Янгиликлар 353
“Адолат” СДП жиноятдан жабрланганларга кўмаклашиш жамғармасини ташкил этиш ғоясини илгари сурмоқда
Жиноят салбий ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса сифатида давлатдаги ҳуқуқий тартибот, хавфсизлик ва барқарорликка жиддий зарар етказади.
Жиноятлар натижасида нафақат жамиятдаги қонунийлик муҳитига зарар етади, балки унинг оқибатида жабрланган шахслар руҳий, маънавий ва моддий йўқотишларга ҳам дучор бўлишади. Айниқса, жиноят қурбонлари кўпинча молиявий зарарларини қоплашда жиддий қийинчиликларга дуч келишади.
Бугунги кунда жиноят натижасида етказилган моддий зарарни қоплаш жуда оғриқли масалалардан бири ҳисобланади. Статистика маълумотларига эътибор қаратадиган бўлсак, 2022 йилнинг ўзида фақатгина коррупциявий жиноятлар натижасида шахс ва давлат манфаатларига 2 трлн 43 млрд сўм миқдорида зарар етказилган бўлса, шундан 1 трлн 123 млрд сўми (54 %) ундирилган. Барча жиноятлар мисолида оладиган бўлсак бу рақамлар янада катталашади.
Судда айбдор деб топилган шахсдан жабрланувчи фойдасига моддий зарарни ундириш жараёни одатда узоқ вақт талаб қилади, баъзи ҳолатларда эса умуман имконсиз. Бундай ҳолатларни инобатга олган ҳолда “Адолат” СДП жабрланувчига жиноят туфайли етказилган моддий зарар айбдордан ундирилгунига қадар махсус жамғармалар ҳисобидан қоплаб берилиши амалиётини жорий этиш таклифни илгари сурмоқда.
Хорижий давлатлар тажрибасига назар ташланса, бу йўналишда самарали механизмлар жорий этилганини кўриш мумкин. Масалан, Буюк Британия, Канада, АҚШ ва Австралия каби давлатларда жиноят қурбонларига моддий ҳамда психологик ёрдам бериш учун махсус фондлар ташкил этилган. Бундай фондлар давлат бюджети ва ҳомийларнинг маблағлари ҳисобига шакллантирилади.
Германия тажрибасида ҳатто жиноят қурбонларига зарар етказилганда давлат томонидан моддий ёрдам ва компенсация тақдим этишни назарда тутувчи махсус қонун (Opferentschädigungsgesetz – OEG) борлигини кўришимиз мумкин.
Республикадаги мавжуд ҳолат ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда, партиямиз томонидан таклиф этилаётган жабрланувчилар учун махсус жамғармалар орқали моддий зарарни қоплаш амалиётини жорий этиш жиноят қурбонларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида ташланган катта қадам бўлади, деб айтиш мумкин.
Фикрингизни қолдиринг