Янгиликлар 1809
“Адолат” СДП “Сардоба сари саховат карвони” хайрия акциясини эълон қилади
Халқимиз учун 2020 йил синовли йил бўлди. Аввалига пандемия, кейин Бухоро вилоятидаги кучли шамол ва ёмғир етказган талофатлар. Энди эса куни кеча рўй берган Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори воқеаси. Давлатимиз раҳбари бошчилигида мазкур ҳолатлардан асоратларсиз чиқиш борасида барча чора-тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП амалга оширилган сайъи-ҳаракатлар натижасида ҳодиса оқибатида қурбонлар бўлмаганини эътироф этади ва аҳоли соғлиғи, хавфсизлигини таъминлаш учун ҳаракат қилаётган барча тузилмаларга ўз миннатдорчилигини билдиради.
Шу билан бирга ушбу жараёнларда фаол фуқароларимиз томонидан кўрсатиладиган ҳар қандай ёрдамнинг аҳамияти бугун жуда юқори. Чунки бунга эҳтиёжмандлар айни пайтда ҳар қачонгидан бисёр.
Шу мақсадда “Адолат” СДП томонидан “Сардоба сари саховат карвони” хайрия акцияси ташкил этилмоқда. Энг оғир дамларда Сирдарё аҳолисини қўллаб-қувватлашни кўзда тутган акцияда “Адолат” СДП сафидаги 500 мингдан ортиқ фаоллар, 1000 га яқин депутатлар, кўнгилли юртдошларимиз ҳамда барча турдаги мулкчилик ташкилотлари иштирок этиши мумкин. Хайриялар талофат кўрган туманлари аҳолисини моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, зарурий уй-рўзғор буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга кўмаклашиш учун ишлатилади.
Бошига иш тушган юртдошларимизга мадад беришни ўзининг инсонийлик бурчи деб билган фуқароларимизга қулайлик туғдириш учун хайрия йиғимлари икки хил кўринишда амалга оширилади. Биринчи қисми банк ҳисоб рақами ва пластик картага пул маблағларини ўтказиш орқали. Иккинчи қисми кимлардир ўз хонадонларидаги ортиқча рўзғор буюмлари ва кийим-кечакларни топшириш. Шунингдек, кўнгилли тадбиркорлар озиқ-овқат кўринишидаги хайрияларни ҳам амалга ошириши мукин.
Йиғилган маблағларга зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари ва уй-рўзғор буюмлари харид қилиниб, Тошкент шаҳрида партия тарғибот материаллари туширилган карвон тайёрланиб, Сардоба туманини қайта қуриш учун ташкил этилган штабга етказилади.
Лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар ва шакллантирилган карвоннинг етиб бориш йўналиши партиянинг расмий веб-сайти ва бошқа ОАВларида кенг ёритиб борилади.
Банкда ҳисоб-рақам ва пластик карта очиш ишлари якунига етганидан сўнг оммавий ахборот воситаларида қўшимча тарзда ахборот берилади.
Маълумот учун телефонлар:
+99897 455 01 54
+99894 606 79 01
“Адолат” СДП
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг