“Адолат” СДП ташаббуси: Ногирон аёллар жамияти билан ҳамкорлик

12.09.2024 19:09:37

Бугунги кунда Ўзбекистонда аёллар ва ногирон шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни жамиятнинг ҳар бир жабҳасида фаол иштирок этишига қаратилган чора-тадбирлар изчил давом этмоқда. Бу борада кўплаб ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилиб, аёллар ва ногирон шахслар учун тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу муносабат билан Янгийўл шаҳридаги  “Дугоналар” ногирон хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотига қарашли ўқув марказда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгашининг “Аёл доимо эъзозда” мавзусидаги тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова, партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари, партиянинг “Аёллар қаноти” Кенгаши аъзолари ҳамда “Дугоналар” ННТ вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида Гулнора Аҳмедова  аёлларнинг ҳуқуқий билимларини кучайтириш, уларнинг сиёсий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, жамиятнинг турли соҳаларида етакчилик вазифаларига эга бўлишларини қўллаб-қувватлаш бўйича партия томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди.  Аёлларнинг давлат бошқарувида фаол иштирок этиши нафақат уларнинг шахсий муваффақиятига, балки мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшади. Ҳозирги кунда ногирон шахслар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларни таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Лекин биз ҳали кўп иш қилишимиз керак. Ногирон шахслар, хусусан, ногирон аёллар жамиятнинг ажралмас қисми бўлиб, уларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирокини таъминлаш бизнинг устувор вазифаларимиз, сиёсатда аёллар етакчи роль ўйнаши, уларнинг тажриба ва билимлари орқали халқ манфаатларини ҳимоя қилиш партиямизнинг асосий мақсадларидан биридир, деди Гулнора Аҳмедова. У шунингдек, ногирон аёлларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётда тенг ҳуқуқли иштирок этишини таъминлашга қаратилган қонунчилик ислоҳотлари ва маҳаллий дастурларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

“Дугоналар” ННТ раҳбари Шаҳноза Мустафоева “Ногиронлиги бор бўлган шахслар учун яратилаётган имкониятлар” мавзусида маъруза қилди. У ўз чиқишида ногирон шахслар учун яратилган шароитлар ва уларнинг жамиятда тенг ҳуқуқли фуқаро сифатида фаолият олиб бориши учун олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда ногирон шахслар учун қўшимча имкониятлар яратиш борасида муҳим қадамлар қўйилмоқда. Хусусан, ногирон шахсларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш, турли соҳаларда ногирон шахслар учун барьерсиз муҳит яратиш каби ишлар партиянинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Тадбирда шунингдек, ногирон шахслар учун яратилаётган имкониятларни янада кенгайтириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, тиббий ва реабилитация хизматларини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди. Партия вакиллари ногирон шахслар, айниқса, ногирон аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги ташаббуслар ва дастурларни амалга ошириш бўйича режаларини баён этишди.

Тадбир якунида “Адолат” социал-демократик партиясига янги аъзоларни қабул қилиш маросими ўтказилди. “Дугоналар” ННТнинг  бир неча вакилларига партиянинг аъзолик гувоҳномалари ва эсдалик совғалари топширилди. Бу, албатта, ногирон шахсларнинг сиёсий ҳаётда ҳам фаол иштирок этишларини таъминлашга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Гувоҳномаларни топшириш маросими давомида партия раҳбарияти ногирон шахсларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларидан фойдаланишларини қўллаб-қувватлашда партиянинг фаолияти ва мақсадлари ҳақида батафсил маълумот беришди.

Ўзбекистон "Адолат" СДП
Тошкент вилояти Кенгаши
матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+