“Адолат” СДП вакиллари “Карьера куни” учрашувида фаол қатнашди

22.12.2021 15:12:28

 

Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 2021-2022-ўқув йили битирувчилари ҳамда иш берувчи вазирликлар, идоралар, турли ташкилот, корхона ва муассасалар ўртасида бевосита мулоқотини таъминлаш мақсадида “Ёшлар – Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси” шиори остида иш берувчи ташкилот вакиллари ва талабалар учрашуви ўтказилди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талабалар ҳамда иш берувчи ташкилотлар билан “Карьера куни” учрашувнинг ўтказилиши мунтазамлик касб этган.

Унда академиянинг Психология (дин социопсихологияси), Тарих (Ислом тарихи ва манбашунослиги), Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими, Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар, Информатика ва ахборот технологиялари бакалавриат битирувчилари; Тарих (Ислом цивилизацияси), Ҳадисшунослик, Халқаро муносабатлар ва замонавий сиёсий жараёнлар, Ақида, калом илми ва ақидавий таълимотлар, Туризм (зиёрат туризмини ташкил этиш ва бошқариш” каби магистратура йўналишларида битирувчи талабалар иштирок этди.

Тадбирни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг “Исломшунослик” факультети декани Зокир Рўзиев, “Мумтоз шарқ филологияси” декани Илёс Мирзиётов ҳамда “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети декани Аширали Абдирашидов сўзга чиқишди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу академияни 2021-2022 ўқув йилида 341 нафар талаба бакалаврни, 91 нафар йигит-қиз эса магистратура босқичини тамомлайди. Мазкур ўқув даргоҳи жорий йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан эълон қилинган Миллий рейтингда энг етакчи 10 та, илмий салоҳият ва ижтимоий-гуманитар соҳа ОТМлари рейтингда эса энг юқори 5 та таълим муассасаси қаторидан ўрин олди.

Битирувчиларни муносиб иш ўрни билан таъминлаш мақсадида бугунги кунда 100 дан ортиқ иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Жумладан, талабалар республикамиздаги барча таълим муассасалари, ташкилот ва идораларда амалиёт олиб боряпти.

Тадбир якунида ишга танлов юзасидан иш берувчилар қаторида “Адолат” партияси вакилларининг ҳам битирувчилар билан суҳбати ташкил этилди. Партия заҳира кадрларни шакллантиришда ушбу академия талабаларини ҳам назарда тутишини маълум қилди.

 

“Адолат” СДП

Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+