“Адолат” СДП суд жараёнида прокурор ва адвокат ваколати тенглигини таъминлаш тарафдори

27.09.2019 20:09:53

Бугун Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида “Адолат” СДП сайловолди дастурининг суд-ҳуқуқ соҳаси муҳокамасига бағишланган “Суд-ҳуқуқ тизими – партия сайловолди дастуридаги устувор йўналиш” мавзусида экспертлар, фаоллар билан учрашув ўтказилди. Тадбир партиянинг ушбу йўналишдаги доимий ҳамкорлари - Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Ушбу сайловга тайёргарлик кўриш мақсадида ҳар бир партия ўзининг сайловолди дастурини ишлаб чиқади. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам сайловолди дастури лойиҳасини ишлаб чиққан ва кенг миқёсда унинг муҳокамасини ўтказиб келмоқда.

Учрашувда дастурнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид йўналиши кенг муҳокама этилиб, ушбу тизимдаги ислоҳотлар натижаси таҳлил этилди. Хусусан, соҳада аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган омиллар танқидий ўрганилди.

Мақсад мавжуд камчиликларни аниқлаш, қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, камчиликларни янги қонунлар ишлаб чиқиш орқали бартараф этиш, ҳалқимиз фаровонлигини ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилишдир.

Партия сайловолди дастурига суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларга бағишланган бир қанча таклифлар киритилган. Жумладан, Тергов қўмитаси ташкил этишни олайлик. Бу орқали тергов ишлари адолатли ва қонуний ўтказилади, инсон ҳуқуқ ва манфааталари бузилмаслигини таъминлаш, жараёнга идоравий манфаатлар аралашишини олдини олиш мақсадида прокуратура, ички ишлар ва Давлат хавфсизлик хизматидаги тергов бўлимлари бирлаштирилади.

Шунингдек, туман, шаҳар ва вилоят миқёсида фаолият юритаётган тўртта суд тизимини бирлаштириш, туманлараро фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судларни тугатиб, ҳар бир туман ва шаҳарда ушбу тоифа ишларни кўрадиган судьяларни ихтисослаштириш таклиф этилмоқда.

Партия олдида турган вазифалар қаторидан адвокатура мавқеини ошириш, суд босқичида прокурор ва адвокат ваколати тенглигини таъминлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги барча маъмурий ишлар фақат суд томонидан кўрилишини таъминлаш ўрин олган.  

Билдирилган таклифлар орасида суд мустақиллиги ҳамда суд жараёнида прокурор ва адвокат ваколати тенглигини таъминлаш борасида амалдаги қонунларда қарама-қарши ҳолатлар мавжудлиги қайд этилди. Жумладан, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда прокурорнинг суддан кўрилган ишларни талаб қилиб олиш ва чақириб олиш ваколати белгиланган. Ушбу модда, биринчидан прокурорнинг судьядан устунлигини, иккинчидан прокурор ва адвокатнинг тенглик принципи таъминланмаганини кўрсатмоқда.

Шунинг учун қонундан ушбу моддани чиқариш, прокурорнинг суддан ишларни чақириб олиб ўрганиш ваколатини бекор қилиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, амалдаги қонунларга асосан иш бўйича прокурор киритган протест суд инстанцияларида, шу жумладан назорат босқичида ҳам тўғридан-тўғри тегишли судлов ҳайъатида кўрилади. Адвокат ва иш бўйича тарафларнинг суд назорат босқичига берган аризаси аввал судья томонидан ўрганиб чиқилиб, судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақида қарор чиқарилсагина судлов ҳайъатида кўрилади, бўлмаса аризангиз асоссиз деган жавоб хати берилаверади. Натижада фуқароларнинг ҳақли эътирози юзага келади. Шунинг учун бу қоидани ўзгартириб, адвокат ва иш бўйича тарафларнинг суднинг назорат босқичига киритган аризаси бевосита тегишли судлов ҳайъатида тўғридан-тўғри кўрилиши таклиф қилинди.

Сўзга чиққанлар вилоят ва унга тенглаштирилган суд раисларининг ишларни ҳар тарафлама, тўлиқ ва асосли кўрилишини таъминлаш, иш юзасидан адолатли ва қонуний қарор қабул қилинишида масъулият ва жавобгарлигини ошириш мақсадида уларга протест киритиш ва судьяларга нисбатан интизомий иш қўзғатиш каби ваколатларни, ҳамда вилоят судларига ишларни назорат босқичида кўриш тартибини белгилаш лозимлигини таъкидлашди. Шунда кўп ишлар бўйича вилоят миқёсида адолатли қарор қабул қилиниши таъминланади.

Партия экспертлари томонидан бу каби таклифлар эътиборга олиниши таъкидланди. Сайловолди дастурда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги барча маъмурий ишлар фақат суд томонидан кўрилишини таъминлаш масаласи ҳам ўрин олиши билдирилди.

Учрашувда иштирокчилар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Партия сайловолди дастурига таклифлар билдирилди. Ҳужжатнинг айрим бандларини таҳрир қилиш лозимлиги асослаб берилди. Якунда хулосалар умумлаштирилиб, партия сайловолди дастурида акс эттирилиши белгиланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+