Янгиликлар 3497
“Адолат” СДП томонидан пойтахтимизда навбатдаги ўзига хос тадбир ташкил этилди
Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга қизғин тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан пойтахтимизда навбатдаги ўзига хос тадбир ташкил этилди. “Адолат” СДП навбатдаги сайловларда ёшларни ўзини асосий сайловчилари сифатида қарамоқда. Шу боис уларни қийнаётган муаммоларини ўрганиш ва ечимлари юзасидан таклифлар тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан Олмазор тумани Талабалар шаҳарчасида “Адолат-ҳар бир инсон учун” шиори остида митинг ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши фаоллари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, Аёллар ва Ёшлар қаноти аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар, маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан партия Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров барчани бирдамликка чақирди. Тадбирнинг асосий мақсади ҳам Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жамиятдаги энг ўткир муаммоларни партиянинг Сайловолди дастурида акс эттириш, дастурдаги асосий ғояларни халқ орасида кенг муҳокамасини таъминлаш эканлигини таъкидлади.
Митингда таъкидланганидек, бугунги сайловчи учун партиянинг ташаббуси ҳамда халқ овозини бирлаштирган ҳолда унинг муаммоларини ҳал этиш, қулайликлар яратилишини таъминлаш жуда муҳим ҳисобланади. Бу эса катта меҳнат ва интилишни талаб этади. Ташкил этилган намойиш жараёнида барча фуқароларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш учун имконият яратилди. Тадбир моҳиятидан келиб чиққан ҳолда таълим муассасаларидаги шартнома нархининг аҳоли даромадларига тўғри келмаслиги ва таълим муассасаларидаги қабул квоталарининг чекланганлигига очиқ-ойдин эътирозлар билдирилди.

Митингда сўзга чиққан ёшлар улар учун энг аввало, яхши кадрлар томонидан билим берилиши, етук мутахассис бўлиб етишиб чиқиши лозимлигини таъкидлашди. Бу борада ҳар бир ўқитувчи томонидан ўз касбини суистеъмол қилмаган ҳолда адолатли тарзда билим бериб боришлари лозим. Контракт масаласида ҳам талаба ёшларнинг бугунги кундаги муаммоларидан бири стипендияларнинг бир хил қилиб белгиланганлиги талабалар ўртасида мотивацияни тушириб юбораётгани қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари томонидан билдирилган бу каби фикрлар қаторидан Олий ўқув юртларида ўқув амалиёти соатларини кўпайтириш масаласи ҳам ўрин олди. Бунинг механизми сифатида талаба ҳафтада бир кунини корхона ва ташкилотда ўқув амалиётини бакалавр босқичининг 3, 4 чи курсларида қатъий ўташи белгилаб қўйилиши таклиф этилди.

Ташкил этилган викторина ўйинлари эса иштирокчиларни янада жонлантирди, уларнинг сиёсий саводхонлигини оширди.
Митинг сўнгида ташкиллаштирилган концерт дастури, ўйин-кулгуга уланиб кетган митинг барчага завқ бағишлади. Митинг халқчил ва мазмундор оҳангда ўтказилди.


"Адолат" СДП Матбуот хизмати

Фикрингизни қолдиринг