаси ҳам етарли миқдорда овоз ололмаганлиги сабабли мазкур округлардан депутат сайланмади.
Аввало, бу халқимизни фикри, иродаси. Албатта, биз бундан кўпроғига ҳаракат қилган эдик. Демак, биз қаердадир номзодларимизни етрали даражада халққа танита олмадик.
Кўпчиликнинг дилини хира қилувчи турли қонун бузилиш ҳолатлари ҳам очиқлик, ошкоралик сабаб юзага чиқди. Афсуски, бу каби ҳолатлар участка сайлов комиссиялари аъзоларининг етарли даражада тайёргарликдан ўтмагани, айрим ўринларда эса партия кузатувчиларининг нофаоллиги натижасида юзага келди.
Ҳозирда Прокуратура органлари томонидан сайлов жараёнида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган сайловга оид қонун бузилиши ҳолатлари ҳақида эълон қилинган маълумот ва хабарлар узлуксиз равишда ўрганилмоқда.
Партиямиз мазкур ҳолатлар юзасидан Прокуратура органларининг текшириш натижаларини кенг оммага маълум қилишини сўраб қолади.
Бундан ташқари, Самарқанд вилоят Пайариқ туманида партиямизнинг туман кенгаши депутатлигига номзоди томонидан ижро оранларининг аралашуви билан эълон қилинган номзодлар рўйхатидан тушиб қолгани тўғрисида судга мурожаат қилинди.
Пайариқ туман суди томонидан 16 декабрь куни аризачининг даъвосини қаноатлантириш бўйича туман сайлов комиссиясига қарор юборилади. 18 декабрда вилоят суди ҳам туман судининг қарорини ўз кучида қолдиради. Афсуски, туман сайлов комиссияси мазкур икки суднинг қарорининг ижросини таъминламасдан келяпти. Бу жараён ҳам партиямиз томонидан назоратга олинган.
Умид қиламизки, якунда адолат қарор топади.
Шундай бўлишига қарамай сайловларга партиямиз, ўтган вақт давомида бирорта партиядан ҳеч жабҳада қолишмади, аксинча айрим ўринлардан қолганлардан илғорлигини намоён этди. Шунинг учун фурсатдан фойдаланиб барча жамоамизга, биз билан ҳамкорлик қилган оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари, блогерлар, номзодларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Биз курашни тўхтатиш ниятиммиз йўқ. Қайта сайловда ҳам депутатларимиз сонини ошириш учун охиригача курашамиз.
Натижалар қандай бўлишидан қатъи назар, сайловолди дастурида илгари сурилган халқимизни қийнаётган муаммоларни ечишга ҳаракат қиламиз, сайловлар арафасида берилган ваъдаларни бажарамиз. Чунки, гувоҳи бўлганингиздек, халқимиз кенг жамоатчилик партиямизни, ғояларимизни юрак-юракдан қўллаб-қувватлаб турганини ҳис этдик. Энди эса навбат бу ишончни оқлашга. Аминманки, сизлар билан бошлаган ҳамкорлигимизни давом эттирган ҳолда ғояларимизни ҳаётга татбиқ этамиз.
Яна бир бор "Адолат" учун курашган халқимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Соғ-саломат бўлинглар!

Фикрингизни қолдиринг